АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Элис Уэллснинг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сўзлаган нутқи
Тошкент, Ўзбекистон
27 февраль 2019 йил
Муҳтарам ректор Абдувоҳитов, устоз ва талабалар, қадрли меҳмонлар! Бугунги учрашувга таклиф қилганингиз учун ташаккур!
Халқаро муносабатларни ўрганиш бўйича Ўзбекистоннинг асосий университетида туриб, мамлакатнинг бўлажак дипломатлари, сиёсий йўлбошчилари ва ишбилармонлари ҳузурида нутқ сўзлаш имконига эга бўлиш менга шарафдир. Ўзбекистоннинг дипломатик хизмати аллақачон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, собиқ Ташқи ишлар вазирлари Содиқ Сафоев ва Владимир Норов каби қатор тажрибали давлат арбоблари раҳбарлигида катта обрў-эътиборга эришди. Орангизда дипломатик фаолият билан шуғулланишни ўз режасига киритганлар шундай ажиб бир меросга ўз ҳиссаларини қўшажаклар.
АҚШ Давлат департаменти тизимида камина собиқ Совет Иттифоқидан сўнг юзага келган бешта Марказий Осиё республикалари ва бутун Жанубий Осиёдаги дипломатия ишига масъулман. Бу дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмини эгаллаган ҳудуд ҳамда ўзига хос имконият ва муаммолари мавжуд мамлакатларни қамраб оладики, булар жумласига Ҳиндистондаги тезкор иқтисодий ўсиш, Ўзбекистонда кечаётган изчил ислоҳотлар ва Афғонистонда давом этаётган можарони киритса бўлади. Гарчи муҳокама қилишимиз мумкин бўлган мавзулар кўлами кенг бўлса ҳам, бугун мен Қўшма Штатлар учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси нақадар муҳим эканига урғу бермоқчиман. Бундай аҳамиятли масалаларни тилга олар эканман, нутқимни тугатганимдан сўнг жонли савол-жавоб қилишимиз учун барчангиздан қандайдир савол ё мулоҳазалар ҳақида ўйлашни илтимос қиламан.
Хоразмлик буюк олим Ал-Беруний 11-асрдаёқ биз яшаб турган дунё илгари тасаввур қилинганидан анчагина катта эканини тушуниб етган. Жуда кўп олимлар ернинг ясси эканига ишонган пайтларда у ер шарининг нариги бурчагида ҳали ҳеч кимга номаълум бир қитъа мавжудлигини англаган. Ўша сеҳрли диёр ҳозир Америка Қўшма Штатлари ва бошқа халқлар учун ошиён вазифасини ўтамоқда. Узоқ тарихда, Буюк Искандар давридан то Италия савдо шаҳарчалари юзага келгунча, Марказий Осиё халқаро алмашув учун чорраҳа вазифасини ўтаб келган. 21-асрга келиб, биз мамлакатлар ўз ҳолича ривожлана олмаслигига амин бўлдик. Мутафаккир Ал-Беруний сингари, биз ҳам кундан-кунга ўзимиз яшаётган дунё биз илгари ишонганимиздан кўра анча кенг эканини кашф этмоқдамиз. Айни пайтда Марказий Осиёнинг тўлиқ салоҳиятини тиклаш вақти келди.
Ўзбекистон тарихнинг муҳим бир бурилиш палласида турибди. У Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат, бу ерда нимаики содир бўлса, у нафақат шу халқ, балки бутун минтақа ва ундан ташқаридаги ҳудуд келажагини ҳам белгилаб беради.
Президентингиз Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари олдидаги масъулиятни ҳис этувчи, уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ҳукумати бор, ўз қўшнилари билан конструктив муносабат ўрнатган, хорижий сармояларнинг киришига йўл очиб, уларни қўллаб-қувватлайдиган эркин иқтисоди мавжуд юксак тараққий этган, замонавий давлатга айланишини истайди. Бундай ислоҳотларни амалга ошириш осон кечмайди, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам муҳим ва Қўшма Штатлар уларни қатъий қўллаб-қувватлайди.
Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон қандай қилиб энг яхши йўлдан фойдаланиб, биргаликда олдинга силжишини тушуниш учун, бизнинг муштарак устувор вазифалар нималарда кўринишини англаб олмоқ лозим. АҚШнинг Ўзбекистонга нисбата сиёсати беш устунга асосланиб, улар Президент Мирзиёев Ўзбекистон учун белгилаб берган устуворликлар билан ҳамоҳангдир.
Энг аввало, Ўзбекистонни мустақил давлат дея тан олган биринчи мамлакат сифатида, 1991 йилдан буён бўлгани каби, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга содиқдир.
Америкаликлар учун мустақилликдан ҳам қадрлироқ ҳеч нарса мавжуд эмас, чунки у ҳар бир инсоннинг яшаш, озод ва бахтли бўлишдай ажралмас ҳуқуқини таъминлайди. Ўзбекистонда биз фикрлар ҳамоҳанглигини кўрмоқдамиз – бу халқ ташқи босимларга қарши мардона турган, хорижий кучларга қарамликдан қочган, ўз йўлидан оғишмайдиган, сиёсати ва устуворликларини ўзи белгилайдиган ҳамда иттифоқчиларини ўз хоҳишига кўра танлайдиган халқдир.
Шу маънода, биз Президент Мирзиёвнинг илғор, минтақа учун намуна бўлгулик “энг аввало қўшнилар” сиёсатини юқори баҳолаймиз. Бундай сиёсатдан нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатлар ҳам баҳраманд бўлади. Чегараларнинг очилиши, эски келишмовчиликларга барҳам бериш туфайли кўп соҳаларда, шу жумладан минтақа ва Афғонистон бўйлаб ўзаро муносабатлар ўрнатиш ва барқарорликни мустаҳкамлашда янги алоқалар кучайди.
Минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиёдаги бешта мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш мақсадида 2015 йил октябрь ойида АҚШ Давлат котиби бутунжаҳон мероси саналган Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёдаги бешта мамлакат ташқи ишлар вазирлари учрашувини ўтказишни таклиф этганди. Бу учрашув кейинчалик бизга трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш учун фойдаланишимизга туртки бўлган С5+1 дипломатик платформасини йўлга қўйишга имкон берди. С5+1 минтақа хавфсизлиги, иқтисоди ва атроф-муҳитини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, унинг ёрдамида товарлар тезроқ ва арзонроқ олиб ўтилиши учун чегаралараро транзит ва логистикани яхшилаш, фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотларни қўшни мамлакатларда ҳам сотиш имконига эга бўлишлари учун минтақавий боғдорчиликни ривожлантириш каби ишлар амалга оширилади. Ўтган йили биз истеъмолчилар учун электр энергиясидан фойдаланиш ва унинг нархини тушириш мақсадида минтақавий энергетика марказини барпо этишга қаратилган лойиҳани ишга туширдик.
Асосан Президент Мирзиёевнинг яхши қўшничилик борасидаги ташаббуси натижасида Марказий Осиёдаги бешта мамлакат ўртасида кейинги икки йил ичида содир бўлган ўзгаришлар таҳсинга лойиқ. 25 йиллик келишмовчиликлар тезда ҳал этилгани, минтақа мамлакатлари кучли, суверен давлат каби биргаликда фаолият олиб бораётганини кўриш мисли кўрилмаган ҳолатдир.
Энди АҚШнинг Ўзбекистондаги сиёсатининг иккинчи муҳим устунига ўтсак: Қўшма Штатлар бу ердаги барқарор ўсиш ва иқтисодий фаровонликни илгари суришга содиқдир. Биз хорижий сармоя киришига ҳайрихоҳлик билдириб, уни қўллаб-қувватлайдиган очиқ, шаффоф бозор иқтисодини яратишга қаратилган ислоҳотларни олқишлаймиз. Шуни мамнуният билан қайд этишим керакки, 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонда биринчи бор USAID ҳомийлигида Марказий Осиё савдо форуми ўтказилиб, унинг натижасида 56 миллион доллардан ортиқ савдо келишувлари имзоланди. Бу ўша йиллик тадбир учун рекорд кўрсаткич бўлиб, у мамлакатларимиз ўртасида янада яқинроқ иқтисодий алоқалар ўрнатиш учун ғоят кўп имконият, Ўзбекистонда бизнес қилиш учун эса катта қизиқиш борлигини намойиш этди.
Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этган ҳолда, АҚШ Савдо ишлари вазири Уилбур Росс тижорий муносабатларимизни янада фаоллаштириш мақсадида Савдо форумидан кўп ўтмай Тошкентга келди. Ташриф чоғида жаноб Росс Ўзбекистон келажаги учун сармоя киритиш, икки томонлама савдо алоқаларини кучайтириш ва шу халқ иқтисодий ривожида конструктив роль ўйнаш учун ўзбек бозоридаги янги имкониятлар билан танишиш мақсадида шу йил июнь ойида АҚШ расмий савдо делегацияси Ўзбекистонга келишини эълон қилди.
Ўзбекистон жаҳон иқтисодига қўшилишга интилар экан, Қўшма Штатлар сизнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишдай мақсадингизни қўллаб-қувватлайди, шу ниятда биз Ташқи савдо ва инвестиция вазирлигини ЖСТга аъзо бўлишда маслаҳат берувчи мутахассис билан таъминладик. АҚШ Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида яна муҳим учта шартномага қўшилганини олқишлайди. Булар сармоядорларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини ошириш йўлида қўйилган муҳим қадамлардир. Ўзбекистон ўзига жалб қилувчи бизнес муҳитини яратишда келгуси қадамларни қўяр экан, Қўшма Штатлар сиз билан бирга иш олиб боришга шай турибди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги сиёсатининг учинчи устуни шуки, ҳар икки мамлакат минтақавий барқарорликни таъминлаш ва терроризмга қарши курашда якдилдир. Шу мақсадда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимиз кейинги икки йил ичида анча фаоллашди, у 300 дан ортиқ минадан ҳимоя қилувчи автомобиль воситалари етказиб беришдан бошланиб, хавфсизлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва Президент Мирзиёев ҳукумати учун асос бўлиш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди. Ўтган йили кузда бизнинг мудофаа соҳасидаги маслаҳатлашувларимиз муваффақиятли ўтди. Май ойидаги икки Президентларимиз учрашуви натижасида бизнинг Мудофаа вазирлигимиз АҚШ Ўзбекистондаги хавфсизлик дастурини замонавийлаштиришга ёрдам бериш йўлларини кўздан кечириш мақсадида Ўзбекистонга махсус миссия юборди. Менинг ташрифим эса генерал Вотелнинг мудофаа соҳаси раҳбарлари билан учрашувидан сал ўтмай бошланди. Ҳукуматингизга бундай йиллик муҳим учрашувни ўтказгани учун раҳмат. Марказий Осиёдаги минтақавий барқарорлик ҳар доим Афғонистонни ўз ичига олади. Қўшма Штатлар Президент Мирзиёевнинг Афғонистондаги мазмунли ва инклюзив муроса жараёнини қўллаб-қувватлашдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.
Афғонистондаги ўн йиллар давомида юзага келган можародан сўнг, бизнинг мақсадимиз ҳарбий ҳаракатларни тугатиб, барқарор ва ваколатли ҳукуматни таъминлайдиган, шунингдек, Афғонистоннинг қайта халқаро терроризм ўчоғига айланмаслиги учун хавфсизлик чораларини яратадиган сиёсий келишув юзага келишига кўмаклашишдан иборатдир. Президент Мирзиёевнинг Афғонистонни Марказий Осиёга интгерация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари мақтовга лойиқ ва бизнинг Афғонистонни барқарор минтақа контекстига киритиш ҳақидаги мақсадимизга мос тушади. 2018 йил март ойида ўтган Афғонистон бўйича Тошкент анжумани Афғонистондаги ечимни сиёсий музокара орқали юқори даражада қўллаб-қувватланишга туртки берган йиғин бўлиб, у сўнгги 18 йилдаги қурбонлар ва ижтимоий ютуқларга мос қадам эди.
Биз зўравон экстремизм бутун минтақа учун жиддий хавф бўлиб қолаётганини ҳам яхши тушунамиз. Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон зўравон экстремизм ва зўравонлик учун радикаллашиш илдизларига болта уришга бирдай қизиқиш билдиради. Яқинда биз экстремистлар Марказий Осиё халқларини ўз домига оғдиришга уриниш йўлларини ўрганишга қаратилган лойиҳани ишга туширдик. Биз ҳам икки мамлакат ватандошларини ҳимоя қилиш йўлида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташклотларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга умид қиламиз.
Булар икки мамлакатларимиз ва бошқаларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон биргаликда ишлаши мумкин бўлган кўплаб соҳалардаги фаолиятга оид бир нечта мисол холос. Жиноятчи ва зўравон экстремистлар чегара билмайди. Замонавий дунёда ҳеч қайси халқ ёлғиз ўзи уларга қарши тура олмайди ва Қўшма Штатлар сиз билан бирга эканидан фахрланади.
Икки томонлама муносабатларимизнинг тўртинчи устуни – Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, асосий эркинликларни ҳурмат қилиш бутун дунёда кўпдан буён АҚШ сиёсатининг асоси бўлиб келмоқда, ва бу Ўзбекистонда ҳам шундай. Биз инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан дин эркинлигини таъминлаш ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича Ўзбекистон амалга оширган ишларни олқишлайди. Минглаб кишиларнинг “қора рўйхат”дан чиқарилиши ва виждон тутқунларини қамоқдан озод этиш таҳсинга лойиқ қадамлардир.
Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги қонун устуворлигига оид ислоҳотларни кўп йиллардан буён қўллаб-қувватлаб келмоқда. Масалан, биз мамлакат бўйлаб барча судлардаги суд ишларига оид ҳужжатлар онлайн мавжуд бўлишини таъминлаш орқали суд тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаш мақсадида бир лойиҳани маблағ билан таъминладик.
Президент ислоҳотлари туфайли юзага келган катта имкониятлардан фойдаланиб, биз бундай кўмакни тобора кўпайтириб бормоқдамиз. Кеча Адлия вазири Давлетов ва камина шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, интеллектуал мулк ҳуқуқини кенгайтириш ва фуқаролик жамияти учун ҳуқуқий муҳитни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон олиб бораётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир дастурни очдик.
Диний эркинлик ахтариб, ўз юртини тарк этган кишилар қайсидир маънода Америкага асос солган, деса бўлади. Унча кўп бўлмаган сабаблар америкаликларда катта хавотир уйғотади. Қўшма Штатлар ўтган йилда диний соҳани такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон ташлаган қадамларни тан олади. Ўз музокараларимда мен шуни таъкидладимки, янги черковларни рўйхатдан ўтказиш ва динга амал қилиш бўйича ҳимояни мустаҳкамловчи қонуннинг қабул қилиниши бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш учун кучли сигнал бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, АҚШ Ўзбекистонни пахта етиштиришдаги мажбурий меҳнат ҳамда болалар меҳнатини тугатишда эришган ютуғи билан табриклайди. Келгусида ННТларга эркин фаолият юритишга рухсат бериш ва ОАВларига тўсиқ қўймаслик Ўзбекистоннинг ўзгариб бораётганини намойиш этган бўларди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги сиёсатига оид охирги устун шуки, Қўшма Штатлар барча давомий ва маъноли муносабатлар оддий халқ ўртасидаги алоқалар устига ўрнатилганини эътироф этади. Биз кун бўйи албатта муҳим саналган мураккаб ташқи сисёсат масалалари ҳақида гаплашишимиз мумкин. Кун сўнггида эса англаймизки, икки буюк мамлакатларимизнинг халқлари ўртасида боғлаган ўзаро дўстлик ришталари чиндан ҳам катта аҳамият касб этади.
Шу боис ҳам Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан таълимий ва маданий алмашувларни кучайтиришга катта куч сарфлайди.
Президент Мирзиёевнинг Вашингтонга қилган тарихий ташрифидан буён Ўзбекистон университетларидаги америкалик инглиз тили ўқитувчилари сонини тўрт баравар оширдик. Биз бутун мамлакат бўйлаб ёшларга глобал иқтисодда муваффақиятга эришишда муҳим саналган малакаларни кучайтиришга ёрдам берадиган инглиз тили дастурларини йўлга қўйдик.
Бугун вазир Шерматов ва камина таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини имзоладик. У ўқув дастурларини замонавийлаштириш, таълим стандартларини кўтариш, инглиз тили ўқитишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўқитувчи ва талабалар алмашувини рағбатлантириш соҳаларида АҚШнинг Халқ таълими вазирлигига муҳим кўмагини ўз ичига олади.
Бунга қўшимча равишда, бизнинг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан бўлган муваффақиятли ҳамкорлигимиз Тошкентда “Америка даричаси” таълимий марказини очишимизга имкон берди. Ресурслар чекланган шаҳарларга инглиз тилидаги материаллар ва дастурларни олиб келиш мақсадида келгуси икки йил мобайнида Ўзбекистон бўйлаб яна қўшимча олтита шундай марказни очишга умид қиламиз. Бундай ресурс марказлари инглиз тили ўқитишда, шунингдек ўзбекистонлик талабалар билан АҚШда қандай қилиб таълим олиш мумкинлиги ҳақидаги ахборотни бўлишишда жуда муҳим аҳамият касб этади.
Президент Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи чоғида мамлакатларимиз кўпроқ университетлараро ҳамкорлик ва академик алмашувларни йўлга қўйишга қаратилган англашув меморандумларини ҳам имзолади. Кеча эса ўзим бевосита Президент Мирзиёвдан унинг таълимга оид ислоҳотлар ҳақидаги қарашларини эшитдим.
Дарҳақиқат, Тошкент давлат аграр университети Миссисипи давлат университети билан икки ҳафта аввал ҳамкорлик ўрнатди, у қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим олиш ва тадқиқот қилиш учун янги имкониятлар эшигини очади. Шу ой бошида эса, Ўзбекистондаги биринчи Америка университети кампусини очиш учун Вебстер университети Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасида келишув имзолади. 2018 йили, биз “Американ Кансилс” – 2006 йилдан буён Ўзбекистонга кирган биринчи Америка нодавлат ташкилоти – рўйхатга олинишини тантанали равишда нишонладик. “Американ Кансилс” каби нодавлат ташклотлари элчихонага ўз дастурларимизни тезроқ кенгайтириш ва мустаҳкамлашга имкон беради. Биз айни пайтда “Американ Кансилс” билан устувор йўналишлар бўйича Ўзбекистоннинг олий таълим тизимини мустаҳкамлашга қаратилган янги университетлараро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари устида иш олиб бормоқдамиз.
Биз иқтидорли юқори синф ўқувчилари ёки янги битирувчиларни бир йил давомида Қўшма Штатларга юбориб, америкаликларнинг оиласида яшаб, америкача мактабда ўқишга имкон берадиган алмашув дастурини қайта очишга умид билдирамиз.
Кўплаб талабалар ўз ватанларига инглиз тили кўникмалари ва Америка жамияти ҳақида кучли тушунчага эга бўлиб қайтишади, бу билан олий таълим ва глобал иқтисодда профессионал соҳада муваффақиятга эришиш учун ғоят катта имкониятларни очишади. Ушбу дастурда иштирок этиб қайтганлар мунтазам равишда чет эл университитларидаги нуфузли стипендияларни ютиб олади ҳамда бизнес ва ҳукумат идораларидаги лавозимларга энг муҳим номзод сифатида танланади. Ўзбекистоннинг ён қўшниси, Президент Ғани ва тинчлик ўрнатиш бўйича Америка-Афғонистон музокараларига масъул бўлган элчи Ҳалилзод иккиси мана шундай алмашув дастурида иштирок этганди.
Ниҳоят, Тинчлик корпусининг Ўзбекистонга қайтиши муҳим ва давомий саналмиш халқлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ҳамда инглиз тили ўқитишни кенгайтиришга имкон яратган бўларди. Тинчлик корпуси кўнгиллилари оддий америкаликлар бўлиб, улар сизнинг тарихингиз ва маданиятингизни ўрганиш, шу билан бирга америкача маданиятни сиз билан бўлишишга астойдил қизиққан кишилардир. Бу икки мамлакатларимиз узоқ муддатли дўстлик ва ҳамкорлик учун халқларимиз ўртасида янада кучлироқ алоқаларни ўрнатиш йўлида қўйган кўплаб қадамларнинг биридир.
Ҳозир чиндан ҳам Ўзбекистондаги илҳомбахш палладир, янада замонавий, фаровон ва очиқ жамият қуриш йўлидаги ўсиш палласи, сиз ҳам ўз орзуларингизга етиша оладиган жамият барпо этиладиган қулай бир фурсатдир. Бироқ, конструктив ўзгаришни ҳеч қачон оддий халқсиз амалга ошириб бўлмайди. Биз сизни фаол ватандош бўлишга, Ўзбекистон келажаги учун шахсан масъулиятни ҳис этишга ундаймиз. Ҳаммадан ҳам кўра, мен сизларни астойдил енг шимариб, янги Ўзбекистонни барпо этишда ўз ҳиссангизни қўшишга чақираман. Сиз Ватанингизга жуда кераксиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Энди саволларингизга жавоб беришим мумкин.