Мишель ва мен Америка Қўшма Штатларида ҳамда бутун дунёда ийд ал-адҳани нишонлаётган мусулмонларга энг яхши тилакларимизни йўллаймиз, шунингдек, бу йил ҳаж амалини адо этаётганларни муборакбод этамиз.
Мусулмон қўшни ва дўстларимиз ҳайит байрамига тўпланар экан, америкалик мусулмонлар дунёдаги энг йирик ва энг хилма-хил йиғинлардан бирида иштирок этаётан миллионлаб зиёратчиларга қўшилишади. Ҳаж дунёнинг турли бурчагидаги мусулмонларни – суннийлар ва шиаларни – ёнма-ён турган ҳолда самимий дуолар қилиш учун бир жойга тўплайди. У бирор қабила ёки секта, ирқ ёки динга мансублигимиз, жинс ёки ёшимиздан қатъий назар, барчамиз инсон сифатида тенг эканимизни эслатиб туради.
Ҳайит кунида мусулмонлар муҳтожларга хайр-эҳсон қилиш анъанасини давом эттириб, очлик, касаллик, зулм ва ихтилофдан азоб чекаётганларга ёрдам кўрсатишда бошқа диний жамоалар билан ҳам саъй-ҳаракатларни бирлаштиришади. Уларнинг биргаликдаги хизмати жаҳондаги Иброҳимий эътиқодларнинг таг-томири ягоналиги ҳамда жамоаларимиз тинчликни қадр-қиммат ва адолат туйғуси ила барпо этиш йўлида бирлаша олиши мумкинлигини намоён этувчи кучли бир намуна саналади.
Америка халқи номидан ушбу байрам муносабати билан энг илиқ тилакларимизни йўллаймиз. Яратган ҳожилар ва дунёдаги бошқа дин вакилларининг тинчлик-осойишталик сўраб қилган дуоларини эшитсин ва ижобат айласин. Ҳайитингиз муборак бўлсин!