Америка Қўшма Штатлари бугун Ўзбекистонни коронавирусга қарши 660 минг доза вакцина етиб келгани билан табриклайди. Ушбу жўнатма коронавирус вакциналаридан холис фойдаланишни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ташаббус саналган “COVAX Advance Market Commitment” орқали амалга оширилди. Яқинда АҚШ бу борада ўзининг Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс олдидаги 4 миллиард долларлик мажбуриятининг дастлабки 2 миллиард долларини бажариб, COVAXга оид энг йирик донорга айланди.
“Бугун халқаро ҳамжамият 660 минг доза вакцинани Ўзбекистон ҳукуматига етказиб бермоқда. Коронавируснинг тез тарқалиши шуни кўрсатдики, ҳеч бир халқ глобал пандемияга қарши якка тартибда ҳаракат қила олмайди. Пандемияга барҳам бериш учун халқаро миқёсда яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилиш зарур. Вирус бутун инсониятга таҳдид солаётган бир паллада бизнинг вазифамиз бундай воситаларни нафақат бадавлат ўлкаларга, балки барча мамлакатларга бир хилда тақдим этишдан иборат. Бутун дунё эмланмагунга қадар биз хавфсиз бўла олмаймиз”,- деди тақдимот маросимида сўзга чиққан АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм.
АҚШнинг USAID орқали COVAXга қўшган ҳиссаси дунёдаги энг заиф ва хавф остида бўлган 92 та паст ва ўрта даромадли мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон учун хавфсиз ва самарали коронавирус вакциналарини сотиб олиш ҳамда етказиб беришни қувватлайди. Ушбу кўмак пандемияни назорат қилиш, унинг янги турлари пайдо бўлишини секинлаштириш ва глобал иқтисодиётни қайта бошлашга ёрдам беришда жуда муҳимдир. АҚШ ўз шериклари ва ҳукуматлар билан биргаликда коронавирусга қарши глобал саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорликка содиқдир.
АҚШ пандемия даврида коронавирусга қарши курашни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилди. У Ўзбекистонни ҳимоя воситалари, PCR-тестлар ўтказиш учун зарур бўлган ускуна ва материаллар билан таъминлади, ўта оғир беморларни даволашда ёрдам бериш учун 200 дона сунъий нафас олдириш аппарати тақдим этди. Умуман олганда, АҚШнинг коронавирус бўйича Ўзбекистонга кўрсатган бевосита ёрдами 9 миллион доллардан ошади. Элчи Розенблюм тақдимот маросимида таъкидлаганидек, “бу ёрдамдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдан иборатдир”.