2021 йил 13 сентябрь, Тошкент, Ўзбекистон – Америка халқининг сахийлиги туфайли, коронавирусга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистонга 1 214 460 доза “Pfizer” вакцинаси ҳадя қилинди. Хавфсиз ва самарали бўлган ушбу вакциналар Ўзбекистонда одамлар ҳаётини сақлаб қолади ҳамда вируснинг янги хатарли турлари тарқалишининг олдини олади. Ушбу ҳадя Америка Қўшма Штатларт ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал COVAX ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатган хавфсиз ва самарали 500 миллион доза вакцинанинг бир қисмидир.
Вакцина келишини олқишлар экан, АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм шундай деди: “Биз иложи борича кўпроқ аҳолига хавфсиз ва самарали вакциналар етказиш учун тезкор фаолият олиб бормоқдамиз. Дунё бўйлаб эмлаш қамровини ошириш пандемиядан чиқишнинг энг яхши йўлидир. Ҳадя қилинган бу вакциналар одамлар ҳаётини сақлайди, жаҳон иқтисодини тиклайди ва COVID-19нинг янги вариантлари таҳдидини тўхтатишга ёрдам беради”.
Ушбу ҳадя АҚШ 2021 йил 30 июль куни Ўзбекистонга совға қилган уч миллиондан зиёд “Модерна” вакцинасига қўшимчадир. Шунингдек, COVAX доирасида АҚШ ҳукумати қисман молиялаштирган “AstraZeneca” вакцинасининг бир миллионга яқин дозаси ҳам Ўзбекистонга етказиб берилди.
Бундан ташқари, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ушбу вакциналарни хавфсиз ва самарали тарқатишда, жумладан, тиббиёт ходимларини ўқитиш, вакцинанани керакли ерга етказиш ҳамда одамларни эмланишга рағбатлантиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватламоқда.
Пандемия бошланганидан буён USAID кенг кўламли тестлар учун миллий лаборатория тизимларини кучайтириш, лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекцияларни назорат қилиш, диагностика қобилиятини ошириш, COVID-19 кузатуви ва унга тезкор жавоб беришни яхшилаш, инфекция юқтирган одамларни даволашни кучайтириш, жамоатчиликнинг коронавирус ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда жамоа иштироки ва кўнгиллиларни сафарбар қилишда Ўзбекистон билан яқиндан иш олиб борди.
АҚШ бутун дунё бўйлаб 140 миллиондан ортиқ COVID-19 вакцинаси тарқатди ва келгусида яна юз миллионлаб вакцина етказиб беради. Қўшма Штатлар COVAX глобал вакцина ташаббуси доирасида энг йирик ягона донор ҳисобланади.
АҚШ дунё миқёсида COVID-19га тегишли жавоб қайтаришни бошқаришга содиқдир, чунки шундай қилиш тўғри ишдир ва у ҳам америкаликлар, ҳам ўзбекистонликлар учун бирдай хатарсиздир. Биз пандемияни тугатиш ва яхшироқ дунёни барпо этишда Ўзбекистон билан бирга иш олиб боришдан фахрланамиз.