АҚШ ва Ўзбекистон маҳаллий ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотларининг сифатини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиради

Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон маҳаллий ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотларининг сифатини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиради

29 октябрь, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун Америка Қўшма Штатлари ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Фарм агентлиги) билан Ўзбекистонда “Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс” дастурини амалга ошириш юзасидан Англашув меморандумини имзолади. Мазкур меморандум USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Ребекка Блэк ва Фарм агентлиги директори Сардор Кариев томонидан имзоланди.

“Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс” дастури Фарм агентлигига унинг назорат ва бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш, дори воситалари сифатини таъминлаш тизимини бошқариш, беморлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда микробларга қарши дори воситаларига турғунлик шаклланиши билан курашишда техник кўмак кўрсатади. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг халқаро андозаларга мос равишда фаолият юритишини таъминлаш мақсадида юқоридаги дастур доирасида тегишли ишлаб чиқариш тажрибаси бўйича инспекция ташкил этилади.

Сўнгги икки йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати фармацевтика ва тиббиёт тармоқларига халқаро стандартларни жорий этиш масалаларига содиқ эканини намойиш этиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда фармацевтик маҳсулотлар ички ишлаб чиқарувчилари сонини кўпайтириш ҳамда асосий дори воситаларининг етказиб берилишини такомиллаштириш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилган. “2019-2021 йилларда республика фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони шуни намойиш этадики, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган талабни маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириш мамлакат учун асосий устувор вазифа ҳисобланади.

USAID 2014 йилдан бери силга қарши дори воситалари хавфсизлигини ошириш мақсадида Ўзбекистондаги хусусий секторни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон силга қарши дори воситаларини ички бозордан харид қилиш амалиётига ўтар экан, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган силга қарши дори воситалари халқаро сифат стандартларига мос бўлиши муҳим роль ўйнайди.

“Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс” дастури бу USAID ва АҚШ Фармакопия конвенцияси ўртасида беш йил муддатга тузилган ҳамкорлик битими ҳисобланиб, унинг мақсади паст ва ўрта даромадли мамлакатларда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини таъминлаш
тизимини барқарор равишда кучайтиришдан иборат.

Америка халқи USAID орқали 1993 йилдан бери Ўзбекистонга 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди. USAID ривожланиш бўйича етакчи халқаро агентлик бўлиб, кўзланган натижаларга эришишда катализатор вазифасини ўтайди. Қўшимча маълумот учун қуйидаги ҳаволага киринг: https://www.usaid.gov/uzbekistan/