АҚШ ва Ўзбекистон дипломатик муносабатларнинг 25 йиллигини байроқ кўтариш маросимида нишонлади

16 март куни, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси очилган кунни хотирлаш ҳамда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни нишонлаш мақсадида элчихона Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган эски элчихона биносида байроқ кўтариш маросимини ўтказди. Ушбу тадбир айнан 25 йил аввал биринчи АҚШ элчихонаси очилган масканда бўлиб ўтди. Байрам тадбирида элчи Памела Спратлен, АҚШ дипломатлари қаторида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкент ҳокимияти вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Яқинда Президент Трамп йўллаган қутлов мактубида қайд этилганидек, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларни  1992 йил 19 февралда йўлга қўйган. 1992 йил 16 март куни эса Тошкентда АҚШ элчихонаси расмий равишда очилган.

“Бундан йигирма беш йил илгари муваққат ишлар вакили жаноб Мозур Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан ушбу масканда АҚШ элчихонаси очилиши шарафига ташкил этилган байроқ кўтариш маросимига гувоҳ бўлган ҳамда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон билан ўзаро манфаат ва ҳурматга асосланган муносабат ўрнатишга содиқлигини намоён этганди”,- дея таъкидлади элчи Спратлен хоним.

Тадбирга келган меҳмонларга Мавлон Шукурзоданинг яқинда чоп этилган “АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлиги факт ва рақамларда” китоби совға қилинди.