USAID ноиби ёрдамчиси ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди ва қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 2,4 миллион доллар ажратилишини эълон қилди
2022 йил 7 июнь, Тошкент, Ўзбекистон – Жорий йилнинг 23-25 ва 27-30 май кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ноибининг Осиё бюроси ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур Ўзбекистонга АҚШ ҳукумати делегацияси Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу бошчилигидаги юқори даражадаги халқаро ҳамкорлик доирасида ташриф буюрди. 30 май куни Анжали Каур Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш учун USAID томонидан янги 2,4 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.
“USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳукумат ва хусусий сектор билан ҳамкорликдаги асосий мақсади мамлакатда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимиздир. Гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бизнинг ривожланиш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон аёлларига боғдорчилик бўйича фаолият юритиш, янги корхоналар очиш ва мавжудларини кенгайтиришда ёрдам бермоқда”, – дейди Анжали Каур.
Қўшма Штатлар Ўзбекистонга тез ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишда ёрдам беришга содиқдир. Янги эълон қилинган маблағ билан USAIDнинг Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган умумий ёрдами жорий йилда 3,4 миллион долларни ташкил этади. Ушбу дастур USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси орқали амалга оширилади. Бу маблағлар Оролбўйида қишлоқ аёлларини тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш, тадбиркор аёлларни молиялаштириш, хотин-қизларнинг меҳнат бозорига киришини ошириш ва бошқа ташаббусларни амалга ошириш орқали уларнинг бандлигини кенгайтиришга йўналтирилади.
Анжали Каур ўз сафари давомида, шунингдек, COVID-19 га қарши курашда ёрдам бериш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига 1,3 миллион долларлик совуқ занжир ускунасини тақдим этди, тадбиркор аёллар учун семинарда иштирок этди ҳамда хавфсиз миграция ва одам савдосига қарши кураш дастурларини амалга оширувчи USAID ҳамкорлари билан учрашди.
Бухорода ноиб ёрдамчиси ўринбосари Каур USAID томонидан қўллаб-қувватланган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва болалар учун бошпана, шунингдек, USAID кўмагидан сўнг ўз бизнесини кенгайтириб, юқори натижаларга эриша олган бир қанча тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Ушбу лойиҳаларнинг давомли муваффақияти USAIDнинг Ўзбекистон хусусий секторини қўллаб-қувватлашининг узоқ муддатли иқтисодий самараси мисолидир.
“Маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, USAID маҳаллий етакчиларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ривожланиш кўмагини янада барқарор қилиш орқали маҳаллий ривожланишга содиқлигимизни намойиш этади”, – деди Анжали Каур.
USAID ноиби ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур Жанубий ва Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон, шунингдек, бутун Осиё минтақаси учун техник хизматлар учун масъулдир. У, шунингдек, USAID Осиё бюросининг COVID-19га қарши кураш гуруҳини бошқаради.
###
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кучайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидлар, жумладан, COVID-19ни бартараф этиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига жавоб бериш салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорлик қилади. Қўшимча маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan веб-сайтига ва Facebook саҳифасига ташриф буюринг: https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan