12 апрель 2018 йил – АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (ЮСАИД) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг марказини ва Бухоро вилоятида унинг шўъбасини очди. ЮСАИД ёрдамида ташкил этилган Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг маркази тиббиёт ходимларининг касбий малакасини оширишга ўз ҳиссасини қўшади ҳамда тиббий хизмат мутахассисларига ва бутун Ўзбекистон бўйлаб тиббиёт билим юртлари талабаларига жойларда ва масофавий услубда клиник маслаҳатлар бериш ва устозлик қилишни йўлга қўяди. Тақдимот маросими Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтди.
ЮСАИД ўзининг Сил касаллигига қарши курашиш дастури орқали техник ёрдам кўрсатди ва марказга видео-конференция, ахборот технологиялари ва офис ускуналарини тақдим этди. Бу Тошкент шаҳридаги Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг марказидаги шифокорларга Бухоро вилоят сил касалликлари шифохонасидаги ҳамкасблари билан онлайн тиббий консультациялар ўтказиш имконини беради. Бу эса сил касаллигини аниқ ва тез диагностика қилиш ва даволаш мақсадида билим ва клиник тажриба алмашиш учун имконият эшигини очади. Шунингдек, Марказ минтақавий сил касалликлари муассасаларидаги тиббий ходимлар учун масофавий ўқитиш воситаси сифатида хизмат қилади.
Ушбу ускунани олишдан аввал соғлиқни сақлаш ходимлари клиник маслаҳатлар олиш ва тренингларда иштирок этиш учун юзлаб километр масофани босиб, Ўзбекистон пойтахтига боришар эди. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам Марказнинг шўъбалари очилади ва бу бутун мамлакат бўйлаб сил касаллиги бўйича мутахассисларни самарали равишда боғлайди. Бу эса таълимнинг тармокли фойдаланиш имконияти ва биргаликда қарор қабул қилиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, сил касаллиги бўйича хизматларнинг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини яхшилайди.
Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг марказини очиш ва жиҳозлаш билан бир қаторда, ЮСАИД Ўзбекистон бўйлаб сил касаллиги бўйича мутахассисларни Рутгерц университети Глобал Сил касалликлари институтига (АҚШ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликдаги кўп сонли дориларга турғун сил касаллигини ўрганиш тадқиқот ва тренинг марказига (Латвия), Сил касалликлари бўйича миллий ўқитиш маркази (Тожикистон) га ўқиш ва ўрганиш мақсадидаги сафарларини амалга оширишга кўмаклашди.
«Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг маркази сил касаллигининг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш бўйича энг янги ёндашувлар билан танишиш имконини яратиш борасида соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий ривожланиши ва талабалар учун етакчи институтлардан бирига айланади. Бу Ўзбекистонда ушбу касалликнинг юкини камайтиришга қаратилган умумий мақсадга эришишимизда кўмаклашади», – дейди ЮСАИДнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси директори Гари Робинс.
Америка Қўшма Штатлари ЮСАИД орқали Ўзбекистонга Сил касаллигининг олдини олиш миллий дастурини амалга ошириш ва силга қарши профилактика, диагностика ва даволанишни янада самарали ва қулайлигини таъминлаш, жумладан, заиф аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашни амалга оширишда кўмаклашиб келмоқда. Умумий қиймати 7,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Сил касаллигига қарши курашишга қаратилган 5 йиллик дастурнинг асосий мақсади Ўзбекистонда сил касаллиги юкини камайтириш ва касалликнинг кўп дори-дармонларга турғун шаклларининг олдини олишдан иборат. Дастур соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, идоралараро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни такомиллаштириш, шунингдек, сил касаллиги диагностикаси ва даволашдан фойдаланишни кенгайтириш билан боғлиқ бўлган кўплаб тадбирларни ўз ичига олган.
Қўшимча маълумот учун марҳамат қилиб қуйидаги мутахассисга мурожаат қилинг:
Шаҳноза Ташходжаева, Ҳудудий шўъба директори
Ўзбекистонда СКга қарши кураш бўйича ЮСАИД дастури
Телефон: +998 97 444 6977
Эл.почта: communicationUz@projecthope.org