АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича муовини Томас Шеннон билан матбуот анжумани

Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Памела Спратлен хоним ҳамда

АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси муовини Дэниэл Розенблюм иштирокида

 

«Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонаси

2016 йил 29 октябрь

14:00

 

Давлат котиби муовини Шеннон: Бугунги учрашувга келиш учун вақт топганингиз учун барчага миннатдорлик билдирмоқчиман. Саволларга жавоб бериш учун тайёрман. Бу менинг Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистонга қилаётган илк сафаримдир. Ушбу сафарим давлат котиби Жон Керрининг Марказий Осиёга қилган сафари, шунингдек Марказий Осиёдаги бешта давлатни АҚШ билан дипломатик мулоқотга бирлаштирувчи С5+1 платформаси шакллантирилганлигининг бир йиллигига тўғри келмоқда. Маълумки, мазкур платформа вазирлар даражасидаги учрашувлар шаклида бўлиб, ҳозирги кунгача бундай учрашувларнинг иккитаси ўтказилди. Улардан биринчиси шу  ерда, Ўзбекистонда ўтказилган бўлса, иккинчиси АҚШда ташкил этилди. Ушбу жараён бизнинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро алоқамиз учун муҳим платформа сифатида давом эттирилади. Бевосита Ўзбекистонга келадиган бўлсак, менинг сафарим бир неча мақсадни кўзлаб амалга оширилгандир. Биринчидан, Президент Каримов вафоти муносабати билан яна бир бора ўз таъзиямизни билдириш; мен ўз сафарим давомида Самарқандга ташриф буюриб, унинг қабрига гулчамбар қўйиш имкониятига эга бўлдим. Иккинчидан, бу Ўзбекистон ҳукумати билан бизнинг стратегик мулоқотимизни давом эттириш имконияти бўлиб, унинг доирасида келажакка қаратилган кўплаб масалалар қамраб олинади; ва, учинчидан, мазкур сафар давомида биз имкониятдан фойдаланиб яна бир бора таъкидлаб ўтмоқчимиз: биз стратегик ҳамкорликка интиламиз ва ҳатто президентлик сайловлари ҳамда сиёсий ўзгаришлар арафасида турган бўлсак ҳам, АҚШ учун Ўзбекистон, бошқа Марказий Осиё мамлакатлари қаторида, доимо муҳим ва эътиборли ҳамкор бўлиб қолади. Ва ниҳоят, берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда, мен президент вазифасини вақтинчалик бажарувчига, ташқи ишлар вазирига, Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига сафарим давомида кўрсатилган улкан меҳмондўстлик ва илиқ муносабат учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Самарқандга қилган сафарим менга жуда ёқди, Самарқанд хокими эса ўзини жуда меҳмондўст мезбон сифатида намойиш этди. Ўзбекистондаги сафарим якунланар экан, мазкур мамлакат ва унинг халқи ҳақида жуда катта таассуротларга тўлиб кетмоқдаман ҳамда бу ердаги миллий, ирқий ва диний хилма-хилликка тан берган ҳолда ушбу давлат тўғри йўлда эканлигини эътироф қилмоқчиман. Шу билан, яна бир бор барчангизга келганингиз учун миннатдорлик билдирган ҳолда саволларингизга жавоб беришга тайёрман.

Элдор Асанов (Daryo.uz): Менинг исмим Элдор Асанов. Мен Daryo.uz веб-сайтиданман. Менинг биринчи саволим оддий бўлиши мумкин, лекин у жуда долзарбдир. Айтиб ўтганингиздек, бир йил аввал давлат котиби Жон Керри Ўзбекистонга ташриф буюриб, бошқа вазирлар билан биргаликда ҳамкорликнинг янги шаклига асос солдилар, аммо шу даврдан буён баъзи ўзгаришлар содир бўлди. Афсуски, биз яқинда президентимиздан айрилдик ва ҳозирги кунда АҚШ ва Ўзбекистон президентлик сайловлари арафасида турибди. Менинг саволим қуйидагичадир: сайловлардан сўнг АҚШ ва Ўзбекистон алоқаларига қандайдир тузатишлар киритилиши режалаштирилмоқдами?

Давлат котиби муовини Шеннон: Сизга катта раҳмат. Жуда яхши савол бўлди. Гапингиз тўғри, АҚШ ва Ўзбекистонда яқин орада сайловлар бўлиб ўтиши керак. Аввалроқ ташқи ишлар вазири ҳамда президент вазифасини вақтинчалик бажарувчига  айтганимдек, сафаримнинг асосий мақсадларидан бири бу Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик алоқалар муҳимлигини яна бир бора таъкидлаш ҳамда мазкур стратегик аҳамият сайловлардан кейин ҳам ўзгармаслигини Ўзбекистон ҳукуматига етказишдир. Аслини олганда, бизнинг муносабатларимиз янада муҳимроқ бўлади. Биз Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда, ҳамкорликка асосланган, Марказий Осиё ва АҚШ халқлари фаровонлигини оширишга қаратилган, Марказий Осиёдаги барча давлатлар ва уларнинг анъанавий ҳамкорлари манфаатлари инобатга олинган ижобий алоқаларни қуришга қатъий қарор қилганмиз. Шу муносабат билан, алоҳида қайд этмоқчиманки, Ўзбекистон АҚШ учун муҳим ҳамкор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Замира Азизхонова («Жаҳон» ахборот агентлиги): Менинг исмим Замира Азизхонова, мен Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Жаҳон» ахборот агентлиги вакилиман. Менинг саволим қуйидагичадир: ўртамиздаги икки тарафлама алоқалар жадал ривожланмоқда. Имкон бўлса, икки давлатимиз ўртасидаги келажакда бўладиган ўзаро алоқалар бўйича ўз фикрингизни билдирсангиз, фикрингизча, қайси соҳаларда ҳамкорлигимиз янада фаоллаштирилиши мумкин?

Давлат котиби муовини Шеннон: Саволингиз учун катта раҳмат. Бизнинг стратегик муносабатларимизнинг кўлами жуда кенг. Эътиборимиз турли соҳаларга қаратилган: хавфсизликни таъминлашга ёрдам беришдан тортиб, савдо-сотиқ, кенг кўламли минтақавий дипломатик фаолият, халқаро ташкилотлар ва муассасалар доирасидаги ишлар, шунингдек Ўзбекистон халқи билан ижтимоий ва гуманитар алоқалар, таълим соҳасигача. Бундан ташқари, кучли демократия, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳам бу доирага киради.

Юрий Черногаев (Anhor.uz): Менинг исмим Юрий Черногаев ва мен Anhor.uz веб сайтининг вакилиман. Сиз бу ерга АҚШнинг юқори лавозимли шахслари вакили бўлиб келганингиздан жуда мамнунман. Бу ҳолат Афғонистондаги ҳарбий фаолият якунига етиб бораётган бўлса ҳам, АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан қизиқиши сўнмаганидан далолат қилади. Менинг саволим: 2016 йилдаги вазият тубдан ўзгача. Марказий Осиё минтақаси қарама-қаршиликлар майдонига айланиб қолмоқда, айниқса Россия ва Хитой давлатларининг ортиб бораётган устунлигини инобатга оладиган бўлсак. Мамлакатингизнинг буюк давлат сифатидаги устунлигини инобатга олган ҳолда, сизлар ҳам Марказий Осиёда тегишли ўринга эга бўлишни режалаштирмоқдамисиз? Иккинчи саволим: Ўзбекистондаги ҳамкасбларингиз билан бўлган суҳбатларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро алоқалар ва ҳамкорликнинг тамоман янгича баҳоси тўғрисида гаплашдингизми?

Элчи Спратлен хоним: Рухсат берсангиз қўшимча қилсам – ўйлашимча, бу ерда бир нозик нуқта бор эди – бу ерда у ҳокимият вакилларидан эшитганлари.

Таржимон: Демак, президент вазифасини вақтинча бажарувчи ва бошқа юқори лавозимдаги шахслар билан бўлган суҳбатларингизда, эҳтимол улар тарафидан шу пайтгача ҳеч айтилмаган баъзи таклифлар қилингандир?

Давлат котиби муовини Шеннон: Катта раҳмат. Авваламбор, Марказий Осиё масаласига тўхталиб ўтадиган бўлсак, С5+1 шаклидаги ташаббусимизнинг, яъни Марказий Осиёдаги бешта давлат ва АҚШни ягона мулоқотда бирлаштирувчи ташаббусимизнинг асосий мақсадларидан бири Марказий Осиёнинг аҳамияти ва тутган ўрнини нафақат буюк давлатлар ўртасидаги рақобат майдони сифатида, балки глобализация ва интеграция ҳамда Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг ўз мустақиллигини, суверенитини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоялаш орқали ўзигагина эмас, будун дунёга фойда келтириши мумкин бўлган, жаҳоннинг ажойиб тарзда бой ва хилма-хил қисми сифатида кўрсатиб беришдан иборат. Биз ижобий ҳаракатлар ва ютуқлар, ҳамкорлик ва биргаликдаги фаолият билан ажралиб турувчи дастур яратмоқчимиз. Биз Марказий Осиё давлатларини, хусусан Ўзбекистонни, ўз халқларининг фаровонлиги ва гуллаб-яшнаши учун мустақил давлат сифатида тўлиқ салоҳиятига эришишларини истаймиз. Ҳукумат билан ўртамиздаги кун тартибига келадиган бўлсак, олдинроқ айтганимдек, бизнинг стратегик мулоқотимиз ва ҳамкорлигимиз кенг кўламга эга бўлиб, фаолиятнинг кўпгина соҳаларини қамраб олади, ҳам давлатлараро тадбирлар жиҳатидан, ҳам бевосита одамлар даражасида. Айтишим мумкинки, ҳозирда муносабатларнинг янгича баҳоси бизда мавжуд эмас, лекин фикримча, ўртамиздаги стратегик ҳамкорлик ривожланиб борган сари ушбу муносабатлар янада кўпроқ ва кенгроқ кўламли фаолиятларни қамраб олиши ҳамда икки мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорлик учун янада кўпроқ имконият яратиши борасидаги эътирофимиз тобора ошиб бормоқда. Биз учун бу жуда қизиқдир, чунки бу Ўзбекистоннинг фаол ва қимматли ҳамкорга айланишини англатади.

Муҳаммадшариф Маматқулов (Рейтер): Менинг исмим Муҳаммадшариф Маматқулов. Мен «Рейтер» ахборот агентлиги вакилиман. Яқинда президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи Мирзиёев Ўзбекистоннинг қонунчилик соҳасидаги устувор вазифаларидан  бири сифатида коррупцияга қарши қонун қабул қилиш бўйича Сенатга таклиф киритди. Фикрингизча, мазкур қадам Ўзбекистонга оид телекоммуникация соҳасидаги можаролар муносабати билан вақтинчалик музлатиб қўйилган маблағларни қайтаришга ёрдам берадими, хусусан «TeliaSonera» билан боғлиқ масалада?

Давлат котиби муовини Шеннон: Авваламбор, рухсат берсангиз, яқинда президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи томонидан коррупцияга қарши курашга эътибор қаратилиши ижобий қадам эканлигини қайд этсам. Бу муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва савдо ҳамкор сифатида жозибадорлигини оширади. Маблағларнинг қайтарилиши масаласига келадиган бўлсак – жавобини мен билмайман. Тушунишим бўйича, сиз айтаётган иш ҳанузгача юритувда, шунинг учун ҳам менда қандайдир тафсилотларни муҳокама қилиш ваколати мавжуд эмас, аммо айтишим мумкинки, биз коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ ҳар қандай масалалар бўйича Ўзбекистон билан ишларни давом эттирамиз.

Алексей Волосевич (Asiaterra.info): Asiaterra.info мустақил веб сайтдир, менинг исмим эса Алексей Волосевич. Ўзбекистонда кўплаб сиёсий маҳбуслар мавжуд. Президент Мирзиёев билан суҳбатингиз давомида бу ҳақда гаплашдингизми ҳамда бундай сиёсий маҳбусларни озод этиш масаласини муҳокама қилдингизми? Уларни озод қилиш бўйича ваъдалар берилдими?

Давлат котиби муовини Шеннон: Биринчидан, биз озод қилинган … улар неча нафар эди?

Элчи Спратлен хоним: Ҳаммаси бўлиб уч нафар.

Давлат котиби муовини Шеннон: Биринчидан, биз шундай маҳбусларнинг уч нафари озод этилганлигини эътироф этмоқчимиз. Биз ушбу ҳолатни Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган муҳим қадам деб ҳисоблаймиз.

Элчи Спратлен хоним: Рухсат берсангиз, аниқлик киритсам, яқинда уларнинг икки нафари озод этилди: булар Раззоқов ва Комилова, Мурод Жўраев эса ўтган йили озод этилди.

Давлат котиби муовини Шеннон: Ҳа. Шундай. Инсон ҳуқуқлари масаласи Ўзбекистон билан дастуримизнинг доимий қисмидир, аммо, Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро алоқаларимиз ривожланган сари ойдин бўлаётган нарса шундан иборатки, биргаликдаги муҳокамалар ва ишлар давомида биз туташ нуқталарни топмоқдамиз ва, ўйлашимизча, инсон ҳуқуқлари, демократия ва фуқаролик жамияти каби масалаларда фикрлар фарқи билан эмас, балки умумий мақсад билан белгиланувчи ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишимиз мумкин.

Замира Азизхонова («Жаҳон» ахборот агентлиги): Маълумки, Ўзбекистон 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик кўрмоқда. Нима деб ўйлайсиз, тайёргарлик ишлари умумий демократик тамойилларга мос келадими? Биламизки, тўртта сиёсий партиянинг ҳар бири сайлов олди ташвиқот ишлари ва бевосита сайловда иштирок этмоқдалар …

Давлат котиби муовини Шеннон: Авваламбор, қайд этмоқчиманки, Ўзбекистон ҳукуматининг ЕХҲТ кузатувчиларини мазкур сайловга таклиф қилиш ҳақидаги қарори жуда ижобий белгидир. Мазкур ҳолат Ўзбекистон ҳукуматининг ишончини ҳамда сайловларни кузатиш борасида ўз имкониятлари орқали яхши танилган ташкилот билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини кўрсатади. ЕХҲТ амалга ошираётган ишни инобатга оладиган бўлсак, улар ўз қарорини қабул қилгунча мен бирон-бир фикр билдиришим ноўрин бўлса керак, лекин биз сайлов Ўзбекистоннинг демократик ривожланишидаги яна бир муҳим қадам бўлишига ишонамиз.

АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича муовини Томас Шеннон билан матбуот анжумани
АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича муовини Томас Шеннон билан матбуот анжумани

Юрий Черногаев (Anhor.uz): Бир йил аввал давлат котиби Керри CASA-1000 лойиҳаси ҳақида эълон қилди, яъни Марказий Осиёдаги электр тармоғини яратиш лойиҳаси ҳақида. Марказий Осиёдаги барча давлатлар бундан беҳад мамнун бўлдилар, аммо ҳозирги кунга қарасак, CASA-1000 ҳалигача фақат сўзларда қолмоқда. Мазкур ҳолат дипломатлар фақат ваъдалар беришга уста бўлиб, амалий чоралар кўрмаслигига далолат бўла оладими?

Давлат котиби муовини Шеннон: Мен жаноб Розенблюмдан ушбу саволга жавоб беришни сўрайман.

Давлат котиби ёрдамчисининг муовини Розенблюм: CASA-1000 лойиҳаси тўғрисида сўраганингиз учун раҳмат. Умуман олганда, бу ҳақда давлат котиби Керри ташрифи вақтида айтиб ўтилган эди, аслида унинг ўзи бу ҳақда эълон қилмаган, балки фақат гапирган, чунки минтақадаги давлатларнинг ўзлари бу ҳақда аллақачон эълон қилган эдилар. Биласизки, бу жуда мураккаб лойиҳа бўлиб, тўртта давлатни ва молиялаштирувчи кўпгина халқаро ташкилотларни жалб қилган. Бу – иштирок этувчи ҳар бир мамлакат учун манфаатли лойиҳалардан бири бўлиб, шу билан бир қаторда амалга оширилиши жуда қийиндир. Ўтган йилнинг май ойида мен Тожикистон президенти Раҳмон бошчилигида Душанбеда бўлиб ўтган тақдимот маросимида қатнашдим ва унда тўртта давлат – Афғонистон, Покистан, Тожикистон ва Қирғизистон лойиҳани бошлаш борасидаги ўз ниятларини эълон қилдилар. Айнан ҳозир, мамлакатлар тендер савдоси иштирокчиларини, қурилиш ишларини олиб борадиган корхоналарни таклиф қилиш босқичидадирлар. Яъни, ҳозирги пайтда лойиҳа бевосида ишларни амалга оширадиган хусусий фирмаларни аниқлаш ва таклиф қилиш босқичидадир. Ва мен айтмоқчи бўлган сўнги масала, лойиҳа жуда мураккаб бўлгани учун ишлар секин илгариламоқда, лекин бу нарса энг юқори даражаларда кўринмаса ҳам, ишонтириб айтишим мумкинки, мазкур лойиҳани ҳаётга тадбиқ қилиш учун ишчи даражада жуда кўп тадбирлар амалга оширилмоқда.

Муҳаммадшариф Маматқулов (Рейтер): Бизга маълум бўлишича, президент Каримов даврида, у ғарб амалдорлари билан учрашганида, ўзининг ҳамсуҳбатлари эътиборига икки асосий хабарни етказишга ҳаракат қилган. Биринчидан – АҚШнинг Афғонистонни тарк этиш бўйича қарори хавотир туғдиришини, чунки кетиш учун ҳали эрта, шунингдек бу билан боғлиқ муаммоларни. Иккинчи хавотир Марказий Осиёдаги сув билан боғлиқ муаммолардир. Мисол учун, у Тожикистондаги Роғун ГЭСнинг ва Қирғизистондаги тўғоннинг қайта қурилиши тўғрисида гапирган. Ҳозирги президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи Мирзиёев билан учрашувингизда бу каби хавотирлар айтиб ўтилдими?

Давлат котиби муовини Шеннон: Авваламбор, биз Афғонистонни тарк этмаяпмиз. Президент Обама қўшинларнинг сонини анчагина оширди ва бизнинг Брюссель анжуманидаги иштирокимиз Афғонистон ҳукуматини ҳамда ушбу мамлакатни ривожлантириш мақсадидаги ёрдам дастурларини молиялаштиришда кўмак беришга тайёр эканлигимизни очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Шу билан бирга, президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи ва ташқи ишлар вазири билан бўлиб ўтган суҳбатларимизда биз Афғонистон муаммосини ҳам муҳокама қилдик, чунки бу ҳар икки томонни қизиқтирувчи мавзу бўлиб, бизнинг давлатларимиз Афғонистондаги хавфсизлик ва тинчликдан манфаатдордирлар. Умуман олганда, C5+1 платформаси доирасидаги мулоқот орқали биз минтақага оид кўпгина масалаларни муҳокама қилиш имкониятига эгамиз. Ташқи ишлар вазири билан биз сув ресурсларини бошқариш масалаларини муҳокама қилдик, Ташқи ишлар вазири Ўзбекистонда мавжуд бўлган баъзи фикрларни тушунтириб берди, биз ҳам ўз навбатида шимолдаги қўшнимиз Канада ва жанубдаги қўшнимиз Мексика билан сув ресурсларини бошқариш бўйича орттирган тажрибамизни улашиш имконига эга бўлдик.