АҚШ элчихонаси «Ари Роланд» квартетини яна Ўзбекистонда кутиб олмоқда

8-13 апрель кунлари Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Америкадаги машҳур жаз квартетларидан бири бўлган “Ари Роланд”ни Ўзбекистонда яна қарши олади. Биринчи бор ушбу квартет Ўзбекистонга 2009 йили ташриф буюрган. Бу гал квартет Тошкентда талабалар, ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик билан учрашиб, энг яхши тажриба ва ғояларни улар билан ўртоқлашади.

Квартет аъзолари қуйидагилар: Ари Роланд (бас), Стефан Шац (дўмбира), Крис Баярс (тенор-саксофон) ва Заид Насер (альт-саксофон).

band logo

“Ари Роланд” жаз квартети (Нью-Йорк) “жазнинг олтин йиллари” деб аталувчи 1930 ва 1950 йиллар оралиғидаги жаз мусиқасидан илҳомланиб, асарлар яратади. Унинг репертуаридан Чарли Паркер, Диззи Гиллеспи ва Билли Ҳолидэй каби афсонавий жаз усталарига тегишли мусиқалар, шунингдек, квартет ўзи ижод этган, олқишлар билан кутиб олинган қатор композициялар ўрин олган.

“Ари Роланд” Ўзбекистон Давлат консерваторияси, Тошкент эстрада ва цирк коллежи ҳамда Успенский номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактабида маҳорат сабоқлари ва ижодий учрашувларда иштирок этади. Квартет Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшлар билан мулоқот қилади ҳамда Jazzirama гуруҳи, Ботир Зокиров номидаги эстрада симфоник оркестри ва “Илҳом” театридаги маҳаллий мусиқачилар билан бир нечта сессияларда қатнашади. 9 апрель куни мусиқачилар Ўзбекистон Давлат консерваториясида шу даргоҳ талабалари билан концерт беради. Квартетнинг асосий концерти эса 12 апрель куни “Туркистон” саройида бўлиб ўтади, унда Ботир Зокиров номидаги эстрада симфоник оркестри ҳамда Jazzirama қатнашади.

“Ари Роланд” жаз квартетининг ушбу гастроли Ўзбекистонда ўтадиган Халқаро жаз фестивалининг бир қисмидир. Ушбу фестиваль ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Давлат консерваторияси, Ўзбекистон Давлат эстрада симфоник оркестри ҳамда «Илҳом» театри ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. У АҚШ, Франция ва Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари кўмаги ва иштирокида 8 апрелдан 8 майгача давом этади.