Тошкент, Ўзбекистон – АҚШ ҳукумати, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали, коронавирусга қарши курашишда ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистонга 200 та сунъий нафас олдириш ускунаси етказиб берди. Ушбу кўмак Ўзбекистоннинг пандемия туфайли халқаро ёрдамга оид илтимосига жавоб тариқасида Қўшма Штатлар ҳадя қилган ўта зарур воситаларнинг навбатдагиси ҳисобланади.
“COVID-19 шароитида биз глобал ҳамжамият сифатида ҳаракат қилишимиз лозим. Бу вирус миллий чегараларни ҳурмат қилмайди ва барчамизга ўз таъсирини ўтказади. Шу боис Қўшма Штатлар унга қарши курашишда зарур бўлган воситалар ҳамда техник кўмак тақдим этиш орқали Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларни қўллаб-қувватламоқда. Америка хусусий сектори билан ҳамкорликда қўлга киритилган бу сунъий нафас олдириш ускуналари Ўзбекистоннинг оғир касалларни даволаш қобилиятини мустаҳкамлайди”,- деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
USAID бу ускуналарни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига етказиб бериш, ташиш ва жойлаштиришни режалаштиришда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлардаги соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан иш олиб бормоқда. Тақдим этилган ускуналар энг юқори сифатли бўлиб, замонавий технология асосида АҚШда ишлаб чиқарилган. Улар ихчам, ўрнатилиши осон ҳамда инвазив ва ноинвазив усулларда қўлланилиши мумкин, бу эса ўзбекистонлик шифокорларга вирус билан оғриган беморларни даволашда қулайлик туғдиради. Шунингдек, USAID тиббиёт ходимлари учун тренинг машғулотлари ўтказиш ва ускуналарга техник хизмат кўрсатишга маблағ ажратади, бунинг натижасида касалхоналар бу даволаш ускунасидан кўп йиллар давомида хавфсиз фойдаланишни давом эттириши мумкин. Мазкур тиббиёт ускунасини нафас олиш билан боғлиқ бошқа касалликларни даволашда ҳам ишлатса бўлади.
Америка Қўшма Штатлари янада кўпроқ ҳаётий зарур сармоялар киритиш учун устувор соҳаларни аниқлашда Ўзбекистон ҳукумати билан келишган ҳолда ишни давом эттиради. Қиймати тахминан 2,6 миллион долларни ташкил этувчи ушбу сунъий нафас олдириш ускуналари АҚШ Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашида қўллаб-қувватлаш учун аввалроқ тақдим этган 6 миллион доллардан ортиқ кўмагига қўшимча тарзда амалга оширилди. Сўнгги 20 йил ичида АҚШ Ўзбекистон тараққиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллиард доллардан кўпроқ сармоя қиритди, унинг 122 миллион доллардан ортиқроғи соғлиқни сақлаш соҳасига тўғри келади.