Самарқанд, Ўзбекистон, 1 ноябр, 2018 й. – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, БМТТД, ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва GIZ билан ҳамкорликда «Хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва хориж тажрибаси» мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва уларнинг манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотининг асосий йўналиши сифатида, бу ҳафта Самарқандда бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатининг асосоий мавзуси бўлди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқаро экспертлар, судялар, адвокатлар, Ривожланиш стратегияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари органи, Савдо палатаси ва Ҳакамлик судлари ассоциацияси вакиллари иштирок этдилар.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон бизнес фаолиятини олиб бориш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича жиддий чоралар кўрди. Масалан, 2017 йилнинг бошида «Хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши ва тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашувни олдини олишга қаратилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш учун янги механизмларни жорий этиш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилишни таъминлаш учун Бизнес Омбудсман институти ташкил этилди.
Давра суҳбатида юридик ишларнинг самарадорлиги ва сифатини яхшилаш бўйича миллий қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун самарали ҳимоя механизмларини жорий этиш, шунингдек тадбиркорлар ўртасида низоларни ҳал қилиш учун муқобил воситалардан фойдаланиш каби масалалар кўриб чиқилди. ЮСАИДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори в.б. Дан Биган шундай деди: «Бундай тадбирлар ҳукуматга хусусий сектор билан алоқа ўрнатиш имконини беради, бу эса ишбилармонлик муҳитини яхшилайди ва Ўзбекистонга қўшимча сармояларни жалб этади». Тадбир иштирокчилари чет элда фойдаланиладиган тадбиркорларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини муҳокама этдилар. Халқаро экспертлар хорижий шериклар билан бизнес юритиш юзасидан ўз қарашларини тақдим этдилар ва инвесторлар ва мезбон мамлакат учун халқаро арбитраж тажрибаси асосида ишлаб чиқилган муҳим тавсиялар берди.