АҚШ элчиси Дэниел Розенблумнинг нутқи

АҚШ элчиси Дэниел Розенблумнинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига тақдим этилган ҳисобот кўриб чиқилиши натижаларига оид видеомулоқотдаги нутқи

2020 йил 30 апрел, соат 11:00.

Ассалом алайкум! Рамазон муборак бўлсин! Хайрли тонг. Ушбу муҳим тадбирда менинг ҳурматли ҳамкасбларим даврасига қўшилганимдан мамнунман. Жаноб Саидов, лутфан таклиф қилганингиз учун ташаккур. Сўнгги олти ҳафта ичида биринчи маротаба галстук тақишга бир сабаб бўлди!

Сўнгги уч ярим йил ичида инсон ҳуқуқлари соҳасида, жумладан, мажбурий меҳнатга қарши кураш, диндорларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, сўз эркинлиги учун кўпроқ имкон яратиш ва фуқаролик жамияти ташкилотларига эркинроқ фаолият юритишга йўл очиш, коррупцияга қарши кураш ва суд мустақиллигини мустаҳкамлашда муваффақиятларга эришган Ўзбекистонни табриклаш билан бошламоқчиман. Кўп йиллар давомида Ўзбекистондаги вазиятни кузатиб келганлар учун бу ютуқлар ҳақиқатан ҳам катта таассурот қолдиради.

Фрейзер хоним айтиб ўтганларидек, Ўзбекистон эришган ютуқлар билан бир қаторда такомиллаштириш керак бўлган жабҳалар хам мавжуд. Ушбу ижобий турткини давом эттириш ва бутун дунёга ислоҳотларингиз чиндан ҳам “ортга қайтмас”лигини намойиш этиш муҳимдир. Мен алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда ҳудди дунёнинг бошқа мамлакатларидаги каби, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиш ҳар доимги иш бўлиб қолади.

Бу соҳада ютуқларга эришиш учун ҳар бир мамлакат қуйидагиларни қилиши керак: доим янада яхшироқ ҳолатга эришиш, халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилиш, ташқи танқидга қулоқ солиш ва уни қалбан ҳис эта билиш ва ўз-ўзини танқид қила олиш. Бугун Ўзбекистонда булар учун зарур шароитлар мавжудлиги даражасидан катта таассуротдаман.

Фрейзер хоним БМТИҲК ҳисоботида белгилаган ва Ўзбекистон томонидан янада чуқурроқ ўрганиб ҳал этилиши керак бўлган масалаларни ёдга олди, мен эса ушбу фурсатдан фойдаланиб, мамлакатларга инсон ҳуқуқларига оид ўз халқаро мажбуриятларини бажариш, ўз халқларининг турмуш шароитларини яхшилаш, давлат бошқаруви қобилиятини кучайтиришга БМТ инсон ҳуқуқлари механизмлари қандай ёрдам бериши мумкинлигига урғу бермоқчиман.

Мен ҳукумат расмийларини ИҲК тавсияларини қабул қилишга ва фаол татбиқ этиш режасини ишлаб чиқишга қатъий равишда чорлайман. Аминманки сиз шундай қиласиз, буни нафақат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу тавсиялар муҳим деб айтгани учун, балки Ўзбекистон халқи ушбу ҳуқуқларни истайди ва бунга лойиқлигини англаганингиз учундир.

Мен ушбу саъй-ҳаракатларда Олий Мажлис ролини олқишлайман. Албатта, парламентлар қонунчилик ташаббуси билан чиқиш, қонунларни қабул қилиш ва қонунчиликни такомиллаштиришда катта рол ўйнайдилар. Лекин, шу билан бирга улар қонунлар реал ҳаётда қандай ижро этилаётгани устидан ҳам доимий НАЗОРАТ олиб боришлари керак.

Парламентнинг роли қонун қабул қилиш билан тугамайди. Мен Олий Мажлис ва Сенатни ўз қонунчилик роли ва назорат қилиш ролини олиб бориш, қонун устуворлигини кенгайтириш, ҳукумат бўйлаб шаффофликка тарғиб қилиш, ва фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш орқали ўз вазифаларини давом этишга даъват этаман.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кучли ва мустақил суд тизими барча фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий ривожланиш учун адолатли ва тенг замин яратишнинг калитидир. Бу мамлакатнинг узоқ муддатли гуллаб-яшнаши учун ягона мустаҳкам пойдевордир ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Халқаро ҳамжамият интиқлик билан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ва диний эркинликка оид қонуннинг якуний лойиҳаларини кутиб қолади. Умид қиламизки, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият ва фуқаролик жамиятидан олган фикр ва тавсияларни ҳам шу лойиҳаларга киритади. Барча фуқароларнинг ҳуқуқлари, уларнинг миллати, дини, жинсий ориентацияси ёки сиёсий қарашидан қатъи назар қонун томонидан кафолатланиши керак.

Мен ИҲК ҳисоботида келтирилган бир нечта масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман ва ушбу муаммоларни тўлиқ ҳал қилиш муҳимлигини таъкидламоқчиман. Ифода эркинлиги, тинч йиғилишлар эркинлиги ва уюшмалар эркинлиги ҳар қандай демократик жамиятнинг муҳим тамойилидир ва тараққиёт учун пойдевордир. Фаол ва сўзини эркин айта оладиган фуқаролар мамлакатнинг сиёсий ва диний етакчилари учун бебаҳо бойликдир. Улар жамоалар нима билан яшаётгани ҳақида билади ва агар уларда имкон бўлса, кўп муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадилар.

Уйдаги зўравонликка ҳеч бир замонавий жамиятда ўрин йўқ. Ҳукумат бу соҳада аллақачон иш бошлади ва биз уни бутун дунёда КОВИД-19 сабабли ўз-ўзини изоляция қилиш асносида кучайган ушбу муаммони ҳал қилишни давом эттиришга чақирамиз.

Хулоса ўлароқ, мен шуни таъкидлаб айтаманки, мамлакатингиз халқаро стандартлар ва нормаларга мувофиқ инсон ҳуқуқларини олға суришга интилар экан, Америка Қўшма Штатлари халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда Ўзбекистонга ёрдам бериш учун тайёр турибди. Ислоҳотлар йўлидан юришни давом этар экансиз ва халқаро даражада эътироф этилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун иш олиб борар экансиз, Америка Қўшма Штатларининг бардавом қўллаб-қувватлашига таянишда давом этишингиз мумкин.