2018 йил 12 сентябрь куни Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Тошкент давлат аграр университетида (ТошДАУ) узум фестивали доирасида энг яхши узум навлари кўрик-танловини ўтказдилар. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу анъанавий тадбир мамлакат бўйлаб йиғилган узум етиштирувчиларни ўзларининг энг яхши маҳсулотларини намойиш этиш ва юксак эътироф учун беллашишга чорлади.
Ҳакамлар ҳайъати энг харидоргир, энг ноёб ва энг ширин узум навлари номинацияларида ғолиб деб топилган иштирокчиларга совғаларни топширди. Тадбир томошабинлари ҳам «Иштирокчилар танлови» номинациясида ўзлари ёқтирган узум навига овоз бериш имкониятига эга бўлишди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва USAID вакиллари тадбирни очиб берар экан, аграр секторда икки томонлама ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидладилар. USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гэри Роббинс таъкидлаганидек, “Боғдорчилик USAID ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Биз ушбу соҳанинг ривожланишига Америка Қўшма Штатлари ва дунёнинг бошқа мамлакатларидан энг илғор амалиётларни жорий қилиш ва уларни ўзбекистонлик фермерлар билан баҳам кўриш орқали ёрдам беришдан ҳурсандмиз. Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар ва «қиймат занжири»нинг бошқа иштирокчилари фаол равишда янги усулларни қўллаш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва ўз даромадларини янада ошириш имконига эга бўлаётганини кўришдан мамнунмиз”.
Фестивал доирасида ТошДАУ профессорлари ва USAIDнинг қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш (AVC) лойиҳаси мутахассислари узумчилик, йиғимдан кейинги амалиётлар ва бозорлардаги сўнгги тенденциялар ҳақидаги қимматли маълумотларни соҳа вакилларига ҳавола қилдилар. Тадбир ташкилотчилари, шунингдек, мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштиришга бағишланган янги нашр этилган китобларнинг китоб ва электрон шаклдаги нусхаларини тақдим этди.
USAIDнинг беш йилга мўлжалланган умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларга тенг AVC лойиҳаси қиймат занжири яратишнинг барча бўғинлари бўйлаб боғдорчилик секторини яхшилаш, иш ўринларини яратиш, даромадларни яхшилаш ҳамда мева ҳосили ва сифатини оширишда кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ғолиблар:
«Энг ноёб»
Ҳурматов Раҳматилло
«Abdurashid Michurin» ф/х
Булоқбоши, Андижон вилояти
«Энг ширин»
Юсубалиев Асқарали
«Vazira Gulbog» ф/х
Паркент, Тошкент вилояти
«Иштирокчилар танлови»
Сайдуллаев Асатулло
«Asadbek Izum Serviz» ф/х
Пайариқ, Самарқанд вилояти
«Энг харидоргир»
Азизбек Ҳамралиев
«Azizbek AXA» ф/х
Қувасой, Фарғона вилояти