АҚШ элчихонаси ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шартномага тузатишни имзолади

27 апрель куни АҚШ элчиси Памела Спратлен ҳамда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шартномага киритилган 13-рақамли тузатишни имзолади. Бу тузатиш 2001 йил 14 августда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида тузилган наркотикларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилишга кўмак бўйича шартномага тааллуқлидир.

Унга кўра, Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазирлиги маблағ билан таъминлайдиган, грант асосида Ўзбекистон ҳукуматига 2014 йилда ажратилган қиймати 6 200 000 доллардан кўп бўлмаган жиҳоз, патруль қайиқлари ва бошқа транспорт воситаларини етказиб беришга қаратилган лойиҳа йўлга қўйилади. Ушбу ёрдам Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси давлат чегараларини муҳофаза қилиш қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига тақсимланади.

Мазкур лойиҳанинг мақсади Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига наркотиклар, психотроп ва шунга ўхшаш моддаларнинг ноқонуний савдосига алоқадор муҳим наркотрафик ташкилотларни тарқатиш ва бартараф этиш учун зарур стратегия ишларини олиб боришда кўмак беришдан иборат.

people signing papers
Шартномани имзолаш маросими (АҚШ элчихонаси сурати)