Good afternoon ladies and gentlemen, Ассалому алайкум, Здравствуйте.
Нутқимни бошлашдан аввал яқиндагина Париж ва Байрут шаҳарларида содир этилган террорчилик хуружларининг қурбонларини хотирлаб, бир дақиқа сукут сақлашни таклиф қилмоқчиман. Ушбу воқеалар биз учун яна бир эслатма бўлди – бугун таълим ҳақида баҳс юритган ҳолда, эътиборимизни ёрқин ва ижобий келажакка қаратар эканмиз, бундай фикрга қарши чиқадиганлар ҳам бор.
Президент Обама бўлиб ўтган ҳодисаларни маданий жиҳатдан ривожланган дунёга қарши ҳужум деб номлади. Келинг, қурбонларни хотирлайлик ҳамда фикрларимиз равшанлигини сақлаб қолиш учун саъй-ҳаракатларимизни янада оширган ҳолда, бирдамроқ ва хавфсизроқ дунё яратиш йўлида биргалашиб меҳнат қилайлик.
Бугун биз АҚШ Давлат департаменти ва АҚШ Таълим департаментининг қўшма ташаббуси бўлган Халқаро таълим ҳафталигини нишонламоқдамиз. Ушбу тадбир халқаро таълим ва бутун дунё бўйлаб амалга ошириладиган алмашинув дастурларининг афзалликларини нишонлаш учун ажойиб имкониятдир.
Халқаро таълим ҳафталиги АҚШ ҳукумати америкаликларни глобал муҳитга тайёрлашга, шунингдек хорижлик бўлажак раҳбарларни Қўшма Штатларда ўқиш, ўрганиш ва тажриба алмашиш учун жалб қилишга қаратилган дастурларни қўллаб-қувватловчи йўлларидан биридир.
Сўнги 16 йил мобайнида Халқаро таълим ҳафталиги доирасида минглаб тадбирлар ўтказилган бўлиб, улар халқаро таълим ва алмашинувларнинг афзалликларини очиқ-ойдин намойиш этмоқдалар.
Ушбу ҳафта мобайнида Элчихона ҳар куни тадбирлар ўтказади ва уларнинг давомида Ўзбекистон аҳолисига Қўшма Штатларда таҳсил олиш бўйича турли имкониятлар ҳақида маълумотлар тақдим этади. Бугун сизлар АҚШ ҳукуматининг алмашинув дастурлари ҳақида эшитасизлар, бизнинг битирувчиларимиз эса ўзларининг АҚШдаги тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Ҳафта давомида биз коллежга қабул қилиш жараёни ҳақида суҳбатлашамиз. «АҚШда таълим» (EducationUSA) Маркази талабалар коллежларнинг виртуал кўргазмасида иштирок этишлари учун таништирув кечасини ўтказади, ҳафта якунида эса мен барчангизни кино кўришга таклиф қиламан!
Мен битирувчиларимиз ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб беришлари учун уларга кўпроқ вақт бермоқчиман, аммо уларга сўз навбатини беришдан аввал, рухсат берсангиз, халқаро таълимга, хусусан Қўшма Штатларда таҳсил олишга ишонч билдиришимнинг 10 асосий сабабини келтириб ўтсам.
-
Ўқишдаги муваффақиятлар: Халқаро таълим 21–асрнинг глобал ҳамжамиятида муваффақиятга эришиш учун зарурий бўлган малакалар ва касбий билимларни ривожлантиришга ёрдам беради.
-
Таълимдаги инновациялар: Қўшма Штатлар аср давомида олий таълим соҳасида инноваторлик вазифасини бажариб келган ва мактабларда компьютерлардан фойдаланишдан тортиб ОМЎОК, яъни оммавий масофавий ўқитиш очиқ курсларигача ҳаётга тадбиқ этган. Биз бугунги кундаги энг муҳим технологик янгиликларни яратган ҳамда улардан фойдаланаётган кўпчилик учун кадрлар ўчоғи бўлишдан фахрланамиз.
-
Тараққий этиш: Халқаро таълим халқаро ҳамжамият равнақи учун янада хавфсизроқ ва тараққий этган дунё қуришга ва уни сақлаб туришга ёрдам беради. Халқаро таълим ёрдамида талабалар ижтимоий-иқтисодий, маданий, сиёсий, диний ва жуғрофий чегаралардан устун келадилар. Мамлакатларни халқаро таълим орқали бир-бирига боғлаш бозорларни очишга ва савдони кўпайтиришга ёрдам беради.
-
Маданий хилма-хиллик: Хорижда таҳсил олиш дастурлари талабаларга академик жиҳатдан ривожланиш, янги маданиятлар ҳақида билиш, янги тилни ўрганиш ҳамда шахсий мақсадлар доирасини кенгайтириш имконини беради. Улар бутун дунёдан келган талабалар тўлдирган синф хоналарида бундай имкониятга эга бўладилар.
-
Ўзаро тушуниш: Афсуски камдан-кам америкаликлар ушбу ажойиб ўлка ҳақида билимга эгадирлар. Хорижда таҳсил олаётганингизда ўзга маданият ва бошқа таълим тизими ҳақида билим олиш имкониятига эга бўласиз. Бу шунингдек сизга Қўшма Штатларда Ўзбекистон элчилари бўлиш ҳамда америкаликларга мамлакатингизнинг бой анъаналари, маданияти ва тарихи ҳақида сўзлаб бериш имкониятини яратади.
-
Шахсий алоқалар: Алмашинув дастурларининг иштирокчилари ўз давлатлари ташқарисидаги оламни ўрганадилар. Уларда янги истиқболлар пайдо бўлади ва улар жаҳон бозорида имкониятларини кенгайтиришга ҳамда глобал масалаларни еча оладиган шахслар сифатидаги бўлажак салоҳиятни оширишга ёрдам берувчи алоқаларни ўрнатишни бошлайдилар. Инсонлар ва жамиятлар ўртасида алоқаларни ўрнатиш глобал масалаларни ечиш учун муҳимдир ва мамлакатларга жаҳон иқтисодиётида рақобатбардош бўлишга ёрдам беради.
-
Тилни чуқур ўрганиш: Бу ерда, Ўзбекистонда, инглиз тилини ўрганишга бўлган талаб кун сайин ошмоқда, чунки инглиз тили тобора олий таълимга эшик ва бизнинг глобаллашган дунёимизда ишга жойлашиш имкониятларига йўл сифатида хизмат қилмоқда.
-
Юқори қиймат: Мамлакатимизнинг барча 50 штатида минглаб турли хил университетлар мавжуд. Қўшма Штатларда таҳсил олиш имкониятларини ўрганар эканлар, талабалар ўқув даргоҳларининг ҳар хил, энг нуфузли ва сараларидан тортиб, вақт ва пулга юқори қиймат ва шахсий эътибор таклиф қилувчи бошланғич даражадаги муассасаларнинг турлари ҳақида маълумот оладилар.
-
Узлуксиз таълим: Узлуксиз таълимга интилиш Қўшма Штатларнинг хозирги пайтдаги олий таълим тизимида чуқур илдиз отган. Хорижда таҳсил олувчи талабалар интернет ёрдамида ёки махсус дастурлар орқали ўз университетларида ёки бошқа муассасаларда умрлари давомида ўқишларини давом эттириш имкониятига эга бўладилар.
-
Унумдорлик: Талабалар уйга қайтаёганларида ўзлари билан бутун бир оламни олиб келишади. Улар ўз билимларини, дунё ҳақидаги тушунчаларини кенгайтирадилар, янги дўстлар орттирадилар. Улар ўз анъаналарига хос маданиятнинг ва олий таълим маданиятининг энг яхши жиҳатларини ўзларида мужассамлаштирадилар. Энг муҳими, сизлар ўзингизга, оилангизга, жамиятингизга ва мамлакатингизга мен бу ерда ҳар куни кўриб турган салоҳиятга эришишга ёрдам берасизлар.
Бугун мен алоҳида мамнуният билан АҚШда таҳсил олувчи хорижлик талабаларнинг сони бу йили рекорд даражага етганини айтиб ўтмоқчиман. Бир миллионга яқин хорижлик талабалар АҚШ коллежлари ва университетларига қабул қилиндилар. Бу сўнги 35 йил мобайнида мамлакатимизда ўқишга қабул қилинган хорижлик талабалар сонидаги энг катта ўсиш суръатидир.
Шунингдек, ўзбекистонлик талабаларнинг сони 6%га ўсганини ҳам мамнуният билан қайд этиб ўтмоқчиман. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида АҚШда таҳсил олаётган талабалар сонининг энг катта ўсиш даражасидир.
Эътиборингиз учун ташаккур! Thank you for your attention! Спасибо за ваше внимание!