Фуқаролик хизматлари

Сизга қайси хизмат тури керак?

Ўзбекистон фуқаролиги қуйидаги икки асосий йўл билан олиниши мумкин:

  • Туғилганда; ёки
  • Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик тўғрисидаги қонунлари ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда фуқаролик берилганда.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг бошқа ҳеч қандай чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди.

Бола қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади:

  • Бола дунёнинг қайси мамлакатида туғилганидан қатъий назар, иккала ота-онаси бола туғилган вақтда Ўзбекистон фуқароси бўлса
  • Агар ота-оналардан биттаси Ўзбекистон фуқароси бўлса ва бола Ўзбекистонда туғилса
  • Агар ота-оналардан бири Ўзбекистон фуқароси бўлса, бола Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида туғилса, лекин ота-оналардан камида биттаси Ўзбекистонда доимий истиқомат қилиш жойига эга бўлса
  • Агар ота-оналардан бири Ўзбекистон фуқароси бўлса, ҳеч бири Ўзбекистонда доимий истиқомат жойига эга бўлмаса, боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма ифодаланган келишуви билан белгиланади.
  • Ота-оналардан бири Ўзбекистон фуқароси бўлса ва иккинчиси фуқаролиги йўқ шахс бўлса, бола қаерда туғилганидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш шахсий илтимоснома топшириш орқали амалга оширилади.  Мазкур илтимоснома шахс Ўзбекистон давлати ёки давлат ва жамоат ташкилотларининг муҳим манфаатлари билан боғлиқ мажбуриятларини бажармаган бўлса, рад этилиши мумкин.  Агар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишни истаган шахс айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан қонуний кучга кирган ва ижро этилиши зарур бўлган суд ҳукми бўлса ёки шахснинг фуқароликдан чиқиши Ўзбекистон давлат хавфсизлиги манфаатларига зид бўлса ҳам, унинг илтимосномаси рад этилиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, бундай илтимосномалар Ўзбекистондан ташқарида жойлашган Ўзбекистоннинг дипломатик ёки консуллик ваколатхоналарида ҳам топширилиши мумкин.  Икки фуқаролиги бор шахснинг фуқароликдан чиқиши учун айнан Ўзбекистонга қайтиши қонуний жиҳатдан талаб этилмайди.  Илтимоснома билан мурожаат этганлар жавобларини бир йил ва ундан узоқ кутишга тайёр бўлишлари керак.

АҚШ қонунчилигида қўшфуқаролик тилга олинмаган ва бирдан ортиқ фуқароликка эга шахсларнинг бир фуқароликни танлаши талаби ҳам йўқ. Иммиграция ва Фуқаролик Актининг 349(а)(1) бўлимида АҚШ фуқаролари бошқа мамлакатда ўз истаклари билан ва АҚШ фуқаролигидан чиқиш мақсадида бошқа фуқароликни олсалар, АҚШ фуқароликларини йўқотган деб ҳисобланишлари кўрсатиб ўтилган.  Бироқ, Давлат департаментининг ягона маъмурий далолат стандартига асосан, АҚШ фуқаролари чет мамлакат фуқаролигини қабул қилганларида АҚШ фуқароликларини сақлаб қолиш мақсадларидан воз кечмаган деб ҳисобланадилар.  Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиб, АҚШ фуқаролигидан чиқишни истовчи шахслар АҚШ элчихонаси билан боғланишлари лозим.

Америка фуқароси бўлган қўшфуқаролик шахс Қўшма Штатлар ҳудудига кириб-чиқишда амал қилиб турган АҚШ фуқаролик паспортидан фойдаланиши шарт. Бироқ бундай шахслар бошқа мамлакатларга кириб чиқишда истаган қонуний паспортларидан фойдаланишга ҳақлилар.

Америка Қўшма Штатлари ўз фуқароларига виза бермайди. Бу қоида чет элда туғилган ва АҚШ фуқаролигини олишга ҳақли шахсларга ҳам тааллуқли. Бундай шахслар АҚШ фуқаролиги ҳақида ҳужжатлаштирилмаган тақдирда ҳам, туғилганларидаёқ АҚШ фуқаролигини олганлар.

Ўзбекистон қўшфуқароликни тан олмайди.  Бу мамлакат ҳар бир қўшфуқаролиги бор шахсни фақатгина Ўзбекистон фуқароси деб ҳисоблайди.  Шу сабаб, АҚШ элчихонасининг ҳам Ўзбекистон, ҳам АҚШ фуқаролигига эга шахсларга Ўзбекистон ҳудудида кўмаклашиш имкониятлари чекланган.

Ўзбекистонда қўшфуқаролиги бор шахслар дуч келиши мумкин бўлган баъзи муаммолар – солиқ тўловлари ва, эркаклар учун, мажбурий ҳарбий хизмат.

Биометрик паспорт олиш талаблари: Янги биометрик паспорт олиш ва паспортга янги чиқиш рухсатномаси қўйдириш бир неча ой муддат талаб қилиши мумкин.  Бу эса, ўз навбатида, икки фуқаролиги бор шахсларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетишларини кескин кечиктириши мумкин.  Илтимос, қўшимча маълумот учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Интернет саҳифасини кўриб чиқинг.

Биометрик паспорт билан саёҳат:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқаётган барча Ўзбекистон фуқаролари биометрик паспортга эга бўлишлари талаб этилади.
  • Ўзбекистондан АҚШга бориш учун икки фуқаролиги бўлган шахс, ёшидан қатъий назар, Ўзбекистон биометрик паспортига ва бу паспортида чиқиш рухсатномасига эга бўлиши шарт.
  • Ўзбекистон иммиграция хизмати ходимлари икки фуқаролиги бўлган шахсларга, АҚШ паспортларига қўшимча равишда Ўзбекистон биометрик паспорти ва бу паспортда чиқиш рухсатномаси бўлган тақдирда, АҚШга бориш учун Ўзбекистон ҳудудидан чиқишга рухсат берадилар. Сафар қилаётганлар мамлакатни тарк этаётганда шу ҳужжатларнинг барчасини кўрсатишга тайёр бўлишлари керак.

Эски шаклдаги, нобиометрик паспортлар билан мумкин бўлган сафарлар: Ўзбекистон фуқаролари ўз нобиометрик, эски шаклдаги паспортларидан, паспортнинг амал қилиш муддати тугамаган ҳолларда, фақатгина Ўзбекистонга қайтиб келиш учун ва Ўзбекистонга қайтаётганда бошқа мамлакатлар ҳудудидан транзит сафарлари учун фойдаланишлари мумкин. Бу рухсат 2019 йил 31 декабргача амал қилади.  Нобиометрик, эски шаклдаги паспорт муддати тугаган тақдирда, Ўзбекистон консуллик ваколатхоналари Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси беради.

Ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқароси бўлган вояга етмаган болаларнинг сафарларига чекловлар: Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ота-оналаридан бири Ўзбекистонда доимий истиқомат жойига (прописка) эга бўлган вояга етмаган АҚШ фуқароларига Ўзбекистон визасини бермайдилар.  Бундай ҳолларда, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ёки Нью Йоркдаги Консуллиги болага туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси беради.