Бугун, Халқаро хотин-қизлар байрами кунида ҳар бир аёл ёки қиз дахлсиз ҳуқуқи бўлмиш ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлиқ баҳраманд бўладиган дунё барпо этиш учун қайтадан мажбурият оламиз.
Қиз ва аёллар ҳар куни инсон фаолиятининг барча соҳалари, жумладан, бизнес, таълим, спорт, санъат, фан, қишлоқ хўжалиги, фарзанд тарбияси ва бошқарувга улкан ҳисса қўшмоқда. Ушбу ҳисса бўлмаганда мамлакатлар иқтисодиёти инқирозга юз тутган, ҳамжамиятлар пароканда, оилалар эса барбод бўлиб кетар эди. Дунёнинг кўпгина жойларида аёллар ҳали-ҳануз иккинчи даражали фуқаро мақомидан қутулиш учун курашмоқда. Улар иқтисодий ва сиёсий фаолият билан шуғулланиши имкониятидан маҳрум этилмоқда. Айрим қизлар ҳали ўзлари бола бўла туриб, турмушга чиқиш ва фарзанд кўришга мажбурланмоқда, шу билан бирга кўп жойларда аёлларнинг жинсий аъзоларига қасддан зарар етказиш/кесишдай жинояткорона амалиёт сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, қизларга қашшоқлик ва зўровонлик домидан чиқиб, ҳаёти тизгинини ўз қўлига олиш йўлида ёрдам берувчи кучли восита – ўрта таълим дунёдаги ўн миллионлаб қизлар эриша олмайдиган орзулигича қолиб кетмоқда.
Шунинг учун мен маъмуриятим “Қизларга ўқиш имконини беринг” ташаббусини бошлаганини ва у бутун дунёдаги ўсмир қизларга сифатли таълим олиш йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишда ёрдам бераётганини фахр билан қайд этмоқчиман. Яна шуни ҳам мамнуният билан айтмоқчиманки, давлат котиби Жон Керри яқин кунларда “АҚШнинг ўсмир қизлар имкониятини кенгайтириш бўйича глобал стратегияси”ни эълон қилади. Ушбу стратегия аёлларнинг кейинги авлодини истакларига эришиш йўлида зарур воситалар билан таъминлаш масаласига давлат миқёсида ёндашув йўналишларини белгилаб беради.
Қиз ва аёлларга солаётган сармоямиз билан фақат уларга эмас, бутун сайёрага ёрдам бераётганимизни биламиз. Бутун дунёда уларга ўсиб-улғайиш ва имкониятларини рўёбга чиқариш имкони бериладиган келажак барчамиз учун порлоқ, тинч ва янада фаровон бўлиши шубҳасиз.