USAID администратори Жон Барса Тожикистон ва Ўзбекистонда янги USAID миссиялари ташкил этилганини эълон қилди

Дарҳол тарқатиш учун
2020 йил, 30 сентябрь, чоршанба
ОАВ билан алоқалар бўлими
Телефон: +1.202.712.4320 | Email: press@usaid.gov

Бугун Мерос жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) администратори вазифасини бажарувчи Жон Барса Тожикистон ва Ўзбекистонда USAIDнинг янги икки томонлама ваколатхоналари ишга туширилганини эълон қилди. АҚШнинг Марказий Осиё бўйича 2019-2025 йиллардаги Стратегиясининг тақдимотидан атиги бир неча ой ўтиб қилинган ушбу эълон USAIDнинг Марказий Осиё халқлари олдидаги узоқ муддатли садоқатини ифодалайди.

“Миссиялар USAID фаолият юритадиган асосий марказ бўлиб, у Қўшма Штатларнинг ҳукумат ҳамда мамлакат халқи билан тўғридан-тўғри ва сермазмун муносабатларни ўрнатишга содиқлигини намойиш этади. Шунингдек, ушбу миссиялар минтақадаги фаолиятимизни мувофиқлаштиришга ёрдам бериб, Марказий Осиёдаги бирон бир давлат эътибордан четда қолмаслигини таъминлайди,”- деди Жон Барса.

Администратор вазифасини бажарувчи Барса Тожикистоннинг АҚШдаги элчиси Фарҳод Салим ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовлар иштирокида USAID минтақада ўзининг олдинги муваффақиятларига таянган ва янги имкониятлардан фойдаланган ҳолда нафақат иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни бошқариш, балки савдо соҳасида адолатли муносабатларни қўллаб-қувватлаш, энергетика бозорида ўзаро муносабатларни кенгайтириш ҳамда минтақавий барқарорликни кучайтириш борасида ислоҳотлар қилишни ҳам кўзлашини таъкидлади.

Марказий Осиё бўйича Стратегияси доирасида Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё давлатлари билан уларнинг барқарорлигига нисбатан узоқ ва қисқа муддатли таҳдидларга ҳамда ёвуз кучларга чидамлилигини кучайтириш, шунингдек, АҚШ билан сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида шериклик алоқаларини чуқурлаштириш борасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда. Янги миссиялар 2021 йилда тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.