АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг баёноти

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманидаги АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг баёноти

Хайрли тонг, Ташқи ишлар вазири Комилов – раҳмат!

Ўзбекистонда бўлиш учун ажойиб мавриддир. Мамлакатларимиз жадал ривожланиб бормоқда, бунга Президент Мирзиёев етакчилиги асосий сабабдир.

Президент Трамп Президент Мирзиёевни 2018 йилда Оқ уйда қабул қилганидан жуда хурсанд бўлганини биламан – бу Ўзбекистон раҳбари томонидан 2002 йилдан бери АҚШга бўлган биринчи расмий ташриф эди. Ушбу ташриф Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.

Бугун ташқи ишлар вазири Комилов билан бўлган суҳбатларимдан сўнг, алоқаларимиз бундан кейин ҳам ривожланиб бораверишига ишонаман.

Ташқи ишлар вазири Комилов билан мен янги хорижий инвестицияларни жалб этиш ва иш ўринлари яратишни бошлаган Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини муҳокама қилишдан бошладик.

Биз бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун барқарор иқтисодий имкониятларни таъминлаш йўлларини муҳокама қилдик.

Биз хусусий сектор иштирокидаги инвестициялар икки мамлакатларимизга йўналишини истаймиз. Барқарор ўсишга эришиш учун янги иш ўринлари яратадиган ва фаровонлик келтирадиган инвестицияларни жалб қилишдан бошқа яхши йўл йўқ.

Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотлар давом этиши учун ўз ҳиссасини қўшмоқда. 2019 йилда Ўзбекистонда қонун устуворлиги, таълим, инглиз тилини ўқитиш, кичик бизнес ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа кўмак турларини кучайтириш учун қарийб 100 миллион доллар ажратдик.

Тез орада АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон молия сектори ва солиқ сиёсатидаги ислоҳотларни амалга оширишда техник ёрдам кўрсатади.

Бугун мамнуният билан шуни эълон қиламанки, молиявий ислоҳотларни илгари суриш борасидаги бошқа саъй-ҳаракатларимизга қўшимча равишда биз, Конгресс тасдиғидан сўнг, Ўзбекистон капитал бозорларини ривожлантиришга ёрдам бериш учун 1 миллион доллар миқдорида техник ёрдам кўрсатамиз.

Америка дўст мамлакатларнинг содиқ ҳамкори бўлгани учун биз буларнинг барини амалга оширмоқдамиз.

Шунингдек, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Мен Ўзбекистон томонини Афғонистондаги тинчлик ва ярашувни қўллаб-қувватлашга қаратилган доимий саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирдим.

Шу муносабат билан Қўшма Штатлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ва алоқаларни ривожлантириш учун бир миллион доллар миқдорида ёрдам беришини эълон қилишдан мамнунман.  Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги мустаҳкам алоқа нафақат Ўзбекистон ва Афғонистонда, балки бутун Жанубий ва Марказий Осиё ва ундан ташқарида тинчлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлари учун олқишларга лойиқдир. Ўзбекистон фуқаролик жамияти учун имкониятларни кенгайтирмоқда, мажбурий меҳнат муаммоларини ҳал қилмоқда ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига қўйилган чекловларни олиб ташламоқда.

Биз ушбу ва бошқа соҳаларда, айниқса, одам савдосига қарши фаол тергов олиб бориш ва жиноий иш қўзғатишда янада кўпроқ олға қадамларни кўришга умид қиламиз.

Ва шахсан мен учун катта аҳамиятга эга бўлган масалада, биз Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасидаги ютуқларини қўллаб-қувватлаймиз. Хусусан яқинда давлат томонидан кам сонли диний гуруҳларнинг бир нечта черковлари рўйхатдан ўтказилган.

Тез орада ариза топширган бошқа черковлар ҳам рўйхатдан ўтказилишини кутиб қоламиз. Диний эркинлик ҳимояланган жойда тинчлик ва фаровонлик ҳукм суради.

Шунингдек, мен бугун C5+1 форматидаги учрашувда ҳамкасбларим билан кўришишни интиқлик билан кутмоқдаман, бу учрашув Трамп маъмурияти Марказий Осиё бўйича ўзининг янги стратегиясини очиқлашга тайёрланаётган бир пайтда бўлиб ўтмоқда.

Бу стратегия ўз манфаатларини ўзи истагандек, ва ўзи танлаган шериклар билан мустақил равишда ҳимоя қила оладиган, суверен, барқарор ва фаровон Марказий Осиёга бўлган садоқатимизни янада кучайтиради.

Ушбу C5+1 учрашуви олти ой ичидаги иккинчи учрашувимиздир. Ушбу формат Марказий Осиё мамлакатларининг терроризмга қарши кураш ва минтақавий иқтисодий ва энергетика соҳасидаги алоқаларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришнинг тобора самарали усулига айланиб бормоқда.

Кўп жиҳатдан С5+1 доирасидаги ютуқларимизга Президент Мирзиёевнинг «яхши қўшничилик» сиёсати туфайли эришилди.

Кеча Қозоғистонда ва бугун шахсий учрашувларимда айтганимдек, С5+1 йиғилишида Синцзяндаги уйғур мусулмонлари, қозоқлар ва бошқа кам сонли гуруҳларга қарши Хитой Коммунистик партиясининг қатағонлари ҳақида гапиришни режалаштирмоқдаман.

Синцзян масаласида Американинг очиқ-ойдин сўз юритиши, ҳар ерда эркинликни ҳимоя қилишга қаратилган мажбуриятимизни акс эттиради. Марказий Осиё давлатлари бу мажбуриятни чорак асрдан кўпроқ вақт давомида ҳис қилиб келишмоқда.

Ушбу муҳим сафар дорасида мени қабул қилганлари учун Ташқи ишлар вазири Комилов ва Президент Мирзиёевга яна бир бор ташаккур билдирмоқчиман.