«Harlem Globetrotters» жамоаси баскетбол ўйинини ёшлар орасида тарғиб қилиш учун Ўзбекистонга келди

Жорий йилнинг 29 апрелидан 4 майига қадар Американинг «Harlem Globetrotters» жамоаси «T.E.A.M Up at School» дастури доирасида баскетбол ўйинини ёшлар орасида тарғиб қилиш ва буллингга қарши курашишиш мақсадида юртимизга ташриф буюради.

«Harlem Globetrotters» ташрифи Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ элчихонасининг спортни ривожлантириш ҳамда буллингга қарши курашишдаги кенг кўламли ташаббуси ҳисобланади.

“Баскетбол АҚШдаги энг машҳур спорт турларидан бири ҳисобланади. Биз ҳам ўз навбатида баскетболни Ўзбекистонда ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз. Чунки бу спорт тури жамоада ишлашни ўргатишга имкон яратади. АҚШда баскетбол ўйинига болаларни жалб қилиш орқали жиноятчиликни камайтириш дастурлари муваффақиятли амалга оширилган. Ўйлашимча, бу тажриба биз учун ҳам фойдали бўлади. Ушбу лойиҳа доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган бешта ташаббуснинг иккинчисини амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз», – дея таъкидлади Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

«Harlem Globetrotters» аъзолари Фатима Листер (TNT) ва Жулиус МакКларкин (Zeus) мамлакатимизга ташриф буюриб, АҚШнинг Буллингга қарши миллий кампанияси яратган, T.E.A.M Up at School дастури доирасида қатор маҳорат дарсларини ўтказишлари режалаштирилган.

T.E.A.M Up at School дастури ўқувчиларга буллинг билан курашишда кўмак беради. T.E.A.M. – гапирмоқ (talk), раҳм қилмоқ (empathize), сўрамоқ (ask) ва мобиллашмоқ (mobilize) маъноларини англатади.

«Ўқувчилар учун қулай ўқув муҳитини яратиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдан фахрланамиз. Ёшлар ҳамжиҳатликда ишлашни ўрганиб, турли хил келишмовчиликларни зўравонлик билан эмас, балки мулоқот билан келишишни ўрганса, мактаблар болалар учун хавфсиз масканга айланиши мумкин, – дейди АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцер.

Ушбу дастурнинг очилиш маросими 29 апрель куни Тошкент шаҳридаги 211-мактабда бўлиб ўтди. «Harlem Globetrotters» вакиллари мазкур тур давомида юртимиз бўйлаб буллингга оид тақдимотларини Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида 60 дан ортиқ мактабларга намойиш этади. Бир ярим соатлик дастур давомида баскетболчилар турли хил ўйинлар орқали ўқувчи ва ўқитувчиларга зўравонликка қарши курашишни тушунтириб беради. Маҳорат дарслари якунида иштирокчиларга «Harlem Globetrotters» гуруҳи сертификатлар топширади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида АҚШлик профессор Лори Вульф мактаб ўқитувчилари ва психологларига ижобий психология усуллари бўйича бир қатор семинарлар ўтказади.
«Harlem Globetrotters» баскетбол жамоаси 1920 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар акробатик ва цирк услубига яқин, шунингдек  унутилмас томошаларни намойиш этиб келмоқда. «Harlem Globetrotters» чиқишларини ҳар йили 1,5 миллион аҳоли кузатиб боради. Баскетбол жамоаси ва унинг асосчиси Эйб Саперстен Баскетбол шон-шуҳратлари залига киритилган.

«Harlem Globetrotters» жамоасининг ташрифини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ Давлат департаменти уюштирди.