АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Ўзбекистонга ташриф буюрди

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод минтақавий барқарорлик ва инклюзив тинчлик жараёнини илгари суриш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди

10 декабрь куни АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод етакчилигидаги идоралараро делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Залмай Халилзод Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашев ва бошқа хукумат вакиллари билан учрашиб, минтақавий барқарорлик ва Афғонистонда инклюзив тинчликни ўрнатиш жараёнини илгари суришга қаратилган АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича мухокамалар олиб борди. Учрашувлар чоғида Халилзод Ўзбекистоннинг Афғонистонда олиб бораётган саъй-ҳаракатларига эътибор қаратди ва Афғонистондаги барча томонларни музокаралар даврасига чорловчи минтақавий ёндашувнинг муҳим аҳамиятини алохида таъкидлади. Афғонистон халқаро терроризм платформаси бўлиб хизмат қилмаслигини таъминлаш мақсадида Афғон хукумати ва Толибон ўртасида сиёсий келишувга эришиш учун АҚШ ўз кўмагини давом эттиради, деди Халилзод.