АҚШ Миллий саломатлик институтлари қошидаги Миллий онкология институти (МОИ) 2015 йил 14-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиёда саратон касаллигига қарши кураш бўйича раҳбарлар биринчи халқаро форумини ташкиллаштирди. Форум Республика онкология илмий маркази (РОИМ), МДҲ ва Евросиё давлатлари Онкология ва Рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциацияси ҳамда Халқаро саратонга қарши иттифоқ томонидан ташкил этилди. 250дан ортиқ иштирокчилар, жумладан Марказий Осиёнинг барча давлатларидан, АҚШ, Арманистон, Беларус, Россия Федерацияси ва Туркия вакиллари форум ишида қатнашдилар.

Марказий Осиё мамлакатларида саратон билан касалланиш холатлари ўсишда давом этмоқда ва минтақада жойлашган соғлиқни сақлаш органлари саратон касалликларининг мамлакатлар ривожланиши ва иқтисодий ўсишига таъсиридан хавотирдалар.
“Бугунги кунда бутун дунё Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳнамолиги остида юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашмоқда, улар ўлим холатларининг энг асосий сабарлари қаторига киради”, – деб таъкидлади Саримбек Назаров, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика онкология илмий маркази директори. “Бу борада алоҳида эътибор саратонга қарши курашга қаратилмоқда”.
Форумнинг мақсади иштирокчи давлатларнинг салоҳиятини ошириш бўлиб, шу орқали тегишли мамлакатларда саратон билан касалланиш холатларини камайтириш борасидаги уларнинг саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш ёки бунга туртки бўлиш мақсад қилингандир. Форум тартиблаштирилган, натижага йўналтирилган анжуман бўлиб, унда давлатлар тажриба ва фикр алмашдилар, шунингдек саратонга қарши миллий режаларни ишлаб чиқиш устида ишладилар.
“Саратон билан курашни стратегик равишда, ҳар томонлама режалаштириш саратон билан касалланиш ва ўлим ҳолатларни камайтириш, шунингдек саратон касаллигининг миллий иқтисодиёт ва фуқаролар саломатлигига таъсирини чеклаш йўлида мамлакатлар қилиши лозим бўлган муҳим ишдир. Саратон касалликларига қарши кураш ҳақида хабардорликни ошириш бўйича минтақавий тадбирни ўтказиш бўйича ушбу ташаббус Марказий Осиёда яхши қабул қилинганидан ҳамда етакчи халқаро ассоциациялар ва ҳамкор шериклар томонидан фаол қўллаб-қувватланишидан хурсандмиз. Халқаро ҳамжамиятнинг бу каби уюшган саъй-ҳаракатлари саратон касалликларига қарши кураш бўйича мазкур ташаббуснинг самарали натижаларини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга ҳамда ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга олиб келади”, – деди Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Памела Спратлен хоним.
МОИ қошидаги Глобал соғлиқни сақлаш маркази директори д-р Эдвард Тримбл айтишича, минтақада ўсиб бораётган саратон билан касалланиш муаммосини ечиш учун саратонга қарши курашга ихтисослашган барча ташкилотлар ва марказлар ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириб боришлари зарур. МОИ саратонга қарши кураш бўйича турғун ечимларни яратиш борасида ҳамкорлар билан ишлашнинг узоқ тарихига эга бўлиб, минтақавий ҳамкорлик ва мувофиқлаштирувни ривожлантириш соҳасида муҳим ўринга эга бўлиши мумкин. АҚШ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида яқиндан ҳамкорлик олиб бормоқдалар, у кенг кўламдаги масалаларни қамраб олган ва қуйидагиларни ўз ичига олади: касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш, она ва бола саломатлиги, шунингдек пайдо бўлувчи ва қайта пайдо бўлувчи юқумли касалликлар.