USAID ва Ўзбекистон ҳукумати силга барҳам беришда ҳамкорлик қилади

2020 йил 11 март, Тошкент – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда сил касаллигини янада камайтириш учун мақсадли инвестицияларни таъминлашга қаратилган янги беш йиллик дастурни расман ишга туширди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев, АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги вакили д-р Лианна Куппенс иштирок этди.

Ўзбекистон, қисман Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, сил билан касалланиш ва ўлим ҳолатларини қисқартиришда салмоқли натижаларга эришди. Шунга қарамай, кўп сонли дориларга чидамли сил (КДТ-С) Ўзбекистонда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2019 йили мамлакатда сил билан касалланишнинг янги ҳолатларининг 8 фоизи биринчи линияга оид иккита энг кучли силга қарши препаратга таъсирсиз бўлган. USAID нинг Силга барҳам бериш бўйича “Global Accelerator to End TB” дастури доирасида АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги силга қарши кураш миллий дастури амалга ошираётган чора-тадбирларга кўмаклашиш учун инновациявий ва иқтисодий самарали воситаларни қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда USAID Ўзбекистон ҳукуматига силга қарши препаратлар ва диагностик ускуналар харажатларини камайтириш, силга қарши юқори сифатли препаратлар мавжудлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш ҳамда КДТ-Сни ташхислаш ва даволаш соҳасида ЖССТнинг энг сўнгги баённомалари ва тавсияларини жорий қилишга ёрдам кўрсатиш мақсадида тўртта янги лойиҳани ишга туширди.

Тадбир давомида АҚШ элчиси Розенблюм шундай деди: “Ўзбекистон ҳукумати  ташхислаш, даволаш ва парваришлаш ишларини яхшилаш орқали силга қарши курашда катта ютуқларга эришди. Биргаликда иш юритиб, биз Ўзбекистонда, бутун минтақа ва дунёда одамлар ҳаётини асраш ва оилаларни соғлом сақлаш бўйича ўзгаришлар қилишни давом эттира оламиз”.

USAID халқаро тараққиёт бўйича дунёдаги етакчи агентлик ва ривожланиш соҳасида натижаларга эришиш «катализатори» ҳисобланади. USAID ўз фаолиятида АҚШ миллий хавфсизлиги ва иқтисодий гуллаб-яшнаши ғоясини илгари суради, Америка халқи саховатини намойиш этади ва бенефициарнинг ўзини ўзи таъминлай олиши ва барқарорлигига йўл очади.  Қўшимча маълумот учун қаранг: https://www.usaid.gov/central-asia-regional  ва USAID Марказий Осиё бўйича саҳифаси – Facebook: https://www.facebook.com/USAIDCentralAsia.