АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Вена, Бишкек, Самарқанд, Остона, Душанбе ва Ашхободга сафари

28 октябрдан 3 ноябргача давлат котиби Жон Керри Австрия, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилади.

Венага сафари чоғида АҚШ давлат котиби Сурияда давом этаётган инқирозни муҳокама қилиш мақсадида чет эллик ҳамкорлари билан икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар ўтказади.

Шундан сўнг, Жон Керри Бишкек, Самарқанд, Остона, Душанбе ва Ашхободга келиб, минтақа  мамлакатларининг юқори лавозимли амалдорлари билан икки томонлама музокаралар олиб боради. Бу АҚШ давлат котибининг Марказий Осиёга қилаётган илк ташрифидир. Битта сафар давомида давлат котиби бирданига Марказий Осиёдаги барча бешта мамлакатга ташриф буюради.

Бишкекда АҚШ давлат котиби Марказий Осиёдаги Америка Университетининг янги кампуси ҳамда АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросимларида қатнашади.

Самарқандда Жон Керри бешта мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари билан қўшма учрашувда иштирок этади. Бу “С5+1” номли Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё республикалари ўртасида тузилган янги форматдаги мулоқот бўлиб, у АҚШ давлат котиби ва бу мамлакатлар ташқи ишлар вазирларига минтақа ва глобал миқёсдаги имкониятлар ва муаммоларни муҳокама қилишга имкон беради.

Остонада АҚШ давлат котиби тўртинчи Америка-Қозоғистон Стратегик шерикчилик мулоқотида қатнашади, шунингдек, у Назарбоев университетида глобал масалаларни ҳал қилишда Марказий Осиёнинг роли мавзусида маъруза қилади.

Ашхобод ва Душанбеда Жон Керри ҳукуматнинг юқори лавозимли вакиллари билан ўзаро манфаатли қатор икки томонлама ва минтақавий масалаларни муҳокама қилади.

АҚШ давлат котиби Жон Керрининг сафари ҳақида Twitter орқали – @JohnKerry ва @StateDept, Flickr да Дават департаменти саҳифасидаги фотосуратлар орқали ҳамда http://blogs.state.gov/socials дан маълумот олиш мумкин. АҚШ давлат котибининг барча сафарлари ҳақидаги маълумотлар қуйидаги ҳаволада мавжуд: http://www.state.gov/secretary/travel/index.htm