Нур-Султон, Қозоғистон, 2 февраль – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилаётган иккинчи йиллик медиа ва рақамли саводхонлик бўйича инновацион семинар – MediaCAMP Эдьютон 2021 старт олди. Мазкур онлайн тадбир Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги университетларнинг ўқитувчилари, муаллимлар, медиа-тренерлар ва медиа ҳамда рақамли саводхонлик соҳаси мутахассисларини жамлаган. Беш кун давомида ОАВ ва рақамли технологиялар соҳасидаги халқаро ва маҳаллий мутахассислар раҳбарлиги остида иштирокчилар рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда матбуот ва турли аҳоли қатламлари учун рақамли саводхонлик машғулотларида иштирок этадилар ва интерактив таълим бўйича лойиҳалар устида иш олиб борадилар.
USAID нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий миссияси директори Кристофер Эдвардс тадбирни очар экан пандемия инсонларнинг ахборот олишига қандай таъсир қилганига эътибор қаратди: «Дезинформация, миш-мишлар, тўқима ва ёлғон хабарлар, шунингдек, фитна назариялари вируснинг ўзига қараганда тезроқ тарқалмоқда. Айнан шунинг учун ҳам бизнинг медиасаводхонликни ошириш бўйича биргаликдаги ҳаракатларимиз катта аҳамиятга эга. Инсонларда танқидий фикрлашнинг мавжудлиги ва ахборот манбаларини фарқлай олиш ўта муҳим”.
Эдьютон – бу турли аҳоли қатламлари ўртасида медиа саводхонликни ошириш бўйича самарали лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун очиқ ва ижодий майдон. Эдьютон иштирокчилари, шу жумладан талабалар, фаоллар ва ОАВ ходимлари турли хил аудиторияларга мослаштирилган оригинал медиа саводхонлик лойиҳалари билан янги ахоли қатламларини қамраб, минтақадаги оммавий ахборот воситалари ва рақамли саводхонликни оширишга ўз ҳиссаларини қўшадилар.
“Глобал пандемия даврида медиа ва рақамли саводхонлик даражасини ошириш зарурати ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этиши маълум бўлди. Дунё COVID-19 ва эмлаш тўғрисида жуда кўп миқдорда нотўғри маълумотлар воситасида инфодемия билан тўқнашмоқда. Боз устига, ушбу муаммоларни онлайн форматда ҳал қилишга тўғри келяпти, бу эса жуда мушкул вазифа. Аммо онлайн машғулотлар жозибадор ва қизиқарли бўлиши мумкин ва биз буни Эдьютон пайтида намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Жорий йилда биз интерактив усуллар, ўйинлар ва визуализацияга катта эътибор қаратмоқчимиз”, – деди ўз чиқишида Марказий Осиё MediaCAMP дастури раҳбари Марат Бигалиев.
Марказий Осиё MediaCAMP дастури Эдьютон жараёнида ишлаб чиқилган энг истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлайди.
Марказий Осиё MediaCAMP дастури АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилади ва Internews томонидан амалга оширилади. Дастур Марказий Осиёда мувозанатли ахборот муҳитини ривожлантиришга, ёшлар ва кекса ёшдаги одамлар ўртасида фикр алмашиш, турли фикр ва қарашлар бўйича очиқликни ривожлантириш, шунингдек, имкон қадар кўпроқ фуқароларни жамият ҳаётига жалб қилишга қаратилган. USAID ривожланиш бўйича етакчи халқаро агентлик бўлиб, барқарор ривожланишга эришишнинг катализатори ҳисобланади.
Қўшимча маълумотлар: USAID Марказий Осиёда: https://www.usaid.gov/central-asia-regional, Марказий Осиё MediaCAMP дастури: https://ru.internews.kz/mediacamp/, Internews: https://internews.org/about-us, Internews Қозоғистон: https://internews.kz/