8 март куни биз хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда улар ўзига хос муаммоларга йўлиқишда давом этаётганини тан олган ҳолда Халқаро хотин-қизлар куниини нишонлаймиз. Дунё бўйлаб хотин-қизлар учун ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтириш Америка Қўшма Штатлари учун устувор вазифалардан бири саналади. Давлат котиби Майк Помпеонинг таъкидлашича, гендер нотенгликка ечим топиш бу тез битадиган иш эмас, балки кўп ҳаракат талаб этадиган вазифадир. Гендер нотенгликка барҳам бериш учун вақт ва шижоат керак бўлади, аммо агар биз тинчлик ва фаровонликни истасак, у ҳолда инклюзив жамиятлар қуриш йўлида қатъият билан олдинга силжимоғимиз керак.
Ўзбекистон бошланғич ва ўрта мактабда гендер нотенгликка барҳам бергани таҳсинга сазовор. Ўзбекистондаги хотин-қизлар таълим олишда тенгдирлар. 2017 йили қизлар бошланғич таълим соҳасида 50%ни, ўрта мактабда эса 54%ни ташкил этган. Ўтган йилги статистик маълумотга кўра, олий таълим соҳасида хам хотин-қизлар сони ортган ва талабаларнинг 40% хотин-қизлар бўлган, бу 2011 йилдаги кўрсаткичдан 36% кўп демакдир. Хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси эса 99,98%ни, яъни дунёдаги энг юқори кўрсаткичардан бирини ташкил этади. Ўзбекистон бундай ютуқлардан фахрланса арзийди.
Иш жойларида Ўзбекистонда ҳануз гендер нотенглик кузатилмоқда, бу масалага кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон статистика қўмитасига кўра, 2017 йили иқтисод соҳасида эркакларнинг 61,5%, аёлларнинг эса 38,5% меҳнат билан банд бўлган. БМТнинг хабар беришича, ўрта таълим олган хотин-қизларнинг фақат 35% ишлайди, олий муълумотли хотин-қизларнинг 68% иш билан таъминланган. Меҳнат қилаётган хотин-қизлар қанча кўп бўлса, оила тушуми ва мамлакат иқтисодий ўсиши учун шунча яхшидир.
АҚШ элчихонасидаги фаолиятим давомида хотин-қизларнинг ғайрат, ижодкорлик ва ўзига ишонч билан ишимизга қўшаётган ҳиссаларига гувоҳ бўлиб келмоқдаман. Яқинда икки нафар ўзбекистонлик ажойиб аёл Халқаро етакчилар ташриф дастури доирасида Қўшма Штатларга сафар қилиб, асосан хотин-қизларга технология ва касб таълими бўйича таълим бериш орқали фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун янги ғоялар билан қайтди. “TechWomen” дастури хотин-қизларни фан ва технология соҳасида профессионал ва академик фаолият олиб боришга руҳлантиради. Ўзбекистон инновация ва тараққиётни рағбатлантиришга катта эътибор қаратаётган бир паллада хотин-қизлар мамлакат ривожи учун кўп нарсаларни таклиф қилиши мумкин.
Сиёсат соҳасида ҳам хотин-қизларнинг овози муҳим ва илҳомбахшдир. Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева ва Сенатор Светлана Ортиқовани ижтимоий ва меҳнатга оид ислоҳотларни ишонч ва садоқат билан тарғиб қилаётган аёллар сирасига киритса бўлади, аммо Парламентдагиларнинг фақатгина 16%, вазирларнинг эса 5%игина аёллардир. 25 йил ичида биронта ҳам аёл киши вилоят ҳокимлигига тайинланмади. Ўзбекистон бу жараённи бошлаб, мақтовга сазовор иш қилди, бироқ бу муҳим кунни нишонлар эканмиз, Ўзбекистондаги хотин-қизлар гендер тенгликка эришишдаги навбатдаги босқичга тайёр эканлигини тан олишимиз керак.
Жаҳон банки, Бутунжаҳон иқтисодий форум ва Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг кўрсатишича, хотин-қизлар меҳнат фаолияти билан самарали ва тўла шуғулланган жамиятлар тобора барқарор ва фаровон бўлиб боради. Шунга ишончим комилки, Ўзбекистондаги хотин-қизлар тадбиркорлик ва ҳукумат ишига тўла жалб этилса, бундан бутун Ўзбекистон фойда кўради. Гендер тенгликни тўлақонли таъминлашдай олий мақсадни амалга ошириш фурсати етди.
Алалоқибат, айнан Ўзбекистон халқининг жамоалар ривожига сармоя тикиши ва хотин-қизлар истеъдодидан тўлиқ фойдаланиши ўзига ҳавола. Албатта, гендер тенгликка бир кунда эришиб бўлмайди. Қўшма Штатларда аёллар ҳуқуқи эволюцияси осонликча юзага келмаган ва бу жараён ҳали ҳам тугаган эмас. Ўзбекистон ва бутун дунёдаги хотин-қизлар ҳаётини ҳақиқатда ҳам ўзгартириш учун биргаликда ишлашда давом этмоғимиз лозим. Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлар эканмиз, келинглар, барчамиз учун тенг ва очиқ жамият барпо этиш мақсадида биргаликда қанчалик олдинга силжиганимиз ва бу борада яна нималар қилишимиз мумкинлигини назардан қочирмайлик.
Дебора Робинсон
Миссия раҳбари ўринбосари в.б.
АҚШ элчихонаси, Тошкент