2022 йил, 25 ноябр, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистондаги давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва халқаро экспертларни бирлаштириб, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистонда хотин-кизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш: ютуқлар, таҳдидлар ва истиқболлар” номли ҳалқаро конференция ташкил қилди. Шунингдек, конференцияда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш ва гендер тенглигини рағбатлантириш борасидаги ютуқлар ва давом этаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратиб ўтилди.
Анжуманда сўзга чиққан USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит шундай деди: “Қўшма Штатлар ҳукумати хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, гендерга асосланган зўравонликка чек қўйиш, мамлакатда ва бутун жаҳонда тенгсизликка қарши кураш бўйича кенг қамровли режани амалга оширмоқда. Гендер зўравонликни қабул қилиб бўлмайди, у муқаррар эмас ва уни тўхтатиш мумкин”.
Ўзбекистонда гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш борасида муҳим қадамлар қўйилди, жумладан, 2019-йилда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун адолат тизимининг хотин-қизлар ва қизлар ҳуқуқларига бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди ва ушбу қонун билан белгиланган янги кафолатларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ харакатларни белгилаб берди.
USAID бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини поймол қилиниши, оммавий соғлиқни сақлашга таҳдидлар ҳамда хотин-қизларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий иштирокини чекланиши ва ривожланишига тўсиқ бўлган зўравонликнинг олдини олишга содиқдир. Профилактикага катта эътибор қаратган ҳолатда, USAID оилаларда, шахслараро муносабатларда ҳамда турли жамоат ва хусусий шароитларда хотин-қизларга қарши зўравонликнинг асосий сабабларини ҳал қилувчи дастурларга сармоя йўналтиради. Ўзбекистонда USAID хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг зарарли оқибатларидан хабардорликни ошириш ва унинг олдини олиш бўйича самарали дастурларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотлар, хотин-қизлар гуруҳи, хусусий сектор ва давлат муассалари билан ҳамкорликни кенгайтиради.
Конференция 1991 йилда бошланган Хотин-қизларнинг глобал раҳбарлик (лидерлик) Маркази томонидан “Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик” кампанисининг мувофиқлаштирилган фуқаролик жамияти ташаббуси доирасида бўлиб ўтди. Кампания ҳар йили 25 ноябрь –Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади.