Консуллик Бўлими АҚШ фуқароларига паспортлари йўқолгани ёки ўғирлангани ҳақида зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг ҳодиса рўй берган туман бўлинмасига хабар беришларини астойдил тавсия этади. Ушбу идора, ўз навбатида, ариза қабул қилингани ҳақида маълумотнома беради. Мазкур маълумотнома кейинчалик Ўзбекистон визасини янгилаш ёки чиқиш визасини олишда қўл келади ва АҚШ фуқаросининг Ўзбекистондан чиқиб кетишини умуман енгиллаштиради.
Талаб этиладиган ҳужжатлар:
- Болалар ҳам, катталар ҳам DS-11 (PDF 100 KB ёки электрон шакли) анкетасини тўлдириб, топширишлари керак.
- Агар мавжуд бўлса, йўқолган ёки ўғирланган паспортнинг нусхаси.
- Давлат идоралари томонидан берилган, шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг асли ва нусхаси.
- Мурожаат этувчининг Консуллик Бўлими талабларига жавоб берадиган бир дона фотосурати.
- DS-64 шакли. (PDF 38 Kб)
- Мурожаат кўриб чиқилиши учун тўлов. Тўлов миқдорини Тўловлар Калькуляторида ҳисоблаш мумкин.
Изоҳ: Ҳозирги вақтда анкеталаримизда “Фавқулодда ҳолатларда боғланиш учун шахс” ҳақидаги бўлимда “Мамлакат” маълумотини киритиб бўлмайди. Илтимос, АҚШда истиқомат қиладиган фавқулодда ҳолатларда боғланиш учун шахс маълумотларини киритинг.
Консуллар қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг бўлинмасидан олинган, йўқолган/ўғирланган паспорт ҳақида ариза топширилганини тасдиқловчи маълумотномани ҳам тақдим этишни талаб қилиши мумкин.
Қўшимча маълумотлар учун биз билан боғланинг.