АҚШ-Ўзбекистон: Унумли ҳамкорлик натижалари

АҚШ-Ўзбекистон: Унумли ҳамкорлик натижалари

2016 йилдан бери АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга ёрдами 400% га ўсиб, у Ўзбекистон ҳукумати ва халқининг ўз мамлакатини замонавий, адолатли ва фаровон жамиятга айлантириш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатларини АҚШ ҳукумати томонидан давомий қўллаб-қувватлашини ўзида акс эттиради. Қуйида Ўзбекистондаги ёрдам дастурларимизнинг айрим диққатга сазовор жиҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Ўзбекистонликлар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг саломатлигини яхшилаш

USAID ва АҚШ касалликларни назорат қилиш марказлари (CДC) КОВИД-19 билан курашга фавқулодда ёрдам учун 9 миллиондан ортиқ маблағ ажратиб, у техник ёрдам, лаборатория ускуналари ва тест тизимлари, шунингдек, мамлакат бўйлаб шифохоналарда жойлаштирилган 200 та сунъий нафас олдириш ускуналарини ўз ичига олади.

Болалар орасида КОВИД-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида USAID оилаларга янги соғлом одатларни ривожлантиришга ёрдам бериш учун 11 та ижтимоий видеоролик ва босма материал ишлаб чиқарди.  Ушбу медиа материалларни ҳар куни 7 млн. киши томоша қилди.

2020 йил март ойида USAID дорига чидамли сил билан хасталанган беморларга ёрдам бериш ва сил касаллигига қарши курашиш учун янги дорилар ва диагностика технологияларини жорий этадиган қиймати 15 млн. доллар бўлган тўртта янги лойиҳани ишга туширди.

2020 йилда USAID 140 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза муассасаларида тарқатилган 130 000 килограммдан ортиқ юқори протеинли озиқ-овқат кўмагини Ўзбекистоннинг ёрдамга муҳтож аҳолиси, жумладан, етимлар ва сил касаллиги билан хасталанганлар истеъмоли учун тақдим этди.

“Mercy Corps” номли Америка нодавлат ташкилоти, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган, кам таъминланган оналар ва болалар учун 21,5 млн. долларлик озиқланиш сифатини қўллаб-қувватлашга қаратилган 4 йиллик дастурни бошлашга киришди.

USAID Сирдарё тўғони ўпирилиши қурбонларига шошилинч инсонпарварлик ёрдами тариқасида 100 000 доллардан ортиқ тақдим этди.  2021 йилда АҚШ армияси муҳандислари корпуси Ўзбекистондаги иккита тўғон хавфсизлигини баҳолаш ишлари бўйича семинар ўтказишни режалаштирмоқда.

Янада фаровон келажакка қўшилган ҳисса

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо 2019 йилда 46% га, яъни 408 млн. доллардан 596 млн. долларгача ўсди.

USAID қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат дастури орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг унумдорлигини ошириб, минглаб ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишлаш компанияларига янги технологиялар ва амалиётларни ўзлаштиришда ёрдам берди.  USAID қишлоқ хўжалиги соҳасига 23 млн. доллардан ортиқ хусусий сектор инвестицияларини жалб қилди, натижада Ўзбекистон боғдорчилик ерларининг 11,4 фоизи ва мамлакат қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг 55,1 фоизи янги усулларни амалга оширмоқдалар.

USAID Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун экспорт бозорларини диверсификация қилиш бўйича ҳам иш олиб бормоқда.  Бу йил USAID қуритилган мева тайёрловчи компанияга кўрсатган кўмаги натижасида ушбу компания ўз маҳсулотларини Форс кўрфази, Европа ва Шарқий Осиёнинг кенг бозорларига экспорт қила бошлади ҳамда 50 та доимий ва 300 та мавсумий иш ўрни яратди.    

АҚШ Молия вазирлиги томонидан молиялаштирилган АҚШ экспертлари Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги билан ушбу ташкилотларнинг шаффофлигини ошириш ва инвестицияларни жалб қилиш учун иқтисодий бошқарувни модернизация қилиш бўйича ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш соҳасида иш олиб бормоқда.

USAID ва АҚШ Савдо вазирлиги Термиз шаҳрида минтақавий савдо ва транспорт форумини уюштириб, унда 14 мамлакат вакиллари 600 000 доллар қийматидаги бизнес битимларни имзоладилар.

Ўзбекистонда келгуси авлод учун таълим

Таълим ислоҳотини қўллаб-қувватлаш мақсадида бошланғич мактабларда ўқиш, санаш ва ахборот технологиялари кўникмаларини ўргатишга қаратилган 50 млн. долларга тенг беш йиллик дастурнинг иккинчи йили амалга оширилмоқда.  Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги ўқитиш сифатини ошириш мақсадида барча инглиз тили ўқитувчилари малакасини юксалтиришни қўллаб-қувватламоқда.

USAID Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига вазирликнинг кенг кўламли ислоҳот дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида стратегик режалаштириш, ресурсларни тақсимлаш ва ташқи ресурсларни сафарбар қилиш бўйича маслаҳат бериш учун халқаро маслаҳатчи юборди.

Марказий Осиё университетлари билан ҳамкорлик дастуримиз доирасида Ўзбекистондаги тўққизта олий ўқув юрти АҚШ университетлари билан профессор ва ўқитувчиларни тайёрлаш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда олий таълимни модернизация қилишга ёрдам бериш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун грантлар олди.

Ўзбекистонда қимматбаҳо табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштириш

Қўшма Штатлар Геология қўмитаси (USGS) Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан ҳамкорлик дастурининг иккинчи йилида Ўзбекистоннинг минерал заҳираларини баҳолаш ва иқтисодий ўсишни ҳаракатлантирувчи куч бўлмиш тоғ-кон саноатининг ривожланишини қўллаб-қувватламоқда.   

Қўшма Штатлар трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш мақсадида “Smart Waters” дастури орқали Ўзбекистон ва унинг қўшниларига ёрдам кўрсатди.

АҚШ Ўрмон хизмати 275 000 доллар қийматдаги дастур доирасида Ўзбекистоннинг муҳофаза қилинадиган ҳудудларида эко-туризмни тарғиб қилиш дастури ва яйловларни барқарор бошқаришни тарғиб қилиш мақсадида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда иш олиб борди.

Янада адолатли келажак учун қонун устуворлигини мустаҳкамлаш

Биз Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги ННТларга 2019 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга иш олиб бориш, одам савдосидан жабрланганларнинг 534 нафарини ўз ватанларига қайтариш ҳамда одам савдоси билан шуғулланган 17 нафар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатишда ёрдам берди, натижада одам савдоси билан шуғулланувчи 42 киши судланди.

АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ННТлар ишонч телефонлари каналини очиб, жабрланганларга ҳуқуқий маслаҳат тақдим этади ҳамда жиноий ишларни ҳуқуқни муҳофаза органларига ҳавола қилади. 2019 йилда ушбу ННТлар 1405 нафар ҳуқуқ-тартибот идора ходимига ҳамда одам савдосига қарши кураш бўйича қонун ҳужжатлари ва одам савдосидан жабрларганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича идоралараро комиссиялар аъзоларига тренинглар ўтказди.

Америка Қўшма Штатлари маҳаллий ННТ билан ишлаш орқали Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот, суд ва коррупцияга қарши масъул амалдорлар, шунингдек, адвокатлар салоҳиятини ошириш мақсадида уларнинг Америка ва Европа ҳуқуқий экспертлари билан малака ошириши ва тажриба алмашишини қўллаб-қувватлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича идораси билан АҚШ томонидан молиялаштириладиган дастур доирасида Ўзбекистондаги учта давлат суд криминалистикаси лабораторияси Ўзбекистонда биринчи бўлиб халқаро аккредитация олди, бу эса мамлакатнинг жиноий юстиция тизимини мустаҳкамлайди.

Хавфсизроқ Марказий Осиё барпо этиш

Қўшма Штатлар Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига махсус амалиёт кучлари (МАК) салоҳиятини мустаҳкамлашда кўмаклашиш учун хорижий давлатлар мудофаа тизимини молиялаш доирасида 20 млн. доллар ажратди. Ушбу маблағлар терроризмга қарши курашиш ва чегара хавфсизлигини такомиллаштириш учун замонавий ускуналар билан таъминлашга ёрдам беради.

АҚШ Ўзбекистоннинг чегара хавфсизлигини яхшилаш мақсадида чегара ўтиш пунктлари ва аэропортларда 100 дан ортиқ “Rapiscan” маркали детектор ўрнатишни якунлади. Бу ўз навбатида йўловчиларни текширишга сарфланадиган вақтни қисқартиради.