АҚШ Давлат Департаменти чет мамлакатларда қамоққа олинган АҚШ фуқароларига нисбатан адолатли ва инсонпарвар муносабат кўрсатилишига ишонч ҳосил қилишга бел боғлаган. Биз қамоққа олинган фуқароларимизга ва уларнинг оила аъзоларига ваколатларимиз доирасида ҳамда халқаро қонунчилик, ички ва чет-эл қонунларига мувофиқ равишда кўмаклашишга тайёр турамиз.
Чет мамлакатларда қамоққа олинишингизнинг олдини олиш учун чоралар:
- Ташриф буюрган ёки яшаётган мамлакатингизнинг қонун-қоидаларига риоя қилинг
- У ердаги АҚШ қонунларидан фарқ қилиши мумкин бўлган қонунлар ҳақида аввалдан билиб олинг. Биз ҳар бир мамлакат ҳақида шу мамлакатга бағишланган саҳифаларда маълумот тақдим этамиз. Чет мамлакат ичида амал қиладиган қонунлар ҳақида билиш учун ўша мамлакатнинг энг яқин элчихонаси ёки АҚШдаги консуллиги билан ушбу мамлакатга сафарингиздан аввал боғланинг.
Агар чет мамлакатда ўзингиз қамоққа олинсангиз ёки қамоққа олинган бошқа АҚШ фуқаросини билсангиз:
- Қамоқ расмийларидан АҚШ элчихонаси ёки консуллигига хабар беришни сўранг
- Ўзингиз ҳам энг яқин АҚШ элчихонаси ёки консуллиги билан боғланиб, қамоққа олинганлик ҳақида хабар беришингиз мумкин. АҚШ элчихоналари ва консулликлари билан боғланиш маълумотлари саҳифаси ёки ҳар бир мамлакатга бағишланган саҳифалар бунда қўл келиши мумкин.
Қамоққа олинган АҚШ фуқароларига консуллик хизматлари
Чет элда АҚШ фуқароси қамоққа олинса, киши ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Айниқса, нотаниш муҳитда бўлиш, маҳаллий тил, урф-одат ва қонуний тизимни тушунмаслик шахснинг аҳволини янада мураккаблаштириши тайин.
Қуйидаги ёрдам турларини кўрсатишимиз мумкин:
- Инглиз тилида гаплаша оладиган маҳаллий адвокатлар рўйхатини тақдим этиш
- Қамоққа олинган шахс ёзма рухсат берганда, шахснинг оиласи, дўстлари ёки иш жойи билан боғланиш
- Қамоққа олинган АҚШ фуқаросидан мунтазам хабар олиш ва тегишли ҳолларда ўқиш учун материаллар ва витаминлар тақдим этиш
- Қамоқ расмийлари шахсга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатаётганларига ишонч ҳосил қилиш
- Шахсга маҳаллий жиноий-процессуал тизим ҳақида умумий тушунча бериш
- Қамоққа олинган шахсга маҳаллий ва АҚШда жойлашган жиноятдан жабрланганларга ёрдам беришга ихтисослашган ресурслар ҳақида маълумот тақдим этиш
- Агар истасалар, танлаган динларининг руҳонийлари билан қамоқда учрашиш учун қамоқ расмийлари томонидан рухсат этилишини таъминлаш
- Агар қамоқ қоидалари йўл қўйса, АҚШдаги қариндош ва дўстлар қамоққа олинган АҚШ фуқаросининг харажатлари учун пул жўнатиши мақсадида АҚШдаги Чет Мамлакатларда Фуқароларга Хизмат бўлинмаси орқали махсус траст ҳисоб-рақамини очиш.
Қуйидагиларни қила олмаймиз:
- Чет мамлакатда қамоққа олинган АҚШ фуқароларини қамоқдан чиқариб олиш
- Бирор шахснинг айбдор ёки айбсизлиги ҳақида давлат судида таъкидлаш
- Юридик маслаҳат бериш ёки чет мамлакат судида АҚШ фуқаросининг вакили сифатида қатнашиш
- Расмий ёзма ёки оғзаки таржима хизматлари кўрсатиш
- АҚШ фуқароларининг ўрнига чет мамлакатларда юридик, тиббий ва бошқа тўловларни тўлаш.