USAID минтақавий савдони ривожлантириш ва бандликка кўмаклашиш соҳасида эришилган натижаларни сарҳисоб қилмоқда

2022 йил 21 январь, Тошкент шаҳри, Ўзбекистон –  Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўзининг “Рақобат, савдо ва бандлик”, деб номланган беш йиллик минтақавий лойиҳаси якунланганини нишонлади. Лойиҳа доирасида Марказий Осиё мамлакатларидан экспорт ҳажмини кўпайтириш ҳамда мева-сабзавотчилик, транспорт, логистика хизматлари ва туризм соҳаларидаги бандлик даражасини оширишга кўмаклашилди. Шунингдек, мазкур тармоқларнинг минтақа ва ундан ташқаридаги рақобатбардошлигини кучайтириш ва савдо кўламини кенгайтиришга эришилди.

Лойиҳа доирасида USAID Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилган 34 та инновацион лойиҳага 1.97 миллион доллар миқдоридаги инвестициялар йўналтирди. Маблағлар шерикларни мева-сабзавотчилик, транспорт, логистика хизматлари ҳамда  туризм соҳаларидаги инновацион ташаббусларни илгари суришга рағбатлантириш мақсадида тузилган Инновация жамғарма орқали қўшма молиялаштириш механизми доирасида ажратилган бўлиб, минтақа корхоналарининг экспорт кўрсаткичларини ошириш, фаолиятининг кўламини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишга  қаратилди. Инновация жамғармаси доирасида хусусий секторнинг 5.89 миллион доллар миқдоридаги инвестицияларини сафарбар этишга эришилиб, 23 та компания томонидан 634 та янги иш ўрни яратилди, 13 та фирма эса 37 та янги бозорга ўз маҳсулотларининг экспортини йўлга қўйишга муваффақ бўлди.

USAID, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари мева-сабзавотчилик тармоғида эришилган ютуқларга ҳам ўз ҳиссасини қўўди. Жумладан, Агентлик минтақа ва бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни илгари суриш мақсадида “Марказий Осиё лаззати” брендининг яратилишини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, USAID томонидан Марказий Осиё мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари тўғрисидаги ахборот жамланган виртуал маълумотнома яратилган бўлиб, унинг воситасида бир қатор Европа ва Осиё мамлакатлари харидорлари билан минтақа корхоналари ўртасидаги учрашлар ташкиллаштирилди ва ўзаро ҳамкорлик ўрнатилди. Айтиш жоизки, B2B шаклида ўтган мазкур тадбирлар давомида 17.5 миллион долларлик шартномалар имзоланишига эришилди.

Марказий Осиё минтақавий туризм брендини яратиш доирасида USAID туризм ассоциациялари, миллий туризм қўмиталари ҳамда 400 дан зиёд хусусий сектор вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, янги бренд сайтига шу кунгача бутун дунёдан 24 миллион марта мурожаат этилган. Бундан ташқари, USAID “WideOyster” сайёҳлик журнали билан ҳамкорликда унинг дунёга машҳур онлайн сайёҳлик платформасида нашрнинг Марказий Осиёга бағишланган махсус сонини эълон қилди. Сайёҳларни минтақага жалб қилиш мақсадида, USAID томонидан Марказий Осиёнинг тарихий обидалари ва сайёҳларда қизиқиш уйғотадиган жойларининг 3D кўринишидаги юқори сифатли панорама хариталари яратилди. Хариталар жойлаштирилган сайтга бугунгача 2 миллион мартадан кўпроқ мурожаат этилган. Шу билан бирга USAID 31 та пиёда сайр қилиш йўналишининг батафсил тавсифини чоп этган бўлиб, маълумотлар 2 миллиондан зиёд сайёҳ орасида тарқатилди.  Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида “Lonely Planet” журнали Марказий Осиёни 2020 йил январидаги саёҳат қилиш учун энг жозибадор минтақа, деб эълон қилди.

USAID “Транспорт ва логистика шериклиги” уюшмасини тузган бўлиб, у ўз атрофида Марказий Осиёнинг 150 та энг йирик транспорт ва логистика иттифоқлари ва хусусий компанияларни бирлаштирди. Уюшма хусусий сектор вакилларининг савдо тўсиқларини олиб ташлаш, товарлар оқимларини кўпайтириш, минтақанинг рақобатбардошлик даражасини мустаҳкамлаш ҳамда транспорт ва логистика соҳаларидаги бандлик даражасини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги тарғибот-ташвиқот фаолиятини қўллаб-қувватлади.

USAID Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳам қўллаб-қувватлаб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан мамлакатнинг Ташқи савдо режими тўғрисидаги меморандумини ишлаб чиқиш доирасида ҳамкорлик қилди, ЖСТ аъзоларининг саволларига жавоблар тайёрлашда кўмаклашди, 20 дан зиёд қонуннинг қайта кўриб чиқилиши иштирок этди, 1000 варақдан зиёд ҳажмдаги қонунчилик ҳужжатларини таржима қилди ва ЖСТ билан боғлиқ тренинг машғулотларини ўтказди.

USAIDнинг “Рақобат, савдо ва бандлик” лойиҳаси фаолияти доирасида беш йил давомида Марказий Осиё савдо форуми ўтказиб келинган бўлиб, у минтақавий савдони ривожлантиришга қаратилган ҳар йили ўтадиган анъанавий тадбир саналади. Ўтган йиллар давомида Форум кенг тан олинадиган бренд сифатида 16 мингдан зиёд тадбиркор ва давлат расмийларини ўз атрофига бирлаштириб, муҳим савдо масалалари муҳокама қилинадиган ва минтақавий савдо-сотиқни кенгайтиришга хизмат қиладиган шериклик ришталари ўрнатиладиган платформага айланиб улгурди. Форум ўтказилган йиллар давомида унинг доирасидаги тадбирларда 88 миллион доллар миқдоридаги шартномалар имзоланди.

2021 йил 5 октябрда USAID “Марказий Осиёда савдо” лойиҳасининг бошланганини эълон қилди. Қиймати 19 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа беш йиллик муддатга мўлжалланган бўлиб, Марказий Осиёнинг бешта мамлакатида амалга оширилади. Лойиҳа USAIDнинг ўтган йиллар давомида минтақада савдо, ишлаб чиқариш ва ўзаро боғлиқлик соҳаларини қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилган фаолиятига асосланган ҳолда божхона ва чегара тартиб-қоидаларини уйғунлаштириш, давлат билан хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни ривожлантир ва корхоналар ўртасидаги бевосита ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилади.

# # #

USAID – дунёнинг халқаро тараққиёт соҳасидаги етакчи агентлиги ва натижалар катализатори. Қўшимча маълумот учун https://www.usaid.gov/central-asia-regional вэб-саҳифаси ҳамда USAIDнинг Марказий Осиёдаги фаолияти тўғрисидаги Facebook саҳифасига https://www.facebook.com/USAIDCentralAsia мурожаат қилишингиз мумкин.