Мусиқа ёрдамида тинчлик ва бағрикенгликни тарғиб қилиб

3 октябрь куни 600 нафардан ортиқ меҳмон Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунларини Райҳон, “Шаҳзод” ва “Jazzirama” гуруҳи билан нишонлаш мақсадида Тошкентдаги АҚШ элчихонасига ташриф буюрди.

Ҳар йили октябрь ойида Қўшма Штатлар ва дунёнинг турли бурчакларидаги мусиқачилар мусиқа ёрдамида бирдамлик ва дўстликка илҳомлантириш, маданий ва диний тоқатсизликка қарши туриш, маданиятлараро мулоқот ва тушунишни қўллаб-қувватлаш ҳамда масъулиятли ва  мувозанатли журналистикани ривожлантириш учун бирлашади.

Бу йил Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунларини тўртинчи марта нишонламоқда. Аввалги концертларда Юлдуз Усмонова, “Ялла”, Насиба Абдуллаева ва “Офарин” раққосалар гуруҳи иштирок этган.

Тадбир давомида меҳмонлар элчи Крол ва элчихона ходимлари билан рақсга тушиб, мусиқачиларни қўллаб-қувватлаб туришди ҳамда барча халқларга тинчлик ва фаровонлик тилашди.

Дэниел Перл жамғармаси ҳомийлик қиладиган Жаҳон мусиқа кунлари халқаро концертлар тармоғи бўлиб, у мусиқа кучидан фойдаланган ҳолда биродарлик ва бирдамликка бўлган садоқатни намоён этади. Мавзсуси “Инсонпарварлик йўлидаги уйғунлик” деб аталган ушбу тадбир 2002 йили Покистоннинг Карачи шаҳрида ўғирлаб кетилиб, экстремистлар қўлида ҳалок бўлган Перл хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган. 2002 йилдан буён Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари доирасида 132 мамлакатда 11 900 дан ортиқ концерт ўтказилди.