Тошкент, Ўзбекистон, 2021 йил 16 сентябр – Бугун Тошкентда Марказий Осиёда туберкулёзни интеграциялашган назорат қилиш бўйича бешинчи халқаро конференция ўз ишини бошлади. Уч кун давом этадиган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослашган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, KfW тараққиёт банки ва Силни тўхтатиш (Stop TB Partnership) ҳаракати кўмагида ташкил этилган.
Анжуманда Австралия, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Молдова, Швейцария, Тожикистон, Туркманистон, Украина, АҚШ ва Ўзбекистондан 300 дан ортиқ давлат расмийлари ва соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислар иштирок этмоқда. Тадбир ҳукуматнинг COVID-19 пандемияси даврида туберкулёзнага қарши кураш дастурларини амалга ошириш ва барқарор молиялаштириш имкониятларини шакллантиришга ва туберкулезга қарши кураш билан бир қаторда пандемия муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.
Тадбирда сўзга чиққан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм таъкидлаганидек: «Бу конференция Марказий Осиё мамлакатлари нинг хатарли, аммо даволаш имкони юқори бўлган туберкулёз касаллигининг тарқалишига қарши курашишдаги муҳим ҳамкорлиги ва интилишини намойиш этади. АҚШ хукумати Марказий Осиё мамлакатлари билан туберкулёзга қарши курашда деярли ўттиз йиллик ҳамкорликни юқори қадрлайди. Бизнинг биргаликдаги саъйи -ҳаракатларимиз аҳолининг сифатли тиббий ёрдам хизматларидан фойдаланиш имкониятини сезиларли даражада яхшилади ва ўн йил аввал кузатилган кўрсаткичларга нисбатан туберкулёз билан касалланганлар сони ва ўлим даражасининг сезиларли камайишига олиб келди».
«Силни тугатиш стратегиясининг мақсади – дунёда 2025 йилга келиб туберкулёз касаллигини 50 фоизга, ўлим ҳолатини 75 фоизга камайтириш. Ўзбекистон Миллий туберкулёзга қарши дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг туберкулёзни ташхислаш ва даволаш бўйича юқори даражали йиғилишининг мақсадларига эришишга қаратилган бўлиб, дори-дармонларга чидамли туберкулёз, болалардаги туберкулёз ва бу касалликдан даволанаётган беморларга алоҳида эътибор қаратилади. Давлат ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ва ишларни мувофиқлаштириш натижасида ЖССТ тавсиялари асосида силга қарши кураш соҳасида ўндан ортиқ меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Туберкулёзнинг барча шакллари, шу жумладан дори-дармонларга чидамли турларини даволаш билан қамраш республиканинг барча ҳудудларида 100% га етди, бу эса сил касаллигидан 90% даволаниш даражасига эришиш имконини берди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги туберкулёзнинг тарқалишини эрта аниқлаш ва олдини олиш ҳамда ташхис қўйиш ва даволашнинг универсал имкониятларини яратишга қаратилган, даволаш-профилактика муассасалари фаолиятида профилактик йўналишнинг устуворлигига алоҳида эътибор қаратмоқда », – деди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори профессор Наргиза Парпиева.
Марказий Осиё мамлакатлари туберкулёз касаллигининг тарқалишини чеклашда сезиларли ютуқларга эришганларига қарамай, унинг дори-дармонларга чидамли шакллари минтақада юқори даражада бўлиб қолмоқда. COVID -19 пандемияси вазиятни янада мураккаблаштириб, беморларнинг тиббий кўрикдан ўтиш имкониятлари пасайди.
Қўшма Штатлар ушбу юқумли касалликка қарши курашда ҳукумат ва турли манфаатдор томонлар билан фаол ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистонда USAID ва туберкулёз касаллигига қарши Миллий дастурининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари кўплаб турдаги дориларга чидамли туберкулёз касаллигини аниқлаш вақтини 90 кундан бир неча соатгача қисқартириш имконини яратди. Бундан ташқари, пандемиянинг туберкулёз касаллиги ташхисига салбий таъсирини камайтириш мақсадида, туберкулёз ва COVID-19ни бир вақтнинг ўзида текширишнинг янги тартиби ишлаб чиқилди.
Тадбир USAID томонидан Қозоғистоннинг Нур-Султон (2019); Тожикистоннинг Душанбе (2018); Қирғизистоннинг Бишкек (2017); ва Қозоғистоннинг Олмаота (2016) шахарларида туберкулез касаллигига қарши комплекс курашга бағишланган аввалги тўртта халқаро конференциянинг давоми ҳисобланади.
# # #
USAID – дунёдаги етакчи халқаро ривожланиш агентлиги ҳамда ривожланиш соҳасида натижаларга эришиш катализатори саналади. Қўшимча маълумот олиш учун USAIDнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси веб-сайти ва Facebook саҳифасига ташриф буюринг.