АҚШ Давлат департаменти Таълим ва маданият масалалари бюроси қошидаги Маданий мерос маркази директори Эрик Катальфамо ҳамда маданий меросни ўрганиш бўйича таҳлилчи Энн Комптон маданий алоқаларни чуқурлаштириш мақсадида 9 кун давомида Ўзбекистонда бўлди.
Меҳмонлар Ўзбекистон ҳукуматининг археологик ва этнологик материаллар бўйича маданий бойлик тўғрисидаги икки томонлама битимга оид сўровига тайёргарлик кўришга қаратилган учрашувларда иштирок этдилар ва турли жойларга ташриф буюрдилар. Агар маъқулланса, бундай битим маданий бойликларнинг маълум бир турларини Қўшма Штатларга импорт қилиниши борасида чекловларни юзага келтириб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун асос яратади. Импорт чекловлари эса талон-тарож қилинган объектларнинг АҚШга киришига тўсқинлик қилиб, Қўшма Штатлар учун бу объектларни улар келиб чиққан мамлакатга қайтаришни осонлаштиради.
Маданий мулк бу инсоният тарихи ва маданиятлар хилма-хиллигини ўрганиш учун муҳим бўлган ноёб ва қайта тикланмайдиган манбадир. Маданий бойликларнинг умумий турларига археологик ашъёлар, нодир қўлёзмалар ва маросимларда фойдаланиладиган буюмлар киради. Ушбу объектлар жамоанинг ўзига хослиги ва амалиёти учун муҳим бўлиши, бирор гуруҳга оид маданий мероснинг бир бўлаги сифатида тан олиниши ҳамда қонун ёки анъаналар билан ҳимояланиши мумкин. Маданий мерос маркази (МММ) маданий бойликларни ноқонуний савдодан ҳимоя қилиш ҳамда халқаро кўргазмалар ва тадқиқот учун маданий бойликларнинг қонуний алмашинувини рағбатлантириш бўйича АҚШ сиёсати ва дастурларини ишлаб чиқишда асосий роль ўйнайди.
Битим тузиш ҳақида қарор қилишдан аввал, Маданий мерос маркази одатда мамлакат маданий мероси бўйича чуқур тадқиқотлар олиб боради. Ташриф давомида МММ делегацияси маданий меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш билан шуғулланувчи миллий хизматлар ҳамда Ўзбекистон қонунларини ҳимоя қилиш ва ижро этишга масъул ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистонда Эрик Катальфамо ва Энн Комптон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Божхона қўмитаси расмийлари, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор ташкилот вакиллари билан маданий мулк бўйича келишувга эришиш учун йўл харитасини яратиш ҳақида гаплашди. “Биз Ўзбекистонга ташриф буюриб, унинг бой маданий меросини ўз кўзимиз билан кўришдан жуда хурсандмиз ва ҳукуматнинг уни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз”,- деди Катальфамо.
Қўшма Штатлар билан 25 та давлат маданий мулк тўғрисида битим тузди ҳамда америкалик ҳамкасблари билан консервация техникаси, тарихий муҳофаза бошқаруви, халқаро кўргазмалар учун музей кредитлари, музей коллекцияларини сақлаш ва бошқариш ҳамда объектлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтирди.
Қўшма Штатлар Ўзбекистон маданий меросини асосан АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси (AFCP) орқали асраб-авайлашни қўллаб-қувватлади. Элчи жамғармаси 2001 йилдан буён Ўзбекистонда 14 та лойиҳа, жумладан, Хивадаги 19-асрга оид Тошҳовли саройини сақлаб қолиш ҳамда Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги бир қанча коллекция ва тарихий биноларни асараб-авайлаш учун 900 минг долларга яқин маблағ ажратди.