Қуйидаги йўриқнома Ўзбекистонда қонуний никоҳларини рўйхатдан ўтказишни истаган АҚШ фуқаролари учун мўлжалланган. Ушбу жараён бир неча босқичдан иборат бўлиб, уларга риоя қилиш муҳим.
Илтимос, аввалдан режалаштиринг: Агар сиз АҚШ фуқароси бўлсангиз ва Ўзбекистонда қонуний никоқдан ўтмоқчи бўлсангиз, ўзингиз билан Ўзбекистонга қуйидаги фуқаролик ҳолати ҳақидаги ҳужжатларни олиб келинг:
- АҚШдаги фуқаролик ҳолатларини қайд этувчи давлат органидан сизнинг ҳозирги вақтда никоҳда эмаслигингизни тасдиқловчи маълумотнома; ВА
- Тегишли ҳолларда, аввалги никоҳ(лар) тугатилганининг исботи, шу жумладан, ажрашиш ҳақидаги қарорнинг ёки собиқ турмуш ўртоғининг ўлими ҳақидаги гувоҳноманинг легаллаштирилган нусхаси.
АҚШда туғилганлик, ўлим ва ажралиш гувоҳномаларини берувчи штат муассасаларининг рўйхатини кўриб чиқинг.
Диққат: мазкур ҳужжатларни тўплаганингиздан сўнг, уларни Ўзбекистонга олиб келишдан аввал тегишли тартибда легаллаштиришингиз ШАРТ (айнан Апостиль муҳри билан легаллаштириш; оддий нотариал тасдиқлаш эмас). Акс ҳолда, бу ҳужжатлар Ўзбекистон ҳудудида қонуний кучга эга бўлмайди. Бу жараён кўп вақт талаб қилиши мумкин. Ҳужжатларни легаллаштириш ҳақида маълумот бизнинг Нотариал Хизматлар саҳифамизда ёритилган.
Ўзбекистон визасига мурожаат этишингиз учун Ўзбекистондаги қаллиғингиз Хорижга Чиқиш, Кириш ва Фуқароликни Расмийлаштириш (ХЧКваФР) бошқармасида PV, яъни “Шахсий Ташриф” визаси олиш учун расмий таклифнома расмийлаштириши керак. Ўзбекистон ҳукуматидан олинган маълумотга асосан, Т, яъни сайёҳлик визаси билан Ўзбекистонга келганлар никоҳдан ўта олмайдилар.
Ўзбекистон қонунчилигида келин ва куёвнинг тиббий кўрикдан ўтишлари талаб этилади.
Расмий таржима қилдиринг: Паспортингиздаги шахсий маълумотларингиз акс этган варағи рус ёки ўзбек тилига таржима қилиниши керак. Элчихона таржима хизматлари кўрсатмайди. Тошкент шаҳрида таржима хизматлари кўрсатадиган хусусий агентликлар кўп. Уларнинг хизматларининг эълонлари маҳаллий рўзномаларда бор. Элчихона мазкур таржима хизматларининг сифатига оид ҳеч қандай кафолатлар бермайди.
Рўйхатдан ўтганингизга ишонч ҳосил қилинг: Агар меҳмонхонада яшасангиз, автоматик равишда рўйхатдан ўтказиласиз, акс ҳолда, ўзингиз маҳаллий Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида рўйхатдан ўтишингиз шарт. Рўйхатдан ўтганингизнинг исботи жараённинг кейинги босқичларида талаб этилади.
Фуқаролик Ҳолатлари Далолатномаларини Ёзиш (ФҲДЁ) Бўлимига боринг: Тайёрлаган ҳужжатларингизнинг ҳаммасини (шу жумладан, никоҳда эмаслигингиз ҳақидаги маълумотнома, аввалги никоҳлар тугатилганининг исботлари, паспортингизнинг тасдиқланган таржимаси, ва Ўзбекистон визаси ва рўйхатдан ўтганингизни тасдиқловчи паспортингизнинг ўзини) олиб, қаллиғингиз доимий яшайдиган ҳудуддаги ФҲДЁ бўлимига боринг. Никоҳни рўйхатдан ўтказиш учун миллий валютада давлат бадали тўланади. Жуфтликлар бадални ўзбек сўмида тўлайдилар ва тўлов тасдиқномасини ФҲДЁ бўлимига топширадилар. Никоҳни рўйхатга олиш учун 32 кун талаб этилади.
Никоҳ гувоҳномасини олинг: ФҲДЁ никоҳ гувоҳномасини беради. Мазкур гувоҳнома АҚШда бу ҳужжатни талаб қилувчи муассасалар (масалан, суғурта компаниялари) учун тушунарсиз бўлиши мумкинлиги сабабли, сиз кетишингиздан аввал, истасангиз, мазкур гувоҳномани легаллаштиришингиз мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Ҳужжатларни легаллаштириш ҳақида маълумот бизнинг Нотариал Хизматлар саҳифамизда мавжуд. Никоҳ гувоҳномасини Ўзбекистон Республикасининг Адлия Вазирлиги легаллаштиради.
Беш босқичнинг барчасидан ўтдингизми? Табриклаймиз! Энди сиз қонуний никоҳдасиз ва сизнинг никоҳ ҳақидаги гувоҳномангиз ҳам Ўзбекистонда, ҳам АҚШда қонуний кучга эга.
Ўзбекистонда қонуний никоҳни рўйхатдан ўтказиш ҳақида қўшимча саволлар билан Консуллик Бўлимига мурожаат этинг. ACSTashkent@state.gov электрон почта манзили ва +99878-120-5450 телефон рақами орқали мурожаатлар қабул қилинади.