2016 йил 15 сентябрь куни Америка Қўшма Штатлари элчиси Памела Спратлен АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг умумий қиймати 14 млн. АҚШ долларига тенг, 5 йилга мўлжалланган янги “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳаси ишга тушганлигини тантанали равишда эълон қилди. Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб ўтган очилиш маросими ва анъанавий узум сайлида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, М.Мирзаев Боғдорчилик институти, Тошкент аграр университети, фермерлар, хусусий агробизнес компаниялари ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналаридан 50га яқин вакиллар иштирок этди.
Асосан данакли мевалар, сабзавотлар, қовун ва узум каби маҳсулотларни қамраб олувчи ушбу янги лойиҳа мева-сабзавотчилик соҳаси доирасида қўшимча қиймат яратиш занжирининг барча жабҳаларини такомиллаштириш, янги иш ўринлари яратиш, соҳа вакиллари даромадини ҳамда мева ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга йўналтирилган..
Ўзбекистон иқтисодиёти учун мева-сабзавотчиликнинг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда элчи Спратлен хоним бу лойиҳа бўйича яқиндан ҳамкорлик учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди ҳамда қуйидагини қайд этди: «2008 йилдан бери USAID мева ва сабзавотчилик соҳасида Ўзбекистоннинг ҳамкори саналади. Ушбу ҳамкорликни нишонлаш учун мен узум навлари кўрик-танловидан ортиқроқ услуб йўқ деб ўйлайман. Мазкур танлов асл миллий бойлик ҳисобланган маҳсулотларнинг хилма-хиллиги, сифати ва мўл-кўллигини кўрсатади».
AVC лойиҳасининг фаолияти Ўзбекистоннинг 11 та вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг ҳаммаси бўлиб 33 та туманини ўз ичига олган. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш сифати ва миқдорини ошириш, ҳосил йиғимидан кейинги амалиётлар ҳамда ишлаб-чиқариш тадбирларини такомиллаштириш, ички ва ташқи бозорларда ўзаро алоқаларни яхшилашга кўмаклашиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги таълим муассасаларини хусусий сектор талаблари билан боғлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Мазкур тадбир доирасида анъанавий узум навлари кўрик-танлови бўлиб ўтди. Кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад соҳа бўйича маълумот алмашиш, фермерлар учун янги мижозларни жалб этиш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш бўлди.
