USAID Ўзбекистон мактабларига 385 минг китоб тақдим этди

3 ноябрь 2021 йил, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Наманган ва Сирдарё вилоятларининг 208 та умумтаълим мактабларига 385 минг дона дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни тақдим этди. Китоблар USAIDнинг Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг таълим натижаларини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган пилот лойиҳаси доирасида топширилди.

«Cambridge University Press» нашриёти томонидан ишлаб чиқилган 10 млн АҚШ доллари қийматидаги ушбу ўқув-методик мажмуалар 5-11-синфларда «Информатика ва ахборот технологиялари” (ИАТ) ҳамда 1-11-синфларда «Инглиз тили чет тили сифатида» фанларини ўқитишни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Жорий ўқув йилида дастлабки тажриба-синов якунлангач, китоблар ўқитувчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида қайта кўриб чиқилади ва Халқ таълими вазирлиги томонидан 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб барча мактабларга етказиб бериш учун чоп этилади. Бунинг натижасида Ўзбекистонда 6,5 миллион нафардан зиёд ўқувчилар юқори сифатли дарсликлардан, ўн минглаб ўқитувчилар эса юқори сифатли қўлланмалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

«Ўқитувчилар учун ушбу юқори сифатли қўлланмалар ва дарсликлар Ўзбекистоннинг таълим тизимига билимли ва иқтидорли ҳамда ҳаётда муваффақиятга эришишга имкон берувчи танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва амалий кўникмаларга эга бўлган битирувчиларни етиштиришга ёрдам беради, – дейди Халқ таълими вазирлигининг Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов. – Биз USAID билан ушбу пилот дастур доирасида ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз. Мазкур дастур мамлакат бўйлаб ўқув-методик мажмуаларни тарқатишга тайёргарлик кўриш жараёнида юқори сифатли материалларнинг таълим жараёнига таъсирини баҳолаш имконини беради».

USAID ўзининг «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури» доирасида янги ўқув-методик мажмуаларни Ўзбекистон контексти нуқтаи назаридан баҳолаш, кўриб чиқиш ва мослаштириш бўйича Республика таълим маркази билан яқин ҳамкорликда ишлади. USAID, шунингдек, «Инглиз тили чет тили сифатида» ва «Информатика ва ахборот технологиялари» фанларининг 1000 нафардан ортиқ ўқитувчиларига янги дарсликлар ва қўлланмалардан фойдаланиш ҳамда ўқувчига йўналтирилган таълим стратегияларидан фойдаланиш бўйича тренинглар ташкил этиб, бу йўналишда уларга яқиндан ёрдам беряпти.

# # #

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдо-сотиқни кенгайтириш, аҳоли саломатлигига бўлган жиддий таҳдидларни, жумладан COVID-19ни бартараф этиш ва аҳоли эҳтиёжларини қондиришда ҳукумат салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Қўшимча ахборот олиш учун, марҳамат https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтига киринг.