USAID ва Халқ таълими вазирлиги бошланғич синфларда ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолаш бўйича тадқиқот бошлади

2021 йил 17 ноябрь, Тошкент шаҳри, Ўзбекистон – АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2021 йил 15 ноябрдан 7 декабргача бошланғич синфларда ўқиш (EGRA) ва математика кўникмаларини баҳолаш (EGMA) бўйича мамлакат бўйлаб тадқиқот олиб боради. USAID ва вазирлик ўртасидаги ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда бундай кўламдаги миллий стандартлаштирилган баҳолашни ўтказиш илк бор амалга оширилаётгани билан диққатга сазовор.

EGRA ва EGMA – умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларини баҳолашга мўлжалланган илмий асосланган моделларга таянади. EGRA ва EGMA тадқиқоти 937 та давлат умумтаълим мактабидаги 11 минг нафар ўқувчининг ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тиллари, шунингдек, иккинчи тил сифатида ўзбек тилига оид кўникмаларини баҳолайди. Ушбу баҳолаш натижалари бўйича тўпланган аниқ маълумотлар вазирлик ва унинг ҳамкорларига Ўзбекистон ўқувчиларининг таълимда муваффақиятга эришиш, жамиятнинг фаол ҳамда самарадор аъзоси ва ишчи кучига айланиши учун зарур бўлган асосий кўникмалар ҳисобланган ўқиш ва математика бўйича кўникмаларини такомиллаштиршга оид аниқ, асосли қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

Баҳолашнинг муҳимлигини таъкидлаб, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм шундай деди: «Биз таълимга сармоя киритишни ҳар бир мамлакат бажара оладиган энг муҳим амал деб ҳисоблаймиз. Ёш авлодга инвестиция киритиш келажакка инвестиция киритиш демакдир. Биз Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда амалга ошираётган ушбу лойиҳа бутун Ўзбекистон бўйлаб 3- ва 5-синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолашга ёрдам беради. Баҳолаш ушбу фанлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ва шу фанларни ўқитишга тўғри инвестиция киритиш имконини беради».

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов шундай деди: «Бизнинг юксак вазифамиз – болаларни муваффақиятга олиб келиш, мақсадимиз – уларни бахтли кўриш. Ушбу лойиҳа бошланғич синфларда юқори сифатли таълимни таъминлаш орқали бу юксак вазифамизни илгари суриш йўлида қўйилган муҳим қадамдир».

Бугунги кунга қадар USAID EGRA ва EGMA баҳолаш тадқиқотини 40 дан ортиқ мамлакатда ўтказиб, тўпланган маълумотлар ушбу мамлакатларга ўз ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича асосий кўникмаларини яхшилашга ёрдам берган.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификасия қилиш ва минтақавий савдо ҳажмини ошириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан, COVID-19ни бартараф этиш ҳамда ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш борасидаги салоҳиятини ошириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади. Қўшимча маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan ҳаволасига ўтинг.