Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД), Одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро комиссияси ва Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликда Тошкентнинг “Бродвейи”да “Одам савдосига қарши курашиш умумжаҳон куни”ни эътироф этиш бўйича ахборот кампаниясини ўтказди.
“Замонавий қуллик ёки одам савдоси деб ҳам номланувчи инсон савдоси энг асосий инсон ҳуқуқлари, жумладан, ҳаёт, эркинлик ва хавфсизликка бўлган ҳуқуқ, қуллик ва тобеликдан озод бўлиш ҳуқуқи, қийноқ ва шафқатсиз ёки камситувчи муносабатдан озод бўлиш ҳуқуқи ҳамда адолатли ва қулай шароитларда ишлаш ҳуқуқларини поймол этади. Шу сабабли Қўшма Штатлар одам савдосига қарши глобал курашни ўз сиёсатининг юқори устувор йўналишига айлантирди,”- деди элчи Розенблюм ўзининг кириш сўзида.
“Одам савдоси қурбонларининг аҳволи ҳақида хабардорликни ошириш ва уларнинг ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоялаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2013 йилда 30 июлни “Одам савдосига қарши курашиш умумжаҳон куни”, деб белгилади.
Қўшма Штатлар 2002 йилдан буён Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келади. Ўтган тўрт йил давомида ЮСАИД, ХМТ амалга оширган “Қадр-қиммат ва ҳуқуқлар” дастури орқали ва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда 1541 нафар одам савдосидан жабр кўрган шахс, заиф муҳожир ва миграция шароитида хонаки зўравонлик қурбонларига ёрдам берди. 67000 дан ошиқ киши, ёрдамга муҳтож аҳоли, шу жумладан, талабалар ва мигрантлар ахборот кампаниялари орқали маълумот ва маслаҳатлар олишди.
“Биз эркаклар, аёллар ва болаларнинг эксплуатация қилинишига қарши фаол иш олиб бораётган ҳукумат ва нодавлат секторидаги барча ҳамкорларимизга саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон сўнгги бир неча йил давомида одам савдосига қарши курашда сезиларли ютуқларга эришган бўлса-да, бу кампанияни янада мустаҳкамлаш ва одам савдосига умуман барҳам бериш салоҳияти мавжуд”, – деди элчи Розенблюм.