Нотариал хизматлар Ўзбекистонда туриб ишончномалар, молиявий қўллаб-қувватлаш формалари (аффидавит), қасамёд остида тилхат ва аризалар ҳамда бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш учун кўрсатилади.
Ҳар бир нотариал хизмат учун 50 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олинади.
- Нотариал хизматлар АҚШ паспорти бор шахсларга ва АҚШда қўлланилиши мўлжалланган ҳужжатларни нотариал тасдиқламоқчи бўлган бошқа мамлакат фуқароларига кўрсатилади.
- Консуллар АҚШда одатда давлат нотариуслари кўрсатадиган нотариал хизматларини кўрсатишади. Илтимос, шуни унутмангки, консуллар васиятномаларни, ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини ва қилинган арзларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмайдилар. Консул фақатгина ҳужжатни имзолаган шахс ҳақиқатдан ҳам қасамёд қилганини ёки ҳақиқатдан ҳам кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни тақдим этганини тасдиқлай оладилар.
- Илтимос, нотариал хизматлар учун Интернет орқали қабулга ёзилиш тизими орқали қабулга ёзилинг.
Нотариал тасдиқлаш хизматларининг мисоллари
- Тасдиқнома: “Тасдиқлаш” тан олиш, маъқуллаш ёки ифодалашни англатади; бунда шахс ўз ҳаракатларини тан олиши, масъулиятни зиммасига олиши ва жавобгарликни тан олиши ҳам тушунилади. Масалан, сиз харид шартномасига нотариус ҳузурида имзо қўяр экансиз, ўзингиз шахсан имзолаётганингизни тасдиқлаган бўласиз.
- Қасамёд остида даъво: ёзма ёки чоп этилган равишда, фактларнинг ўз ҳоҳиши билан ва қасамёд ёки шахсий тасдиқнома остида ифодаланиши; бунда қасамёд ёки тасдиқ шундай қасамёдларни қабул қилиш ваколатига эга расмийнинг ҳузурида қабул қилинади.
- Расмий тасдиқнома: Тантанали ва расмий равишда кўрсатиб ўтилган қасамёд остида берилган тасдиқноманинг ҳақиқийлигини таъкидлаш ёхуд гувоҳ рост сўзлашини тасдиқлаш, ва ҳоказо.
- Гувоҳлик: Ҳужжатни имзолаётган томоннинг илтимоси билан ҳужжат имзоланганини ёзма равишда гувоҳ сифатида тасдиқлаш хизмати.
- Корпоратив тасдиқномалар: ҳужжатларни ўзларининг корпоратив лавозимларининг ваколати доирасида имзолаб, нотариал тасдиқламоқчи бўлганлар ўз ваколатларини исботловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этишлари шарт.
- Қасамёд: Шахс маълум амалнинг рост ва ҳақиқийлигини таъминлашда виждонан масъуллигининг исталган усулда ифодаланиши. Консул олдида қасамёд остида қасддан ёлғон маълумот тақдим этган шахслар ёлғон гувоҳлик учун қонун доирасида таъқиб этиладилар. (22 U.S.C. 4221)
Қуйидагиларни олиб келинг
- Амал қилиб турган паспорт ёки давлат томонидан берилган шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат. Ҳайдовчилик гувоҳномаси билан келиш мумкин, бироқ талабалик гувоҳномаси қабул қилинмайди.
- Нотариал тасдиқланиши лозим бўлган ҳужжат. Нотариал тасдиқланиши керак бўлган ҳужжатлар инглиз тилида бўлиши керак. Сизга бу ҳужжатни адвокат тайёрлаб бериши ёки уни ўзингиз тайёрлашингиз мумкин. АҚШ консулининг қаршисида турмагунингизча бу ҳужжатларни имзоламанг. Ҳужжатни нотариал тасдиқлайдиган консулнинг маълумотларини ҳужжатнинг қуйи қисмида ўзингиз ёзманг.
- Агар ҳужжатни имзолаётганда гувоҳлар талаб қилинса, уларни ўзингиз билан қабулга ёзиб, бирга олиб келинг. Консуллик бўлими нотариал хизматлар учун гувоҳлар етказиб бериши талаб этилмайди.
Биз кўрсата олмайдиган хизматлар
Таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари ёки ҳақиқийлигини тасдиқлаш: АҚШ элчихонаси таълимга оид ҳужжатларнинг, коллеж баҳолари рўйхатларининг ва дипломларнинг нусхаларини ёки уларнинг таржималарини тасдиқлай олмайди. Шу билан биргаликда, консуллик бўлими ҳужжатларни легаллаштира олмайди ва туғилганлик, никоҳ, ажралиш ва ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларнинг ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаларининг нотариал тасдиқланган нусхаларини тайёрлаб бера олмайди.
Апостиль ва ҳужжатларни легаллаштириш
Апостиль халқаро нотариал муҳрга тенглаштирилган муҳрдир. Апостиль қўйилган ҳужжатлар Ҳужжатларни легаллаштиришга оид Гаага Конвенциясига аъзо давлатларнинг барчасида қўлланилиши қонуний деб қабул қилинади. Бундай мамлакатлар сирасига АҚШ ва Ўзбекистон ҳам киради.
Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси АҚШ ҳудудида берилган ҳужжатларга Апостиль муҳрини қўя олмайди ва бундай ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб бера олмайди. Бундай ҳужжатларни фақатгина шу ҳужжатлар берилган штатдаги Штат Секретари Апостиль билан тасдиқлаб бера олади. АҚШнинг 50 нафар Штат Секретарлари идоралари билан боғланиш учун маълумот Секретарлар Миллий ассоциациясининг Интернет саҳифасида мавжуд. АҚШ ҳукумати томонидан берилган ҳужжатларни эса Давлат департаментининг Ҳужжатларни легаллаштириш бўлими Апостиль билан тасдиқлаб бера олади.
Ўзбекистонда берилган ҳужжатларни тўртта давлат идораларидан бири Апостиль билан тасдиқлаб бера олади. Адлия Вазирлиги судлар томонидан берилган ва/ёки нотариуслар тасдиқлаган ҳужжатлар учун масъул; Бош прокуратура барча прокуратура идоралари томонидан берилган ҳамда тергов-суриштирув амалиёти билан боғлиқ ҳужжатлар учун жавобгар. Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази таълим ва фан соҳасидаги ташкилотлар томонидан берилган ҳужжатларни Апостиль билан тасдиқлайди. Бошқа барча расмий ҳужжатлар учун Ташқи ишлар вазирлиги жавобгар.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳужжатнинг қаерда берилганидан қатъий назар унга Апостиль муҳрини қўйиш ваколатига эга эмас. АҚШ ёки Ўзбекистонда берилган ҳужжатларга айнан қайси муассасада Апостиль муҳрини қўйдириш ҳақида юқорида келтирилган маълумотларни кўриб чиқинг.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжатга Апостиль муҳри босилгандан кейин ушбу ҳужжат Апостиль муҳрини тан оладиган бошқа давлатда қонуний кучга эга бўлади. Агар ҳужжатингиз АҚШда берилган бўлса ва сиз мувофиқ штатнинг Штат Котиби ёки Вашингтон, Колумбия округидаги Давлат Департаментидан мазкур ҳужжатга Апостиль муҳрини қўйдирсангиз, ҳужжат Ўзбекистонда қонуний кучга эга бўлади. Ўзбекистон ҳужжатлари учун ҳам тартиб ўхшаш. Ўзбекистонда берилган ҳужжат юқорида санаб ўтилган тўрт давлат идорасидан бирида Апостиль муҳри билан тасдиқланса, ушбу ҳужжат АҚШда қонуний кучга эга бўлади.
АҚШ элчихонаси Апостиль қўйилган ҳужжатларни қўшимча нотариал тасдиқламайди.
Ўзбекистонда Апостиль қўйиш давлат органлари билан боғланиш учун маълумотлар
Манзил: 100029, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Ўзбекистон шоҳкўчаси, 9.
Телефон: +99871-2334501
Қабул вақтлари: душанбадан чоршанбагача соат 10:00 дан 12:00 гача
Манзил: 100047, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчаси, 5.
Телефон: +99871-2331305
Қабул вақтлари: душанбадан жумагача соат 09:30 дан 10:30 гача
Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази
Манзил: 100084, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси, 12.
Телефон: +99871-2344683, Электрон почта: info@dtm.uz
Қабул вақтлари: душанбадан жумагача соат 10:00 дан 13:00 гача
Манзил: 100047, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Яҳё Ғуломов кўчаси, 66.
Телефон: +99871-233-7368
Қабул вақтлари: душанбадан жумагача соат 09:00 дан 18:00 гача