АҚШ Давлат департаменти
Матбуот котиби идораси
Зудлик билан тарқатиш учун
20 ноябрь 2020 йил
Қуйидаги баёнот матнини Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон Республикаси
ҳукуматлари тарқатган
Матн боши:
Икки томонлама муносабатлардаги барқарор силжиш
20 ноябрь куни АҚШ давлат департаменти Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича котиб ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов пойтахт Вашингтонда
АҚШ-Ўзбекистон йиллик маслаҳатлашувлари доирасида самарали учрашув олиб бордилар.
Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон икки мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги даври мустаҳкамланишига туртки берган давлат котиби Помпеонинг 2020 йил февраль ойида Тошкентга қилган ташрифига асосланиб, АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари янада чуқурлашиб бораётганини таъқидладилар.
АҚШнинг ушбу ҳамкорликка садоқати ва Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган ҳолда, давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Томпсон 2019 йили АҚШнинг
Ўзбекистонга кўрсатган ёрдами 100 миллион долларга ўсгани, бу кўрсаткич 2016 йилга қараганда 10 бараварга ошганини таъкидлади. АҚШ делегацияси сиёсат, иқтисод, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада чуқурлаштиришга умид билдирди ҳамда Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир карра тасдиқлади.
Томонлар ҳар икки халқ манфаатларига, шу жумладан, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликка хизмат қиладиган кўплаб соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мавжуд муҳим салоҳиятга алоҳида урғу бердилар.
Минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик
Халқаро терроризм, зўравон экстремизм, одам савдоси ва трансмиллий жиноятчиликнинг ҳам Ўзбекистон, ҳам Қўшма Штатларга жиддий таҳдид эканини эътироф этган ҳолда, томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш мақсадида
ўзаро яқин ҳамкорлик ва алмашинувни кучайтиришни қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, ҳар икки томон БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-сонли қарори доирасида террористик сафар-ҳаракатларга қарши мажбурият ва қоидаларни бажариш заруратини таъкидлади. Америка Қўшма Штатлари бу йил трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳамда қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши ташаббуслар учун 9 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатишини эълон қилди.
Томонлар Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишга содиқ эканлигини таъкидлаб, натижали муроса жараёнини илгари суриш бўйича аниқ қадамларни муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Афғонистон билан иқтисодий, савдо,таълимий ва маданий муносабатларни ривожлантириш ва Марказий Осиё билан алоқасини кучайтиришга қаратилган доимий саъй-ҳаракатларини таъкидлади. Ҳар иккала томон 2020 йил 27 майда бўлиб ўтган АҚШ-Афғонистон-Ўзбекистон уч
томонлама учрашуви ва ундан кейинги ишчи гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон, шунингдек, минтақа бўйлаб, жумладан, С5+1 формати орқали кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
Иқтисодий ислоҳот ва инвестиция
Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга интилаётганини эътироф этди ҳамда иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва шаффофлаштириш йўлидаги қадамларни
давом эттиришга рағбатлантирди.
COVID-19 инқирози иқтисодиётга катта таъсир кўрсатганини таъкидлаган ҳолда, Америка Қўшма Штатлари глобал пандемиянинг иккинчи ва учинчи тўлқини оқибатларига қарши курашда силжиётган Ўзбекистонга ёрдам беришга содиқ
эканини яна бир бор тасдиқлади.
Томонлар ўзаро савдо ва сармоялар учун имкониятлар кенгайиб бораётгани, жумладан, АҚШ экспортчилари ва харидорлари учун очиқ тендерларда қатнашиш имконияти ҳамда Ўзбекистон инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги томонидан АҚШ сармоясини қўллаб-қувватловчи махсус идора очилишига урғу бердилар.
Америка Қўшма Штатлари рақамли иқтисодиёт ва киберхавфсизлик бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш, аёлларнинг иқтисодий ҳолатини қўллаб-қувватлаш ва етакчилик имкониятларини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ҳар иккала томон биргаликда энергетика, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, ахборот-коммуникация технологиялари ва туризмни ривожлантириш соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилиш салоҳиятини таъкидлади. Америка Қўшма Штатлари
Ўзбекистоннинг ўз иқтисодий сиёсатини ислоҳ қилиш, жумладан, унинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини доимий равишда қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
Халқлар ўртасидаги алоқалар
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари умумий икки томонлама муносабатларда икки халқнинг ўзаро яқиндан муносабатлар ўрнатиши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. Томонлар бугунги ёшлар келажакда етакчи бўлиб етишиши учун уларни зарур кўникмалар билан таъминлаш мақсадида таълимий ва маданий алмашинувни кучайтириш, жумладан, АҚШ Тинчлик корпуси кўнгиллиларини Ўзбекистонга қайтариш режалари, маданий мерос дастурларини қўллаб-қувватлаш
ҳамда ўқитувчи ва талабалар учун инглиз тили, математика ва мутолаа дастурларини сезиларли даражада кенгайтиришнинг аниқ йўлларини муҳокама қилдилар.
Америка Қўшма Штатлари инсон ҳуқуқлари ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва диний эркинликни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон эришган муҳим ютуқларни эътироф этди ҳамда Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланганини мамнуният билан қабул қилди.
Ҳар иккала мамлакат ҳам Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, одам савдоси, диний эркинлик, фаол фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари соҳаларидаги ислоҳотларини қонуний томондан янада мустаҳкамлашга содиқ эканлигини тасдиқлади ҳамда ушбу элементлар узоқ муддатли фаровонлик, барқарорлик, тараққиёт, икки мамлакат ўртасидаги чуқур ва мустаҳкам дўстлик учун муҳим аҳамият касб этишига алоҳида эътибор қаратди.
Томонлар, шунингдек, таълимий, профессионал ва етакчилик имкониятларини кенгайтирувчи янада кўпроқ гендер ва ижтимоий аҳамиятга эга инклюзив сиёсат ва амалиётнинг муҳимлигини тасдиқладилар.
Мамлакат COVID-19 ни енгар экан, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини ошириш мақсадида ҳар икки томон соғлиқни сақлаш, жумладан, юқумли касалликларга қарши курашиш ва муҳим тиббий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга содиқ эканини изҳор этди.
Томонлар ўз ҳукуматларининг АҚШ-Ўзбекистон йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларини Стратегик ҳамкорлик мулоқоти даражасига кўтариш тўғрисидаги қарорини эълон қилдилар.
Ушбу Мулоқот доирасида, Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий ва инсоний ўлчамлар бўйича янада яқинроқ ҳамкорлик қилишни давом эттиришни кўзлайди.
Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Томпсон ва ташқи ишлар вазири Комилов бундай биринчи Мулоқотни 2021 йили Тошкентда ўтказишга умид билдирдилар.