Тошкент, Ўзбекистон, 2021 йил 30 июль – Бугун АҚШ коронавирусга қарши хавфсиз ва самарали вакциналарни бутун дунё бўйлаб тенг равишда етказиб бериш мақсадида йўлга қўйилган COVAX халқаро ташаббуси орқали 3 миллиондан ортиқ дозадаги “Moderna” вакцинасини Ўзбекистонга етказиб берди. Ўзбекистон Америкада ишлаб чиқарилган, икки дозадан иборат ва 28 кун оралиғида эмланувчи ушбу “Moderna” вакцинасини биринчи марта қабул қилиб олди.
Ушбу беғараз ёрдам Америка Қўшма Штатлари коронавирусга қарши 2020 йил март ойидан буён Ўзбекистонга кўрсатган 13,8 миллион долларлик ёрдага қўшимча равишда амалга оширилмоқда. Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) воситасида АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан COVID-19га қарши курашиш ва Ўзбекистонда одамлар ҳаётини сақлаб қолиш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.
COVAX ташаббуси аввалроқ қисман АҚШ ҳукумати ҳам ҳисса қўшган маблағлар ҳисобига Ўзбекистонга 660 минг доза “AstraZeneca” вакцинаси келтирганди. АҚШ COVAX ташаббуси орқали жаҳон мамлакатларига вакцина етказиб бериш учун 3,5 миллиард доллар ажратди ва бутун дунё бўйлаб вирусга қарши курашда энг йирик ҳомийга айланди.
3 миллион доза вакцина келтирилишини олқишлар экан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм шундай деди: “Ушбу беғараз ёрдам бизнинг инқироз ва қийинчилик пайтларида Ўзбекистон халқига доимий ҳамкор ва дўст бўлиб қолишга содиқ эканлигимизни англатади. Ўзбекистон COVID-19га қарши курашда ёлғиз эмас. Биз Ўзбекистон халқига бу вирусни мағлуб этиш учун кўмаклашишда давом этамиз ва уни биргаликда енгамиз”.
Яна у “Мен ҳам вакцина қабул қилдим ва имкони борларни вакцина олишга чақираман. Вакцинация нафақат ўз соғлигингизни ҳимоя қилади, балки у бошқалар ҳаётини сақлаб қолиши ҳам мумкин”, дея қўшимча қилди.
Ҳозиргача АҚШнинг Ўзбекистонга кўмаги доирасида ҳаётий зарур материал ва ускуналар етказиб берилди, аҳолини кенг миқёсда синовдан ўтказиш учун миллий лаборатория салоҳияти мустаҳкамаланди, лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекция профилактикаси ва назорати амалга оширилди, диагностика салоҳияти, COVID-19ни текшириш ва унга тезкор тегишли жавоб қайтариш яхшиланди, касалликка чалинган кишиларни даволаш тизими кенгайтирилди ҳамда жамоатчиликнинг коронавирус ҳақидаги хабардорлиги, жамоалар ва волонтёрларни унга жалб қилиш ортди.