2021 йил 24 март, Тошкент – Бугун, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро пресс-клуб ва фуқаролик жамияти билан биргаликда Ўзбекистонда Бутунжаҳон сил касаллиги кунини нишонлади.
Сил касаллигини тугатиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг глобал мақсади бўлиб, бу ҳукуматлар, халқаро донорлар, фуқаролик жамияти ва хусусий ташкилотларнинг биргаликдаги ва барқарор ҳаракатларини талаб қилади. Бутунжаҳон сил касаллигига қарши курашиш куни ҳар йили 24 март куни дунё бўйлаб нишонланиб, бундан кўзланадиган асосий мақсад дунё миқёсида кунига 4000 га яқин инсоннинг ҳаётига зомин бўладиган касалликнинг аҳоли саломатлигига бўлган салбий таъсири ва жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатлари тўғрисида хабардорлигини оширишдан иборат.
Ўзбекистон силга қарши курашда барқарор ютуқларга эришиб келаётган бир даврда ушбу касалликнинг дори-дармонларга чидамли тури мамлакат соғлиқни сақлаш тизими учун энг долзарб муаммолардан бири ва глобал соғлиқни сақлаш олдида турган жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Бунга жавобан, USAID томонидан яқинда умумий қиймати 15 миллион доллардан ошиқ бўлган тўртта янги кўп йиллик сил касаллигига қарши дастурлар амалга оширилиши бошланиб, уларда сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш бўйича энг илғор халқаро тавсиялар, дори-дармонларга чидамли сил касаллигига чалинган беморларга ёрдам берадиган янги дорилар ва диагностика технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
“АҚШ ҳукумати силга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу каби кўп йиллик шерикликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида биз сил касаллиги таъсирини юмшатишга ва ўзбекистонлик оилаларнинг фаровонлигини оширишга ўз ҳиссамизни қўшишга муваффақ бўлдик”, – деб таъкидлади Халқаро пресс-клубнинг жонли эфирида иштирок этган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссияси бошлиғининг ўринбосари Алан Мельцер. “Биргаликда ҳаракат қилиб, сил касаллигини албатта енгамиз”.
USAID ушбу соҳадаги мутахассисларнинг тайёргарлигини ошириш, дори воситалари, тиббий ва лаборатория ускуналари билан таъминлаш, сил касаллигининг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш жараёнини тезлаштириш мақсадида соғлиқни сақлаш вазирлигининг сил касаллигига қарши кураш бўйича миллий дастури билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу йил, USAID, сил касаллигига қарши кураш бўйича миллий дастури ва унинг шериклари аҳолининг сил касаллиги бўйича хабардорлигини ошириш ва сил билан боғлиқ стигма ва афсоналарни камайтиришга қаратилган минтақавий ва миллий даражада турли тадбирлар ва рақамли дастурларни амалга оширишни бошладилар.
20 йилдан ортиқ вақт давомида, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон аҳолиси саломатлиги ва фаровонлигини ошириш йўлида кўплаб тадбирларни амалга ошириб келиб, шу давр мобайнида мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасига 130 миллион доллардан ортиқ маблағ киритди.