Элчи Дэниел Розенблюмнинг АҚШ Мустақиллик Кунига бағишланган нутқи

14 Июн, 2022 йил

Ассалому алайкум!  Америка мустақиллигининг 246 йиллигига бағишланган тантанага хуш келибсиз! Мана уч йилдирки мен ушбу гўзал мамлакатда яшаб келмоқдаман ва шу давр мобайнида менга кўрсатилган машҳур ўзбекона меҳмондўстликнинг саноғига ета олмайман. Ўзбекистонлик дўстларим, бугун меҳмондўстлигингизга жавобан мен ҳам, унча қуюқ бўлмаса-да, сизларга америкача меҳмондўстлик кўрсатиш имконидан мамнунман!

Хонимлар ва жаноблар!  Мен айни шу жойда уч йил олдин ҳам АҚШ Мустақиллик куни муносабати билан нутқ сўзлаган эдим, ўша йили «Аполлон 11» фазо кемаси Ойга қўнганининг 50 йилигини нишонлаган эдик. Ўшанда мавзу тақозоси билан мен йиғилганларга отам Луис Розенблюм ҳақида сўзлаб берган эдим, у 30 йил давомида NASA олими бўлиб ишлаган ва АҚШ фазо дастурининг муваффақиятга эришишига ўз ҳиссасини қўшган.  Отам ўша юбилейдан уч ой олдин вафот этди ва мен унинг кимлиги ва нимага эришганлиги ҳақида жамоат билан ўртоқлашишни истаган эдим.

Бугун,  гендер тенглиги тамойилларига амал қилган ҳолда, шунингдек, мен бу инсон билан жуда фахрланишим сабабли, сизни марҳум онам Эвелин Малл Розенблюм билан таништирмоқчиман.  Эви Розенблюм умр бўйи педагогика соҳасида фаолият юритганлар, мактаб директори ва фуқаролик фаоли бўлиб,  ўзларининг тўрт нафар фарзандларини тарбиялаганлар ҳамда юзлаб бошқа болаларнинг билим олиши ва ҳаётий қадриятларига чуқур таъсир кўрсатган инсонлар.  Улар яҳудий таълим дастури учун мукофотларга сазовор бўлганлар.  Улар “Аёл сайловчилар лигаси” нодавлат ташкилоти орқали сайловчиларни ўқитишда фаол иштирок этганлар.  Уларнинг ижтимоий адолатга содиқликлари ва инсонларга чуқур ҳамдардликлари уларнинг атрофларидаги барчага ўз таъсирини ўтказган ва дунёда меҳрибонлик ва мулойимлик янада тарқалишига ҳисса қўшган. Онам, шунингдек, аёллар учун тенг ҳуқуқлик ва имкониятлар кенгайиши тарафдори эдилар ва эркак қўлидан келган нарсани аёл ҳам қила олишига ва эҳтимол, аксар ҳолларда, эркакдан ҳам кўра яхшироқ қилишига ишониш кераклигини ҳар доим менга уқтирар эдилар!

Жорий йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ташаббусларни амалга оширди. Маълумки, бу Ўзбекистон ҳукуматининг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади ва дарвоқе, бу борадаги бир қатор тадбирлар ҳукумат билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, қолганлари эса хусусий секторга, айниқса, қишлоқ ҳудудлардаги аёлларга, тадбиркор аёллар, шунингдек, STEM соҳасида таълим олаётган қизларга қаратилган. АҚШ элчихонасининг “Гендер тенглиги йили” дастури ҳақида батафсил маълумотни қўшни залдаги маълумот столларимиздан олишингиз мумкин – бу дастур ҳақида кўпроқ маълумот олинг!

Хонимлар ва жаноблар!  Омма олдида гапирганимда, француз ёзувчиси Андре Жиднинг бир пайтлар шундай деган ҳикматли сўзларини ёдда тутишга ҳаракат қиламан:  “Айтиш керак бўлган ҳамма нарса аллақачон айтилган.  Аммо ҳеч ким эшитмагани учун ҳамма нарсани яна айтиш керак».

Шундай қилиб, Жид айтган гаплар қабилида, бу нутқни ёзишни бошлаганимда, АҚШ Мустақиллик куни муносабати билан Тошкентда тўртинчи марта нутқ сўзлашим бўлар экан, дедим ўзимга.  Биринчи марта мен 2019 йил 3 июлда – айнан мана шу банкет залида нутқ сўзлагандим. Ўша нутқимда мен Америка ҳали нисбатан ёш давлат эканлигини, Ўзбекистон халқи эса ўз аждодлари орқали минг йиллик тарихга эга бўлган цивилизациялар билан бевосита боғлиқлигини эътироф этгандим. Лекин,  дедим ўша куни, ҳатто бизнинг қисқа 246 йилимизда ҳам америкаликлар камида иккита муҳим сабоқ олдилар:  Биринчиси, мустақиллик ва суверенитет бебаҳодир ва уларни ҳеч қачон ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган деб қабул қилмаслик керак; иккинчидан, бу мустақилликнинг ўзи етарли эмас – эркинлик ва раъият розилигига асосланган яхши ҳукумат бўлмаса,  миллат равнақ топмайди.

Бу тушунча, яъни Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини асраб-авайлашимиз, улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, деган тушунча оддий тушунча эмас. Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш АҚШнинг 1991 йилдан буён Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатининг асосини ташкил этади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан 30 йил ўтган бўлса ҳам, бу қараш бугунги кунда ҳам сиёсатимизнинг асоси бўлиб қолмоқда.

Бир йил муқаддам 4 июлдаги видеомурожаатимда айтганимдек, чинакам миллий мустақиллик учун ҳақиқий суверенитет бўлиши керак, бу дегани мамлакат ўзи қарор қабул қила олиши, жамият ва иқтисодиётни қандай ташкил этишни ўзи ҳал қилиши керак дегани. Шунингдек, суверен мамлакат ташқаридан босим ва пўписага қарамай бошқа давлатлар билан қандай муносабатлар ўрнатишни ўзи ҳал қилади. Аминманки, ўзбекистонлик ва америкаликларнинг аксарияти айнан шундай фикрлайди.  Ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, биз ўзимиз қайси иттифоқлар ёки уюшмалар тузишни ўзимиз ҳал қиламиз.

Бир йил аввал бу сўзларни айтганимда, бу йилги Мустақиллик кунига келиб улар нақадар долзарб бўлишини тасаввур ҳам қила олмагандим.

Ўтган тўрт ой ичида содир бўлган воқеалар шуни яққол кўрсатдики, суверенитетнинг бузилиши аҳоли орасида даҳшатли талафотлар келтиради,  суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик халқаро муносабатларнинг ҳимоя қилиниши лозим бўлган тамойилларидир. Бусиз, бизнинг дунё ўрмон қонунига қайтади, бу шундай халқаро тартибки, ҳарбий жиҳатдан қудратли давлатлар ўз хоҳиш-иродаларини бошқа халқларга зўрлаб ўтказишлари мумкин бўлади, чунки уларнинг фикрича ўша бошқа халқлар гўё яшашга ҳақли эмасдек.

Ҳамкасблар ва дўстлар! Бугун сизнинг ҳузурингизда туриб, Америка Мустақиллик кунини тўртинчи марта Тошкентда нишонлаш имкониятига эга бўлганимдан ўзимни жуда бахтли деб биламан. Бу гал ушбу байрамни юзма-юз равишда кўришган ҳолда нишонлаш ва табассум қилаётган юзларни кўриш нақадар қувончли!  Энди эса фахрий меҳмонимиз Абдулла Нигматович Арипов жаноби олийларини қутлаш мен учун катта шарафдир. Менинг тилагим шуки, стратегик ҳамкор ва сўнгги 30 йилда дўст бўлиб келаётган икки давлат равнақ топсин.

  • Ўзбекистон ва АҚШ ўз мустақиллиги ва суверенитетларини доимо ардоқласинлар. Бошқа давлатларнинг мустақиллиги ва суверенитетини ҳам ҳимоя қилайлик. Американинг ғоят донишманд «асосчи аждодларимиздан» бири ва мамлакатимизнинг биринчи дипломати Бенжамин Франклин 1776 йил 4 июлда Мустақиллик Декларациясини имзолаётганида имзо чекувчи бошқа ҳамфикрларига айтганидек: «Биз ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқармасак, бошларимизга бирма-бир сиртмоқ тушади».
  • Ўзбекистон ва АҚШ мустақилликнинг ўзи етарли эмаслигини, балки эркинлик ва яхши ҳукумат ҳам кераклигини доимо ёдда тутсинлар. Икки давлатимиз барча фуқароларимизнинг виждон эркинлиги, сўз эркинлиги, уюшма тузиш эркинлиги каби тамал ва умумбашар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга интилсинлар. Икки давлат ҳам ҳеч бир шахс ёки ташкилотнинг ҳаддан ташқари қудратга эга бўлиб кетмаслиги ёки ҳисобдорликдан қочиш имконига эга бўлмаслигини таъминлаш учун чинакам назорат ва мувозанатлар тизимига эга бўлган ҳолда, халққа хизмат қиладиган жонкуяр ҳукуматларни тузсин ва бардавом бўлсин.
  • Икки давлатимиз ҳам ана шу қадриятларни асраб-авайлашини ва эъзозлашини тилайман. Ва биз ушбу тамойилларни қўллаб-қувватлаш учун халқаро курашда бирлашамиз ва бошқаларни биз билан бирга юришга таклиф қиламиз. Агар шундай қилсак, дунё тинч ва фаровонроқ маконга айланажак. АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик эса гуллаб-яшнасин!
  • Келинг, ушбу қадаҳни мустаҳкам дўстлигимизнинг кейинги 30 йиллиги учун кўтарамиз!