АҚШ ҳукумати Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча ёрдам ажратмоқда

2 апрель 2020 йил, Тошкент, Ўзбекистон – АҚШ ҳукумати, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали, Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча кўмак ажратишини эълон қилди. 

2020 йил 26 март куни Давлат котиби Помпео Қўшма Штатлар коронавирус пандемияси хавф солаётган 64 мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун фавқулодда вазиятларда соғлиқни сақлаш ва инсонпрарварлик ёрдами сифатида 274 миллион доллар сафарбар этганини эълон қилди. Ушбу ёрдам АҚШ ҳукумати дунё бўйлаб ҳамкор мамлакатларнинг юқумли касалликлар таҳдидини назорат қилиш бўйича салоҳиятини янада кучайтириш йўлида олиб бораётган ҳаракатларининг бир қисмидир.

“Бу пандемия дунёдаги биронта мамлакат алоҳида орол эмаслигини кўрсатмоқда. Унга қарши биргаликда, бир-биримизни қўллаган ҳолда иш олиб боришимиз шарт. Бизнинг АҚШдаги оилаларимиз, Ўзбекистондаги каби, коронавирус хавфидан хавотирда, шу боис биз Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалишининг олдини олиш ҳамда касалликни юқтириб олганларни даволашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни истаймиз”,- таъкидлади элчи Розенблюм.   

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемологик осойишталик агентлиги билан ҳамкорликда ҳамда бошқа халқаро донорлар, шу жумладан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) билан мувофиқлаштирилган ҳолда Қўшма Штатлар ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ва ҳукумат эҳтиёжлари учун кўмак беришда устувор соҳаларни белгилаб олди. USAID кенг кўламли тест учун лаборатория тизимларини тайёрлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекция тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш, коронавирус назорати ва унга тезкор жавобни кучайтириш, вирус юқтириб олганлар аҳволини яхшилаш, вирус ҳақида сохта маълумот тарқалишига қарши курашиш ҳамда маҳаллий жамоаларнинг ўз вақтида ва аниқ маълумотни оммага етказишда ҳукумат ва шифокорларга ёрдам беришини ташкиллаштириш учун маблағ ажратади. 

Бир неча ўн йилдан буён Қўшма Штатлар бутун дунёда соғлиқни сақлашни яхшилаш учун энг йирик таъминотчи бўлиб келган. Америкалик солиқ тўловчиларнинг саховати туфайли биргина ўтган ўн йил ичида жаҳон бўйлаб соғлиқни сақлаш йўлида 100 миллиард доллардан ортиқ, инсонпарварлик йўлида эса қарийб 70 миллиард доллар маблағ йўналтирилган. Бундай кўмак бир нечта энг муҳим ва кўп томонлама ҳамкоримиз фаолияти учун қўшилган ҳиссамизни қамраб олади, булар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:     

  • АҚШнинг ЖСТга қўшган ҳиссаси. Биргина 2019 йили бу ҳисса 400 миллион доллардан ошиб, у ушбу ташкилотга иккинчи йирик аъзо мамлакат қўшган ҳиссадан қарийб икки баравар кўп дегани;
  • АҚШнинг БМТ қочоқлар ишлари бўйича агентлигига (UNHCR) берган кўмаги. Биргина 2019 йили АҚШ 1,7 миллиард ҳисса қўшган. Қочқинлар коронавирусга қарши туришга жуда заиф қатлам бўлгани учун бу ёрдам ниҳоятда зарурдир;
  • АҚШнинг БМТ  Болалар жамғармасига (UNICEF) қўшган ҳиссаси. 2019 йили у 700 миллион доллардан ортиқ маблағни ташкил этди. UNICEF одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган фаолият билан неча йиллардан буён шуғулланиб келмоқда. Бу хавфли вирус билан курашар эканмиз, эмлаш кампанияси, саломатлик ҳамда санитария бўйича тренинг ва тегишли ёрдам кўрсатиш инсон ҳаётини сақлаб қолади.   

Бирон жойдаги юқумли касаллик хавфи исталган бошқа бир жойда хатарга айланиши мумкин экан, Қўшма Штатлар бошқа донорларни ҳам коронавирусга қарши глобал курашга ҳисса қўшишга чорлайди.

Коронавирус касаллиги ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун мана бу линкка киринг, марҳамат: https://www.cdc.gov/coronavirus/2019-ncov/index.html

Ушбу вирусга қарши USAID саъй-ҳаракатлари ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун эса мана бу линкка киринг, марҳамат: https://www.usaid.gov/coronavirus-covid-19