USAID Халқ таълими вазирлигига она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика фанларидан 500 минг янги дарсликларни топширди

2022 йил 26 июль, Тошкент, Ўзбекистон – бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 500 мингга яқин сифат талабларига жавоб берувчи, янги ишлаб чиқилган дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни Халқ таълими вазирлигига топширди. Ушбу ўқув материалларидан 1-4-синфларда она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика фанларини ўқитишда фойдаланилади. Дарсликлар USAID, Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Янги ўқув материаллари 2022-2023-ўқув йилида Наманган ва Сирдарё вилоятларининг 919 та умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказилади.

“Бугун биз математика ҳамда она тили ва ўқиш саводхонлиги дарсликларини топшириш учун йиғилдик. Биз USAID билан халқаро ҳамкорлигимиз натижасида шахсга йўналтирилган таълим ва таълимдаги янги ёндашувларни қўллаб-қувватловчи математика ҳамда она тили ва ўқиш саводхонлиги фанидан янги дарсликлар ва ўқитувчилар учун инновацион қўлланмаларни ишлаб чиқдик. Вазирлик бошланғич синфларда ўқиш ва математика кўникмаларини такомиллаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Ушбу кўникмалар юқори синф ўқувчиларга ҳаётда муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган асосий кўникмаларни беради”, – деб айтди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов.

“Ушбу янги материалларнинг ишлаб чиқилиши Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлигимиздаги муҳим босқич ҳисобланади. Биз вазирлик билан ўқувчиларнинг ўқиш ва ҳисоблаш бўйича бошланғич кўникмаларига оид таълим натижаларини яхшилаш бўйича доимий ҳамкорлигимиз натижасида эришилган ютуқлардан фахрланамиз”, – деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори вазифасини бажарувчиси Луанн Гронховд.

2021-2022-ўқув йилида маҳаллий ва халқаро мутахассислардан иборат гуруҳ Ўзбекистондаги бошланғич синф ўқитувчилари билан ҳамкорликда математика ҳамда она тили ва ўқиш саводхонлиги фанларидан дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни ишлаб чиқди. Янги материаллар қизиқарли мазмунга эга бўлиб, шахсга йўналтирилган таълим усуллари ва амалиётни ўзида бирлаштирган.

Дастлабки синовдан сўнг дарсликлар ўқитувчи ва ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазаси асосида қайта кўриб чиқилади ва якуний таҳрири Халқ таълими вазирлиги томонидан чоп этилади.

2023-2024-ўқув йилидан бошлаб 1-4-синф ўқувчилари, жами икки миллион нафардан ортиқ болалар янги дарсликлардан фойдаланишни бошлайди ва Ўзбекистоннинг барча ўқитувчилари фойдаланиш учун қулай, шахсга қаратилган таълим усулларини ўзида жамлаган ўқитувчилар учун қўлланмалардан фойдаланиши мумкин бўлади. Бошланғич синфларда она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика фанларини ўқитишнинг замонавий усули ўқувчилардаги ушбу асосий кўникмаларнинг такомиллашишига олиб келади ва Ўзбекистоннинг ХХI аср кўникмаларига эга битирувчиларни тарбиялаш мақсадини қўллаб-қувватлайди.

USAID Ўзбекистон Ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдо ҳажмини ошириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларини, шу жумладан, COVID-19 ни бартараф этиш ҳамда ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш борасидаги салоҳиятини ошириш масалаларида ҳамкорлик қилади. Қўшимча маълумот олиш учун  https://www.usaid.gov/uzbekistan ва Facebookдаги https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan/ саҳифамизга ташриф буюринг.