USAID Ўзбекистонда агробизнес ривожига кўмаклашиш мақсадида бизнес ғоялар танловини эълон қилади

2021 йил 7 декабрь, Тошкент, Ўзбекистон  – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси маҳаллий хусусий агробизнес корхоналари ўртасида бизнес ғояларнинг учинчи танловини эълон қилади. Иштирок этиш учун лойиқ, деб топилган корхоналар Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси орқали қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг қўшимча қийматини ва савдо ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, янги бозорларга кириб бориш каби йўналишларда қўллаб-қувватланади.

Ушбу танлов – 2021 йилда Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси доирасидаги бизнес ғояларнинг учинчиси бўлиб, ўтган иккита танлов натижасида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан 200 дан зиёд ариза келиб тушган. Олинган аризалар орасидан ўн битта хусусий агробизнес корхоналари танлаб олинган бўлиб, уларга боғдорчилик, чорвачилик, сутчилик ва агротуризм соҳаларидаги маҳсулотларнинг қўшимча қийматини ошириш учун қиймати 200 миллиондан 500 миллион сўмгача бўлган янги технологиялар тақдим этилади.

Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият юритаётган корхоналарда янги технологияларнинг жорий этилишини қўллаб-қувватлайди ва бу орқали уларнинг ўсишига кўмаклашади. Агросаноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистонга ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш, минтақавий ҳамда халқаро савдо ҳажмларини ошириш имконини беради. USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси тегишли малака ва имкониятларга эга бўлган агробизнес корхоналари, айниқса, аёллар ва ёшлар раҳбарлигидаги ҳамда аёл ва ёшларни иш билан таъминлаётган корхоналарнинг лойиҳа режаларини кутиб қолади.

Аризалар 2022 йил 14 январгача қабул қилинади. Танлов концепцияси ва бизнес ғоялар бўйича таклифларингизни киритиш учун ариза намунасини қуйидаги ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

Ушбу ташаббус USAIDнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган беш йиллик Aгробизнесни ривожлантириш лойиҳаси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа танланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бутун қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат яратиш имконини берувчи янги технологиялар ва замонавий бошқарув амалиётларини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор ривжоланишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Мазкур тадбирлар Ўзбекистонда қўшимча қиймат қўшилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, соҳага хотин-қизлар ва ёшларни жалб этиш, таълим муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигида мақбул сиёсат юритишни қўллаб-қуватлашга қаратилади.

# # #

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Дастур тўғрисида батафсил маълумот: https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтида.