АҚШ Ўзбекистонда ёш тадбиркор аёллар билимини мустаҳкамламоқда

2023 йил 17 февраль куни АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник Ўзбекистонда илк бор тадбиркор аёллар академиясини (AWE) тамомлаган Фарғона, Андижон ва Намангандан келган 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган 25 нафар тадбиркор аёлга сертификат топширди. AWE тадбиркорларга ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйиш, маҳсулотни бозорга чиқариш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётига ҳисса қўшишда ўзларига бўлган ишончни ошириш мақсадида тренинг ўтказди.

“Tech4Impact” АҚШда малака ошириб қайтган тадбиркор бошқараётган ННТ бўлиб, у ушбу академия ишини АҚШнинг Тошкентда жойлашган элчихонаси Халқ дипломатияси бўлими номидан амалга оширди. “Tech4Impact” бу ишда Аризона давлат университети қошидаги “Thunderbird” глобал бошқарув мактаби ҳамда “Freeport-McMoRan” мис қазиб чиқарувчи компания ўртасидаги ҳамкорлик натижасида ишлаб чиқилган «DreamBuilder» платформасидан фойдаланди.

Виртуал ва юзма-оз ташкил этилган дарсларда иштирокчилар тажрибали мутахассислар, маҳаллий мураббийлар ва АҚШ алмашинув дастурлари битирувчиларидан бизнесга оид асосий кўникмаларни ўргандилар. Дастур менежери Елена Селезнёва ва “Tech4Impact” директори Саида Юсупова қатнашчиларни амалий машғулотлар, жумладан, жорий лойиҳалар ва келгусидаги тадбиркорлик режаларини тақдим этиш ва нетворкинг орқали тадбиркорлик салоҳиятларини давом эттиришга руҳлантирдилр.

“Америка Қўшма Штатлари хилма-хил дастур ва ташаббуслар ёрдамида ўзбекистонликлар учун барқарор иқтисодий имкониятларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Мен бу ерда AWEнинг ишга туширилиши ва муваффақиятли якунланиши хотин-қизларнинг бизнес ва иқтисодиёт соҳасидаги етакчилар сифатидаги нуфузини оширганини кўришдан ниҳоятда мамнунман”,- деди элчи Ҳеник ўз табрик сўзида.

Ушбу лойиҳада иштирок этган андижонлик тадбиркор, “D-Tour” сайёҳлик компанияси раҳбари Дилдорахон Худойназарова ушбу академия тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро тажриба алмашиш учун ноёб имконият бўлганини таъкидлади. “Дастур натижасида Тошкентда қўшимча 2 та, Андижонда эса 3 та филиал очиш орқали сайёҳлик бизнесимни янада кенгайтириш имконига эга бўлдим”,- дея қўшимча қилди у.

AWE АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматларининг жамиятнинг барча соҳаларида аёллар ролини оширишга қаратилган гендер тенглик тўғрисидаги қонунларига мос келади.

Тадбиркор аёллар акдемияси (AWE) АҚШ Давлат департаментининг хотин-қизларга муваффақиятли бизнесни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун зарур бўлган билим, алоқа тармоғи ва тегишли ресурслардан фойдаланиш имконини берувчи дастурдир. Ушбу дастур аёлларнинг иқтисодий имкониятларини рағбатлантириш, улар учун зарур бўлган қобилият ва ресурслар билан таъминлаш орқали АҚШнинг гендер тенглиги ва адолат мезонлари бўйича миллий стратегиясини бевосита қўллаб-қувватлайди. Маҳаллий даражада AWE давлат ва хусусий сектордаги ҳомийлар, турли ҳамкорлар ва алмашинув дастурлари битирувчилари кучидан хотин-қизлар ва уларнинг бизнесларини рифожлантириш мақсадида фойдаланади, бу эса 80 дан ортиқ мамлакатдаги жамоаларда фаровон турмушга туртки беради: https://eca.state.gov/awe/about-awe

2019 йили тузилган “Tech4Impact”нинг асосий фаолияти Ўзбекистон ва Марказий Осиёда инновациялар, ахборот технологиялари, стартаплар, инсон капитали, яшил технологиялар, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган. https://tech4impact.uz/uz/