«Project HOPE» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Ўзбекистонга дори-дармон келтирмоқда

10 май 2016 йил, сешанба куни, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Марказий Осиё минтақавий директори Жорж Дейкун ва “Project HOPE” ташкилотининг Европа ва Евроосиё бўйича минтақавий директори Мариам Сианозова инсонпарварлик ёрдами сифатида дори воситалари олиб келтирилганини эълон қилди.

“ГлаксоСмитКлайн” ва “Мерк Шарп ва Доум” томонидан беғараз тарзда тақдим этилган, умумий қиймати 2 миллион 255 минг АҚШ долларига тенг бўлган дори воситалари «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан АҚШдан Ўзбекистонга бепул етказиб берилди.

Дори воситаларини топшириш маросимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси вакиллари билан биргаликда АҚШ элчихонаси, “Project HOPE” ташкилоти ва бошқа ҳамкорлар иштирок этди.

Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини яхшилашга қаратилган ушбу дори-дармонларнинг келтирилиши давлат муассасалари, хусусий ишлаб чиқариш корхоналари ва нотижорат ташкилотларининг биргаликдаги муваффақиятли ҳамкорлиги натижаси ҳисобланади.

1992 йилдан буён АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонга 356 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда кўмак кўрсатган.

«Project HOPE» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Ўзбекистонга дори-дармон келтирмоқда